Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:19

"Исломий давлат"ни нима ушлаб турибди - пул ёки ғоя?


"Исломий давлат" гуруҳи жангарилар 300 дан 2000 АҚШ долларига қадар маош олаётгани ҳақида хабарлар берилмоқда. Шу йил 29 июнда халифалик эълон қилган гуруҳнинг бир кунлик соф даромади камида 2 миллион АҚШ долларига етгани айтилди. Оқибатда, бу жангариларни бирлаштириб турган омил ғоями ёки пул, деган баҳс қизиб бормоқда.

"Исломий давлат" ғазнаси 3 йўл билан тўлдирилмоқда:

Бирлашган Араб Амирликларида чоп этиладиган инглиз тилидаги The National нашри Бағдоддаги манбаларига таянган ҳолда “Исломий давлат”(ИД)нинг молиявий тизими ва бюжети ҳақидаги бир мақолани чоп этди.

Мақолада ёзилишича, Бағдодий қураётган давлат бюджет тизими – Сурия ва Ироқда эгаллаб олинган заводлардан олинаётган нефтнинг ноқонуний савдоси, ИД ҳудудидаги тадбикорлардан ундирилаётган солиқ ва ўғирланган шахсларни озод қилиш эвазига ундирилган товон пули ҳисобига йиғилади.

Reuters агентлиги мухбири билан сўзлашган мосуллик дўкондорлардан бири жангарилар мужоҳидлар учун пул талаб қилганида, рад этгани учун унинг дўкони ёнида бомба портлатишганини айтади:

"Агар ўшанда ҳам рад этса, унда уни ўғирлашган ва унинг оиласидан товон пули талаб қилишган", дея хотирлаган мосуллик дўкондор шу йил ичида мужоҳидлар учун 6 ёки 7 бора 100 АҚШ долларидан пул берганини айтади.

1-манба: Туркия, Иордания, Эронга яширин сотилаётган нефть

Озодликнинг Бағдоддаги мухбири Муҳамммад Карим кузатувларига кўра, ИД, асосан, Туркия ва Иордания ҳудудидан келадиган тужжорларга сотиладиган нефт ҳисобига ғазнасини тўлдирмоқда.

- Биздаги ахборотларга кўра, улар нефтни заводлардан олади ва хориждан борадиган кичик тужжорларга сотади. Мисол учун, нефтнинг бир баррели нархи шу кунда расман 100 доллар бўлса, улар 19 ёки 20 доллардан сотаяпти. Савдо, асосан, кечаси бўлади ва тужжорлар уни яширинча хорижга чиқариб сотади. Бу жангарилар учун жуда яхши келишув, - дейди Муҳаммад Карим.

Аммо, бу минтақадаги вазиятни кузатаётган қатарлик тадқиқоқтчи Луай ал-Хатибнинг айтишича, ҳозир ИД Ироқдаги 5 та нафт заҳирасини ўз назоратига олган ҳамда бу манбалардан кунига 25 минг тоннага қадар нефт қазиб олинмоқда.

"Агар бареллини паст нарх - 25-60 доллардан сотган тақдирда ҳам кунига 1 миллион 200 минг АҚШ долларидан ортиқ даромад олиш мумкин. Ҳозир улар ишончли тужжорлар тармоғини тузиб олган ва улар воситасида яширин тарзда сотилаётган нефтни Туркия ҳудудига чиқараётгани ҳақида ахборот бор", дейди Reuters агентлигига сўзлаган ал-Хатиб.

2-манба: Халифалик аҳлидан мажбуран ундирилаётган солиқ

"Исломий давлат" ғазнасига даромад олиб келадиган иккинчи йирик манба — унинг тасарруфига ўтаётган ҳудудларидаги барча катта-кичик савдо шохобчалари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, кичик корхоналар, катта компаниялар, ҳатто шифохона ва дорихоналардан ундирилаётган солиқдир.

Бағдодлик журналист Муҳаммад Карим қисқа фурсатда ўрнатилган бу тизимга ҳамма бўйсуниши шарт, дейди:

- Масалан, улар бозорга боради ва каттароқ дўконларга ойига 500, кичкинароқ дўконларга 300, якка тартибдаги савдогарларга 100-150 доллардан ойига солиқ белгилаб қўйган. Ҳар ойда бири келади ва солиқни олгандан кейин қўлига "Мен фалончи фалончидан солиқни олдим" деган қоғоз бериб кетади, - дейди Муҳаммад Карим.

ИД ичидаги манбаларига таянган ҳолда журналистнинг айтишича, солиқни тўлашдан бош тортганлар жазоланиши, ҳаттоки ўлдирилиши ҳам мумкин.

