Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:29

Малала Юсуфзай Нобель Тинчлик мукофотини олди


Нобель Тинчлик мукофоти лауреатлари Малала Юсуфзай ва Кайлаш Сатъярхи
Нобель Тинчлик мукофоти лауреатлари Малала Юсуфзай ва Кайлаш Сатъярхи

Малала Юсуфзай Нобель мукофотига сазовор бўлди. Покистонда аёллар ҳуқуқлари учун курашгани учун Толибон тарафидан ҳужумга учраган 17 ёшли Малала 2014 йилги Нобель Тинчлик мукофотини ҳиндистонлик болалар ҳимоячиси Кайлаш Сатъярхи билан баҳам кўрди.

Норвегия Нобель қўмитаси икки лауреатнинг “болалар ва ёшларга нисбатан зулмга қарши ва болалар таълим олиши учун кураши”ни дунёнинг энг нуфузли мукофотига сазовор, деб топди.

Қўмита раиси Торбйорн Ягланд жума куни Ослодаги Норвегия Нобель Институтида қилган чиқишида бу ҳақда эълон қилди.

- Норвегия Нобель қўмитаси 2014 йилги Нобель Тинчлик мукофотини, болалар ва ёшларга нисбатан зулмга қарши ва болаларнинг таълим олиши учун курашлари туфайли Кайлаш Сатъярхи ва Малала Юсуфзайга топширишга қарор қилди. Болалар мактабга бориши керак, молиявий мақсадларда ишлатилмаслиги лозим,- деди Ягланд.

Малала ва Кайлаш Нобел Тинчлик мукофотини олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:38 0:00

17 ёшли Малала Нобель Тинчлик мукофотининг энг ёш лауреатига айланди.

Торбйорн Ягланд Малаланинг ёш бўлишига қарамасдан бошқаларга ўрнак бўладиган фаолияти нуфузли мукофотга лойиқ деб топилишига асосдир, дея таъкидлади.

- Малала Юсуфзай, ёш бўлишига қарамасдан, аллақачон бир неча йилдан бери қизлар таълим олишлари учун курашиб келди. У болалар ва ёшлар ҳам ўз ҳаётларини яхшилай олиши мумкинлигини ўз мисолида кўрсатди. Бу фаолиятни у ўта хавфли вазиятда олиб борди. Ўзининг жасоратли кураши орқали у қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи соҳасида етакчига айланди,- деди Нобель қўмитаси раиси.

Малала 2012 йилда Покистонда мактабдан уйига қайтаётиб, Толибон жангарилари ҳужумига учраган эди. Бошидан ўқ еган Малала ўшандан бери нафақат соғайиб кетди, унинг фаолияти бутун дунё бўйлаб олқишларга сазовор бўлди.

У ҳозирда Британияда яшаб, фаолиятини давом эттирмоқда.

Малала ўтган йили ЕИнинг Сахаров номидаги нуфузли мукофотини ҳам олган эди. Покистон Бош вазири Навоз Шариф уни “Покистоннинг фахри”, дея олқишлади.

“Унинг ютуғи мисли кўрилмаган ва беназирдир”, дея баён қилди бош вазир Шариф.

Бошидан яраланганидан кейин Бирмингемда даволанган Малала, мукофот ҳақида хабар пайдо бўлган пайтда Англиядаги мактабда дарсда эди.

“Малала одатдагидек, бугун мактабга борди”, дея билдирди унинг вакилларидан бири.

Ҳиндистонлик 60 ёшли фаол Сатъярхи “молиявий мақсадларда болаларнинг эксплуатация қилиниши”га қарши тинч намойишларга йўлбошчилик қилиб келади.

Сатъярхини олқишлаган Нобель қўмитаси раиси жумладан бундай деди:

- Ўз жасоратини намойиш қилиб, Кайлаш Сатъярхи Ганди анъаналарини давом эттирмоқда, у ўтказган кўплаб тинч норозилик намойишлари болаларнинг молиявий фойда олиш мақсадларида эксплуатация қилинишига доир жиддий муаммога жамоатчилик эътиборини қаратмоқда. У болалар ҳуқуқларига доир муҳим халқаро конвенцияларнинг ишлаб чиқилишига ҳисса қўшмоқда, деди Ягланд.

Сатъярхи мукофотга лойиқ деб топилганидан “мамнуният” изҳор қилиб, буни “болалар ҳақлари учун курашнинг эътироф этилиши”, дея атади.

У Нобель қўмитасига “бугунги кунда қийинчиликларни бошдан кечираётган миллионлаб болаларнинг тақдирига эътибор қаратгани учун” миннатдорчилик билдирди.

Европа Иттифоқининг Ташқи алоқалар ва хавфсизлик масалалари бўйича янги комиссари Федерика Могерини ўз Twitter саҳифасида “Нобель Тинчлик мукофотининг Малала Юсуфзай ва Кайлаш Сатъярхига берилгани муҳим аҳамият касб этади”, дея ёзди.

Икки лауреат баҳам кўрадиган 1,1 миллион АҚШ долларига тенг мукофот ҳақида 10 октябрь куни эълон қилинди ва 10 декабрь куни Ослода тақдим этилади.

Покистон ва ҳиндистонлик икки фаолнинг мукофотга сазовор бўлиши Кашмир минтақасида Покистон ва Ҳиндистон ўртасида қонли тўқнашувлар рўй берган пайтга тўғри келмоқда.

Нобель мукофоти асосчиси швециялик саноатчи Альфред Нобель мазкур мукофот “миллатлар ўртасидаги биродарлик, мунтазам армияларнинг бекор қилиниши ёки қисқартирилиши ҳамда тинчликни сақлаш ва тарғиб қилишда энг кўп ва самарали ҳаракат қилган кишига” берилиши керак, деган.

XS
SM
MD
LG