Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2020, Тошкент вақти: 18:57

Халқаро хабарлар

Швецияда Россияга қарашли кема қидирилмоқда

Швецияда Россияга қарашли экани иддао қилинган сувости кемасини қидириш ишлари кучайтирилди. Бу ҳақда хабар қилган швед матбуотига кўра, қидирув ишлари ҳарбий кема, вертолёт ва қуруқлик қўшинлари иштирокида Стокҳолмдан 50 километр радиусда амалга оширилмоқда.

Svenska Dagbladet нашрига кўра, Россияга қарашли сувости кемасини қидириш ишлари 17 октябрь куни бошланган.

Россия Мудафаа вазирлиги бу хабарни инкор қилиб, Швеция қирғоқларида Россияга қарашли бирорта ҳам сувости кемаси йўқлигини билдирди.

Швеция Қуролли кучлари раҳбарияти кемани қидириш билан боғлиқ тафсилотларни матбуотга очиқламаяпти.

Кун янгиликлари

АҚШ: Клинтон, Буш ва Обама омма кўзи ўнгида эмловдан ўтишга ҳозир

Буш, Обама ва Клинтон (чапдан ўнгга), 2010 йил

АҚШнинг собиқ уч президенти Билл Клинтон, Жорж Буш ва Барак Обама америкаликларни вакцинанинг хавфсизлигига ишонтиришда кўмаклашиш учун коронавирус инфекциясига қарши эмловдан омма кўзи ўнгида – камералар қаршисида ўтишга ҳозир эканларини билдиришди.

АҚШда ёппасига эмлаш учун мамлакат расмийлари томонидан вакцина рўйхатга олиниши кутилаётган бир пайтда бу ҳақда собиқ президентларнинг вакиллари журналистларга маълум қилдилар.

Шу кунда Қўшма Штатларда Pfizer ва Moderna ширкатлари томонидан ишлаб чиқарилган икки препарат расмийлар томонидан кўриб чиқилмоқда. Ҳар иккала ширкат клиник синовлар чоғида ўз вакциналари самараси 90 фоиздан ошганини билдирганлар.

Клинтон, Буш ва Обама ташаббусига айни пайтда 96 ёшда бўлган собиқ президент Жимми Картер қўшиладими-йўқми – ҳозирча маълум эмас.

Эмловда иштирок этиш ҳақида октябрь ойида коронавирусга чалиниб, тузалган амалдаги президент Дональд Трамп ҳам, унинг сайловдаги рақиби Жо Байден ҳам ҳали билдиргани йўқ.

АҚШда сўнгги пайтларда кунига 200 минг киши коронавирусга чалинмоқда, қурбонлар сони эса 2 мингдан ошмоқда. Мутахассислар келаётган қиш ойлари мамлакат учун энг оғир бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар. Шунга қарамай, кўп штатларда расмийлар иқтисодий кўрсаткичлар яна тушиб кетиши ва ишсизлар сони ортишидан хавотирланиб, кескин карантин чораларини жорий қилмаяптилар.

АҚШ коронавирусга чалинган беморлар сони бўйича ҳам, қурбонлар сони бўйича ҳам шу кунда жаҳонда биринчи ўринда турибди.

Россия разведкаси раҳбари машҳур олим Менделеев жосус бўлганини билдирди

Кимёвий элементларнинг даврий жадвалини яратган олим Дмитрий Менделеев ( 1834 – 1907).

Россия ташқи разведка хизмати раиси Сергей Наришкин машҳур химик Дмитрий Мендеелевни ва шоир Пушкиннинг дўсти Пётр Вяземскийни энг машҳур разведкачилар қаторида тилга олди.

Сергей Наришкин “Историк” журналига берган интервьюсида Менделеевдан ташқари географ ва тадқиқотчи Николай Пржевальский, дипломат ва ёзувчи Александр Грибоедовни ҳам жосус деб атади.

1995–1997 йилларда Москвада “Россия ташқи разведкаси тарихидан очерклар” номли олти томлик китоб нашр қилинган эди. Ўша китобда ҳам Дмитрий Менделеев Америка ва Францияга қилган саёҳатлари давомида АҚШ керосини ҳамда тутун чиқармайдиган порох тўғрисида маълумотлар йиққани айтилади.

Бироқ Петербург университети қошидаги Менделеев музей-архиви раҳбарияти бу иддаоларни инкор қилган ва Менделеевнинг Россия разведкаси билан ҳамкорлик қилгани тўғрисида ҳеч қандай далиллар йўқлигини билдирган.

Қозоғистон 2021 йилнинг мартида коронавирусга қарши ўз вакцинасини чиқармоқчи

Заводда тумов, бруцеллез, дерматит каби касалликларга қарши ҳам вакцина ишлаб чиқарилади.

