Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:24

OzodlikOnline: Ҳукумат сиëсий маҳбусларни озод қилиб¸ қийноқлардан воз кеча оладими?


Ўтган ҳафта Ўзбекистондаги сиëсий маҳбуслар ҳақида янги ҳисоботини тақдим этган Human Rights Watch гуруҳи ҳукуматдан сиëсий ва диний қарашлари учун қамалган фаоллар¸ мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларини озодликка чиқаришни сўради. Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса БМТ нинг Қийноқларга қарши конвенциясига қўшилган ўзбек ҳукуматидан ўз ваъдаларини ҳалоллашни сўради. Расмий Тошкент бу сўровларни қанчалик инобатга олади? Душанба кунги жонли суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз.

Human Rights Watch ташкилоти эълон қилган 121 саҳифалик сўнгги ҳисобот “Энг сўнггига қадар: Ўзбекистондаги сиëсий қамоққа олишлар” деб номаланади ва унда мустақил Ўзбекистоннинг машҳур сиëсий ва диний арбобларининг панжара ортидаги ҳаëти тафсилотлари ҳикоя қилинади.

34 нафар сиëсий маҳбус тақдири мисолида Human Rights Watch кузатувчилари Ўзбекистон ҳукумати ўзига душман деб билган диссидентларни қамоқдан тирик чиқармаслик учун қўлланилаëтган усулларни таҳлил қилади.

Турли жисмоний ва руҳий қийноқлар¸ қамоқ муддати тугаши арафасида уларга “сабзи пўчоғини қалин олди” деган мазмундаги куракда турмайдиган айблар қўйиб¸ жазосини узайтиришлар¸ ҳуқуқ фаоллари фикрича¸ Ўзбекистон ҳукуматининг сиëсий маҳбусларга нисбатан муносабати йилдан йилга ўзгаришсиз қолаëтганидан далилдир.

Human Rights Watch ташкилоти Ғарб ҳукуматларидан бу сиëсий маҳбуслар тақдири¸ қолаверса ўзбек турмаларидаги қийноқлар борасида босим ўтказишни сўраëтган айни кунларда Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам 21 октябрдан Ўзбекистондаги қийноқларга қарши кампания бошлашини билдирди.

Мақсад қийноқларга қарши БМТ конвенцияси талабларини бажаришга Ўзбекистонни кўндиришдан иборатдир.

Ташкилот эксперти Жулия Холлга кўра, бир ярим йилга мўлжалланаётган кампания доирасида Ўзбекистондаги қийноқ фактлари ҳужжатлаштирилиб, БМТга топширилади.

1995 йилда Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини имзолаганига қарамай, қийноқлар мунтазам равишда давом этаётгани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати нуфузли Ғарб ҳуқуқ ташкилотларининг йиллардан бери қилиб келаëтган бундай сўров ва мурожаатларини инобатга оладими?

Ўзбекистоннинг Ғарбдаги иттифоқчиларичи?

Тошкент раҳбарлари¸ ўзлари истаган тақдирда қийноқларни тўхтатишга қодирми?

Бу ҳақдаги фикрларингизни душанба¸ 6 октябрь куни Тошкент вақти билан 19:05 дан 20:00 гача давом этадиган жонли суҳбатимизда OzodlikOnline, OzodSkype ва OzodOvoz Skype манзилларига боғланиб¸ жамоатчилик билан ўртоқлашинг!

XS
SM
MD
LG