Шунингдек, ИД жангарилари халифалик ичида назорат-ўтказиш пунктларини жорий қилгани ва ўтган-қайтган автомобиллардан пул ундириши, баъзан йўловчиларининг хамёнларини ҳам тинтиши айтилмоқда.

3-манба: Гаровга олинганлардан ундирилган товон пули

АҚШдаги Жоржтаун университетининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Пол Салливаннинг Telegraph нашрига айтишича, ИД маҳаллий бизнес вакилларидан ойига 5 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ундиради.

Telegraph нашрининг ёзишича, ўтган йил давомида одамларни гаровга олиш эвазига 40 миллион АҚШ доллари миқдорида пул ишлагани, гаровга олинган ҳар бир хорижлик учун ўртача 3 миллион АҚШ долларигача пул талаб қилишади.

Франциялик марҳум журналист Жэймс Фолэй учун эса 80 миллион АҚШ доллари сўралгани қайд этилган.

Шу тариқа, молиявий таъминотни яхшигина йўлга қўйиб олган ИД шитоб билан бошқарув тизимини мукаммаллаштирмоқда.

"Халифалик ғазнасини девонлар назорат қилмоқда"

Шу кунга қадар ўз вазирликларини ҳам таъсис этган ва биринчилардан бўлиб таъсис этилган вазирлик Молия вазирлигидир.

- Улар Молия вазирлиги ва Олий ва Халқ таълими вазирликларини таъсис қилган. Аввал Ироқ ҳукумати томонидан таъсис қилинган вазирликлар бекор қилинган. Аммо, биз "Исломий давлат" ичида нималар бўлаётганини аниқ билмаймиз, - дейди бағдодлик журналист Муҳаммад Каримов.

Исломий жангарилик фаолияти бўйича тадқиқотлар олиб бораётган ироқлик тадқиқотчи Ҳишом ал Ҳошимийнинг Telegraph нашрига айтишича, ИД етакчиси Бағдодий бошқарув функциясини ўз ишончли вакиллари ўртасида тақсимлаб қўйган.

"У жуда рационал фикрлайди. У ўзи нима иш қилаётганини аниқ билади, тушунади. У аниқ ғояга эга ва жуда ғайратли", дейди Ҳошимий.

Тузилма ўлароқ бу давлатни тутиб турган муҳим ричаглардан бири - катта тажрибага эга бўлган, уюшган ҳарбий бошқарувдир.

"Халифалик бошқаруви Саддамнинг зобитлари қўлида"

Бағдодлик журналист Муҳаммад Каримга кўра, ИД бошқарув тизимининг тепасида ўта тажрибали ҳарбий зобитлардан иборат ҳайъат турибди.

- Аслида улар одатдаги мунтазам армияга ўхшайди. Лекин бу армия бирор давлатга эмас, террор ташкилотларга оид. Муҳими, бу армия жуда профессионал етакчиларга эга. Яна ҳам муҳими, муқаддам Саддам армияси таркибида бўлган бу ҳарбийларни ғоя бирлаштириб турибди, - дейди Муҳаммад Карим.

Тажрибали ҳарбийлар армияни мунтазам равишда ойлик маош билан таъминлаш ва ҳарбий амалиётлардан сўнг қўлга тушган ўлжалардан улуш бериб, рағбатлантириш тизимини йўлга қўйган.

"Жангарилар 300-2000 доллар атрофида маош олади"

Ғарб матбуотида берилган хабарларга кўра, вазирликлардаги ҳарбийларнинг ўртача ойлиги 1 минг АҚШ доллари атрофида, оддий жангчилар эса ойига 300 - 2000 АҚШ долларига қадар маош олади.

Яқинда Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Бусурманқул Табалдиев жиҳодчиларнинг каттагина қисми маблағ қозониш учун жиҳодга кетаётгани, уларга кунига 1 минг АҚШ долларидан маош берилиши ҳақида баёнот берган эди.

Шу кунларда Сурияда жиҳод қилаётган ва WhatsApp тармоғи орқали Озодликка бўлган мужоҳидлардан бири эса уларнинг нияти бойлик орттириш экани ҳақида маълумотларни инкор қилар экан, ИД маъмурияти унга ойиги 100 АҚШ долларидан ойлик олиши ва бу кундалик ҳаётий эҳтиёжи учун етарли экани ҳақида ёзди.

Жангари: "Маошимиз 100 доллар, ғаниматимиз ҳам бор"

Исмини ошкор қилмаётганимиз жиҳодчи Озодликнинг саволларига йўллаган ёзма жавобларида ИД жангчилари жангларда қўлга киритилган ғаниматдан улуш олиш ҳисобига ҳам даромад қилишини билдирди:

"Daromad ganimatga qarab, yolgon emas rost, masalan bitta dushka mashinasi bilan yuz ming dollar turadi undan, ALHAMDULILLAH qancha kup ganimat tushkan", деб ёзди мужоҳид.