Қозоғистоннинг Жамбул вилоятида коронавирусга қарши қозоқ вакцинасини ишлаб чиқарувчи завод қурилмоқда. Мазкур заводни қуриш учун 7 миллиард танга (16,5 миллион доллар) ажратилди.

Вилоят ҳокимияти вакцина 2021 йилнинг март ойидан ишлаб чиқарилишини маълум қилди. Мазкур заводда ишлайдиган биолог, вирусолог олимларга махсус уйлар қурилмоқда. Заводда жами 65 олим меҳнат қилади.

Жамбул вилоятининг Қўрдай туманида завод қурилиши июнь ойида режалаштирилган. Завод йилига 30-60 миллион доза коронавирус вакцина ишлаб чиқариши билдирилган.

Бундан ташқари бу заводда тумов, бруцеллез, дерматит каби касалликларга қарши ҳам вакцина ишлаб чиқарилади.

Жаҳон саломатлик ташкилоти Қозоғистонда ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётган иккита вакцинани COVID-19га қарши ишлаб чиқарилаётган вакциналар рўйхатига киритган.

АҚШ уйғурлар мажбурий меҳнатидан фойдаланган яна бир Хитой ширкати маҳсулотларини тақиқлади

Ҳонконгда 2019 йилнинг 22 декабрида уйғурларга ҳамдардлик билдириб ўтказилган намойиш.

АҚШ уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатларнинг мажбурий меҳнатидан фойдалангани учун Хитойнинг йирик ишлаб чиқарувчисидан пахта маҳсулотларини сотиб олишни тақиқлади.

АҚШ божхона ва чегара назорати хизмати 2 декабрь куни Шинжон ишлаб чиқариш-қурилиш корпуси эскпорт қилган пахта ва пахта маҳсулотларини мусодара қилишини билдирди.

Хитойда пахтанинг 30 фоизини, жаҳондаги пахтанинг 6 фоизини қайта ишлаб чиқарадиган ҳарбийлаштирилган мазкур ширкатга қарши санкция уйғурлар ва бошқа мусулмон миллатлар мажбурий меҳнатидан фойдаланадиган ширкатларга нисбатан кўрилаётган чораларнинг сўнггиси бўлди.

Июлда АҚШ Молия вазирлиги Шинжон ишлаб чиқариш-қурилиш корпусининг барча молиявий операцияларини тақиқлаб қўйган эди. Шинжон ишлаб чиқариш-қурилиш корпусидан ташқари Хитойнинг яна бешта йирик ширкати маҳсулотларини АҚШга олиб кириш тақиқланган.

Қўшма Штатлар ҳукумати 14 сентябрда Хитойдан пахта, кийим-кечак, компьютерлар учун эҳтиёт қисмлар, жун сотиб оллишни тақиқловчи қарорни қабул қилган эди. АҚШ ҳукуматининг билдиришича, бу маҳсулотлар Шинжон-Уйғур мухториятидаги мусулмонлар ва этник озчиликлар мажбурий меҳнати оқибатида ишлаб чиқарилган.

АҚШ ва қатор ғарб давлатлари Хитойда 1 миллиондан ортиқ мусулмон 2017 йилдан бери экстремизмга қарши кураш баҳонасида “сиёсий қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётганини танқид қилиб келади.

Аммо Хитой бу лагерлар “экстремист ва террорчиларни қайта тарбиялаш” мақсадида ташкил этилганини билдирган.

Британия суди Қозоғистон банкидан ўғирлангани гумон қилинаётган 5 миллиард долларни музлатиб қўйди

БТА банкнинг Олмаотадаги филиали.

Британия суди Қозоғистоннинг БТА банкидан ўғирлангани гумон қилинаётган 5 миллиард долларни музлатиб қўйди. Бу ҳақда The Wall Street Journal (WSJ) хабар берди.

Газетанинг ёзишича, Англия ва Уэльс ишлаб чиқариш корхоналари ва мулклари бўйича суд 13 ноябрда олтита давлатдаги қатор дабдабали меҳмонхоналар, молия ташкилотлари ва Қозоғистондаги Burger King франшизаларин музлатиш ҳақида қарор чиқарган.

Суд қарорида айтилишича, мазкур қарор Қозоғистон ҳукуматига қарашли БТА банкининг шикоят аризаси асосида қабул қилинган.

Мазкур банк узоқ йиллардан бери БТАнинг собиқ раҳбари Мухтор Аблязов 6 миллиард доллардан кўпроқ пулни ўғирлаганини иддао қилиб келади. Аблязов Қозоғистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси бўлган ва хорижга қочган мухолифат лидеридир.

БТА банк ўз шикоят аризасида Аблязовга миллиардларни ўғирлашда Қозоғистоннинг энг бой бизнесмени ва инвестори Болат Отемуратов шерик бўлганини ҳам иддао қилган.

