Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:26

Қашқадарёлик падаркуш 16 йилга озодликдан маҳрум этилди


Арзон пойабзал туфайли ясситовон касаллиги кўпаймоқда. Таниқли хонанда Авазбек Олимов хориждан қўшиқ ўғирлади. Уч эгизакнинг онаси ёрдам сўраб мурожаат қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Тошкент ҳавонинг кескин совишига тайёр эмаслиги маълум бўлди”

Ҳафта бошида ҳаво ҳарорати кескин тушиб, сурункали ёмғир ёғди, аммо Тошкент шаҳри ҳавонинг бу тариқа ўзгаришига тайёр эмаслиги маълум бўлди (“Новий век”, 9 октябрь).

Ёмғир оқибатида ариқлар чиқинди ва хазонларга тўлган. Айни пайтда шаҳар бўйлаб деярли барча чорраҳаларда, айрим маълумотларга кўра, кузатув камералари симларини ўтказиш мақсадида қазиш ишлари олиб борилмоқда. Ёғингарчилик пайти ушбу ўралар ҳам сувга тўлган.

Газетанинг ёзишича, шаҳар маъмурияти мутасаддилари об-ҳаво маълумотидан келиб чиққан ҳолда бундай ўзгаришга ҳозирлик кўрмоғи лозим эди.

“Қўққисдан келган куз одамларга қувонч келтирди деб бўлмайди. Кўплаб шаҳарликлар резина калиш ва ихчам қайиқлар ғамлаб олиш тараддудида. Афтидан, кузни буларсиз ўтказиш қийинга ўхшайди”, дея киноя билан ёзади газета.

“Қашқадарёлик падаркуш 16 йилга озодликдан маҳрум этилди”

Қашқадарё вилояти Қамаши туманида падаркушлик жинояти қайд этилди (“Ҳуқуқ”, 9 октябрь).

Бадахшон қишлоғида яшаб келган мактаб муаллими Рустам Шоимов ўғли Бобомурод Шоимов томонидан ўлдирилди. 1984 йилда туғилган, тайинли касб-кори бўлмаган Бобомурод Шоимов ичкиликка муккасидан кетади. Шу боис отасини унга бир неча марта қаттиқ танбеҳ беради. Бу эса фарзанднинг қалбида отага адоват пайдо бўлишига олиб келади.

2014 йилнинг 23 январида синфдошлари билан спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолга уйга қайтган Бобомурод Шоимов отасини гайка бурагич билан уриб ўлдиради.

Дастлабки тергов пайти марҳумнинг турмуш ўртоғи, айбланувчининг онаси Бибисора Поёнова қотилликни ўз бўйнига олади.

Аммо кейинроқ жиноят унинг ўғли томонидан содир этилгани аниқланади. Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди Б. Шоимовни 16 йилга озодликдан маҳрум этди.

“Бўкалик уч эгизакнинг онаси фақат битта боласи учун нафақа пули олаётганидан арз қилди”

Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи, уч эгизакнинг онаси Матлуба Азаматова фақат битта фарзанди учун нафақа пули олаётганидан арз қилди (“Адолат кўзгуси”, 9 октябрь).

Азаматова 2013 йилнинг 17 февралида уч эгизак қизни дунёга келтирган. Эри косиб бўлган аёл тўрт нафар фарзандни боқиш қийин бўлаётгани ҳақида ёзган.

Айни пайтда, у уч эгизак қизни болалар боғчасида имтиёзли жойлаштиришга амалий ёрдам сўраган.

“Уч эгизакни дунёга келтириш, уларни соғ-саломат вояга етказиш осон эмас. Шундай экан, ушбу ҳудуднинг мутасадди раҳбарлари бош-қош бўлиб, яна бир бор Аллоҳ назари тушган бу хонадонга ўзгача эътибор қаратсалар, халқнинг ҳурматига янада кўпроқ сазовор бўлишади ва савобга муяссар бўлар эдилар”, деб ёзади газета.