Унинг айтишича, тушган даромад икки қисмга ажратилади ва унинг бир қисми шаҳид кетган мужоҳидларнинг оилаларга тақсимланади, қолган қисми жангчи мужоҳидлар ўртасида тақсимланади.

Бундан ташқари, мужоҳидлар қўлга киритилаётган қурол-яроғ учун ҳам рағбатлантирилиши айтилди:

Qurol yaroqni kupligini, bilas qimmatligini, Masalan kalashnik aftomat yangi eskisiga qarab 2000 - 1500 $”, деб ёзди айни пайтда Сурияда жанг қилаётган ўзбекистонлик мужоҳид.

Унинг даъвосича, ИД ичида жанг ҳаракатларидан тушаётган ўлжа ва ғаниматлар ҳисоб-китоб қилинади, шариат қоидалари асосида тақсимланади.

Бундан ташқари, ҳарбийлар таъминоти ҳам тартибга солинган:

“Yashash joyi yaxshi alohida alohida oziq ovqat masullar bor yetkazib turadi. G'animat teng bulinadi. Tibbiy xam yaxshi sharoitlar ularni masullari bor qarab turadi”, деб ёзди исмини ошкор қилмаётганимиз суриялик мужоҳид.

Айни пайтда Суриядаги жами жангарилар сони АҚШ Марказий Разведка Бюроси ҳисобича, 31 ярим минг атрофидадир.

Telegraph нашри эса 7-12 минг атрофида, буларнинг 3 минги хорижлик жангарилардир, деган рақамларни эълон қилди.

Суннийлар халифалик жиноятларини қоралайди

Ироқда ва Шомда ўрнатилган халифалик – унинг ўзи мансуб бўлган сунний диний жамоалар етакчилари, олимлар ва деярли барча ислом давлатлари раҳбарияти томонидан рад қилинган.

Жумладан, Рамазон ойи муносабати билан Тошкент шаҳридаги йирик масжидларда маъруза қилган ўзбекистонлик таниқли уламо, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари "Ироқ ва Шом ислом давлати" гуруҳи жанг ҳаракатларини "мусибат" деб қоралаган ва улар эълон қилган ислмоий давлатни тан олмаслигини айтиб, ўзбекистонликларни бу гуруҳ сафига қўшилишдан қайтарган.

- Мусибат бизнинг мусулмон умматидан бошқанинг бошида йўқ ҳозир. Рамазон - ибодат ойи - улар бир-бирининг қонини тўкаяпти, мулкини вайрон қилаяпти. БМТнинг болалар бўйича бўлими эълон қилди бугун - Сурияда 6 миллион бола оч экан. Кичкина болачалар ялангоёқ, яланғоч йиғлашиб турибди - расмини чиқариб қўйибди. "6 миллион бола ёрдамга муҳтож - одамлар шуларга ёрдам беринглар!" деб ҳалиги ташкилот сўраяпти. Ана шу анавинга ўхшаган халифа "бетамизлар"нинг фаолиятининг самараси шу! - дейди шайх Муҳамммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

Ислом уламолари халқаро иттифоқи етакчиси Юсуф Қарзовий ҳам Ироқ ва Сурияда Рамазон ойининг биринчи кунида эълон қилинган халифаликни тан олмаслиги, чунки бу шариат қоидаларига зидлигини айтган.

"Биз халифалик имкон қадар тезроқ таъсис этилишини кутаяпмиз. Лекин "Исломий давлат" (ИШИД янги номи - Таҳр.) эълон қилган халифалик шариат нуқтаи назаридан асоссиздир ва бу Ироқдаги суннийлар ҳамда Сурияда курашаётганлар учун хавфли оқибатларни келтириши мумкин", деди Юсуф Қарзовий.

Ислом уламолари халқаро иттифоқи раҳбарининг таъкидича, мусулмонлар раҳбари саналадиган халифа радикал қарашлари билан танилган битта гуруҳ томонидан тайинланиши шариатга тўғри келмайди.

Шариатга зид, деб қабул қилинмаган ва қавмдошлари томонидан кескин қораланган "Исломий давлат" жанггариларининг Сурия ва Ироқда юзлаб маҳаллий эркакларнинг ўлдираётгани, аёлларни эса асир олаётгани даҳшатли уруш жинояти, геноцид сифатида баҳоланмоқда.

Озодликнинг воқеа жойидаги мухбирлари кузатувича, Сурия ва Ироқ ҳудудида "Исломий давлат" эълон қилинганидан буён ўлдирилган тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбийлар сони бир неча мингдан ошиб кетган. Буларнинг аксариятини шиа, язидий, насроний ёки алавий жамоаларига мансуб тинч аҳоли вакиллари ташкил қилади.

XS
SM
MD
LG