Узоқ йиллардан бери Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг яқин сафдоши қаторида тилга олиниб келинадиган Болат Отемуратов бу иддаони инкор қилди.

Россияда кейинги ҳафтадан бошлаб аҳолини коронавирусга қарши оммавий эмлаш бошланади

Россияда ишлаб чиқарилган коронавирус вакцинасининг самарадорлиги ва хавфсизлиги шубҳа остига олиниб келинмоқда.

Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга кейинги ҳафтадан бошлаб аҳолини коронавирусга қарши “кенг миқёсда ва оммавий равишда” эмлаш ҳақида кўрсатама берди.

Россия ўзи ишлаб чиқарган Спутник-V вакцинасига жаҳон ҳамжамияти эътиборини қаратишга ҳақракат қилиб келмоқда. Британия кейинги ҳафтадан бошлаб АҚШнинг Pfizer ширкати Германиянинг BioNTech ширкати билан ишлаб чиққан вакцинасини қўллай бошлаши тўғрисида баёнот берганидан бир неча соат ўтгач Путин Россия вакцинаси билан эмлашни бошлаш тўрисидаги кўрсатмани берди.

Айни пайтда Россияда ишлаб чиқарилган коронавирус вакцинасининг самарадорлиги ва хавфсизлиги шубҳа остига олиниб келинмоқда.

Август ойида Путин Россия жаҳонда биринчилардан бўлиб коронавирус вакцинасини яратагани ҳақида баёнот берганди. Бироқ кейинчалик бу вакцина клиник синовларнинг учинчи босқичидан ўтказилмагани маълум бўлган.

2 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси махсус сессиясида Россия тўғридан-тўғри инвестициялар фонди раиси Кирилл Дмитриев 40дан ортиқ давлат 1 миллиард 200 минг доза Спутник – V вакцинасини сотиб олишга буюртма берганини маълум қилди. Унга кўра, декабрь ойида Россия хориждаги ишлаб чиқариш базаларида 2 миллион доза вакцинани ишлаб чиқаради.

Британия COVID-19га қарши Pfizer-BioNTech вакцинасини қўллаган биринчи мамлакат бўлди

Британияда бу вакцина кейинги ҳафтадан бошлаб қўлланилади.

Британия COVID-19га қарши АҚШнинг Pfizer ширкати Германиянинг BioNTech ширкати билан ишлаб чиққан вакцинасини қўллаган биринчи мамлакат бўлди. Британия бу вакцина кейинги ҳафтадан бошлаб ўз ҳудудида қўллана бошланишини билдирди.

Британия Бош вазири Борис Жонсон: “Бу одатий ҳаёт тарзига қайта олишимиз учун ташланган илк фантастик қадам бўлди”,-деб айтди.

Pfizer бош директори Альберт Бурла Британия “тарихий қарор” қабул қилганини олқишлади.

Pfizer ва BioNTech Европа Иттифоқи ва Британия мувофиқлашитрувчи органларига ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш илтимоси билан 1 декабрда ариза топширган эди. Аввалроқ ширкат худди шундай илтимос билан АҚШ ҳукуматига мурожаат қилган.

30 ноябрда эса бу икки ширкат рақобатчиси бўлган Moderna ширкати коронавирус инфекциясига қарши ўзи ишлаб чиқарган вакцинани рўйхатга олиш илтимоси билан АҚШ ва ЕИ расмийларига мурожаат қилганди.

АҚШнинг Moderna ширкати ўз вакцинаси 94,1 фоизлик самара кўрсатганини билдирган. BioNTech ва Pfizer ўзлари ишлаб чиқарган вакцина 95 фоиз самара кўрсатганини иддао қилганлар.

Дори-дармонлар бўйича Европа агентлиги (EMA) 29 декабрда BioNTech ва Pfizer вакцинасининг хавфсизлиги ва самарадорлиги юзасидан махсус йиғилиш ўтказишини билдирди.

Франция собиқ президенти, Европа Иттифоқи ва евро асосчиларидан бири Жискар д'Эстен вафот этди

Жискар д'Эстен 1970 йилларда Европа интеграцияси ғоясининг асосчиларидан бири бўлган эди.

Франция собиқ президенти Жискар д'Эстен 2 декабрь куни Луар-э-Шер минтақасидаги уйида 94 ёшида COVID-19 билан боғлиқ касаллик ортидан вафот этди. У яқинда Тур шаҳридаги касалхонага ётқизилганди. Жискар д'Эстен 1970 йилларда Европа интеграцияси ғоясининг асосчиларидан бири бўлган эди.

Французлар Жискар деб атайдиган Эстен 1974-1981 йилларда Франция президенти бўлган. У Ғарбий Германия канцлери Гельмут Шмидт билан яқин ҳамкорлик қилган ва Европа ягона валютаси-евро жорий этилишига асос яратиб берган.