“Арзон пойабзал туфайли ясситовон касаллиги кўпаймоқда”

Фарзандларига арзон пойабзал олиб беришга мажбур бўлаётган ота-оналар билиб-билмай боласида ясситовонлик касаллиги ривожланишига сабаб бўлмоқда (“Оила даврасида”, 9 октябрь).

Республика Травматология ва ортопедия илмий текшириш институти мутахассиси Рустам Шароповга кўра, ясситовонлик касаллигининг олдини олиш учун болага тоза чармдан тайёрланган, оёқни тўла қоплаган, таги юмшоқ, пошнаси 2 сантиметр пойабзал кийдириш керак.

Шифокор айтган талабларга жавоб берадиган болалар оёқ кийимлари Ўзбекистон бозорларида ўртача 50 минг сўмдан сотилмоқда. Ота-оналар эса 10-20 минг сўмлик арзон, аммо сифатсиз оёқ кийимлар олиб бермоқда.

Қайд этилишича, “3-6 ёшли болаларда ясситовонликнинг учраши нормал ҳолат” деган фикр тўғри эмас. Аксинча, бола касалликка мазкур ёшда чалинса, тезроқ даволаш чорасини кўриш керак. Чунки 10 ёшдан кейинги даво самараси 10 фоизга ҳам етмайди.

“Ўзбекистонга порнографик диск олиб кираётганлар қўлга олинди”

Келес чегара божхона постида Москва – Тошкент йўналишидаги поездда Ўзбекистонга 1750 дона порногарфик диск олиб кираётган фуқаро қўлга олинди (“Инсон ва қонун”, 7 октябрь).

Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар беради. Москва – Душанбе йўналишидаги поезд ўриндиғи тагидан топилган 100 га яқин контрафакт дисклар ҳам олиб қўйилган. Самарқандлик фуқаро номига Россиядан юборилган почта жўнатмаси орасидан эса божхона баённомасида кўрсатилмаган 32 та диск топилган.

Ўзбекистон қонунчилига кўра, мамлакатга порнографик маҳсулотлар олиб кириш тақиқланади. Аудиовизуал асарларни сотиш ва тарқатиш билан эса Интеллектуал мулк агентлиги лицензияси асосида юридик шахслар шуғулланиши мумкин.

“Ўзбекистонлик олимлар сувдан фойдаланишнинг самарали усулини яратишди”

Тошкент ирригация ва мелиорация институти олимлари сув сарфини ва оқимини ўта аниқликда ўлчаб берадиган восита яратишди (“Ўзбекистон овози”, 9 октябрь).

Янги қурилма интенсив боғларда синовдан ўтказилган. Профессор Фредун Бараевга кўра, ускуна ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилаётган мосламалардан қолишмайди, аммо нархи бир неча баравар арзон. Қайд этилишича, сув ўлчаш воситаси оби ҳаётдан самарали ва оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Янги ихтиро суғорма деҳқончиликда қўлланилади.

“Таниқли хонанда Авазбек Олимов хориждан қўшиқ ўғирлади”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Авазбек Олимов ўғли Жавлон Олимов билан бирга хориждан ўғирланган қўшиқни куйлаб чиқди. (“Даракчи”, 9 октябрь).

Таниқли хонанда айнан қайси қўшиқни ўғирлаганига аниқлик киритилмаган. Қайд этилишича, чет элдан ўғирланган қўшиққа хонанда Фарғона водийси услубида клип ҳам ишлаган.

Айни пайтда, хонанда Сардор Мамадалиев марҳум қўшиқчи Охунжон Мадалиевнинг “Қўйнимда бир ёр”, “Сени ҳеч ким севолмайди менингдек” каби қўшиқларини қайтадан куйлаб чиққани учун танқидга учраган. Нуқул Охунжон Мадалиев репертуарига мурожаат қилаётган Сардор Мамадалиев бу билан дангасалигини хаспўшлашда айбланган.

XS
SM
MD
LG