Францияда у либерал сиёсат олиб борди. Жумладан, абортларни ва ўзаро келишув асосида ажралишларни легаллаштирди.

Шунингдек, у Францияда TGV тезюрар поездлар инфраструктурасини яратди. Францияни ядровий энергетика тармоғига қўшилишига ҳисса қўшди.

Интерпол коронавирусга қарши вакциналар билан боғлиқ муҳтамал жиноятлардан огоҳлантирди

Жаҳондаги 194 та давлат аъзо бўлган Халқаро полиция (Интерпол) ташкилоти Европа ва Россия ҳудудида COVID-19 га қарши самарали вакцина дея плацебо сотаётган халқаро товламачилар фаоллашгани ҳақида огоҳлантирув тарқатди.

Интерпол вакилларига кўра, жиноятчилар вакцина сотиш бўйича занжирлар барпо қилиб, бозорга ўзларининг сохта маҳсулотларини ҳам чиқаришмоқда ҳамда уларни сохта фармацевтика ширкатлари сайтлари орқали сотишмоқда.

Сохта вакцина сотилаётгани ҳақида маълумотлар кўпайиб бораётгани важидан Интерпол Интернет орқали сотилаётган вакциналарга ишонмасликни маслаҳат берган.

Халқаро полициячилар қайдича, жиноятчилар одамларда вакциналарнинг хусусиятлари ҳақида маълумот камлигидан фойдаланишмоқда. Масалан, Pfizer ширкати вакцинасини контрабанда йўли билан багажда ташиб бўлмайди. Ўз хусусиятларини сақлаб қолиши учун мазкур вакцина -70 даражали махсус контейнерларда ташилиши лозим.

Интерпол экспертлари интернетда тиббий жиҳоз ёки дори-дармон қидиришда жуда эҳтиёт бўлишни тавсия қилишган. Ташкилотнинг кибержиноятчиликка қарши курашиш бўлими ноқонуний препарат ва сохта тиббий жиҳоз сотишда гумонланган интернет-дорихоналар билан боғлиқ 3 мингга яқин сайтни таҳлил қилиб чиққан. Улардан 1700 тасида фишинг ҳаволалар ва спам йўллаш воситалари дохил киберхатар унсурлари аниқланган.

Путин КХШТга аъзо давлатлар лидерларини Арманистон бош вазирини дастаклашга чақирди

В. Путин (ч) ва Н. Пашинян (ў) Еревандаги учрашув чоғида, 2019 йил 1 октябри

Россия президенти Владимир Путин Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо мамлакатлар раҳбарларини Арманистон бош вазири Никол Пашинянни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Бу ҳақда Путин 2 декабрь куни онлайн шаклда ўтказилган КХШТ саммити чоғида билдирди. Ўзи, [Озайбайжон президенти] И. Алиев ва Н. Пашинян томонидан Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида имзоланган баёнотга тўхтала туриб, В. Путин Арманистон бош вазири ушбу оғриқли, бироқ зарур чораларни қабул қилишга мажбур бўлганини таъкидлади.

Арманистон мухолифати Пашиняннинг хатти-ҳаракатини мамлакат манфаатларига хиёнат ва Қорабоғдаги ерларни таслим этиш ўлароқ баҳолаган. 10 ноябрда уч томонлама битим имзоланганидан кейин Арманистонда Пашинян истеъфоси талаби билан оммавий норозилик чиқишлари бошланиб кетган.

Николь Пашинян чоршанба куни ўтказилган КХШТ саммитида уч томонлама битим шартларига кўра Тоғли Қорабоғда россиялик тинчликпарвар кучларнинг жойлаштирилишини “минтақадаги хавфсизлик кафолати” деб атади. У қон тўкилиши тўхтатилишида Путиннинг “ўзига хос роли” бўлганини қўшимча қилди.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига Россия ва Арманистондан ташқари Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон киради. Ташкилот вазифаларига мувофиқ, КХШТ аъзолари ташкилотга аъзо бўлган бошқа мамлакатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш мажбуриятини ўз зиммаларига олганлар.

Жаҳон бўйлаб коронавирусга чалинганлар сони 64 миллион нафардан ошди

Дунё бўйлаб COVID-19 инфекциясини юқтириб олганлар сони 64 миллиондан ошган. Айни пайтда пандемия қурбонлари сони, АҚШдаги Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, 1,5 миллионга яқинлашган.

Шу пайтгача коронавирусга чалиниш ҳодисаси жаҳоннинг 191 мамлакатида расман қайд этилган.

COVID-19 беморлари сони бўйича дунёда биринчи ўринда АҚШ (13 728 153 нафар бемор), иккинчи ўринда Ҳиндистон (9 499 413 нафар бемор), учинчи ўринда эса Бразилия (6 386 787 нафар бемор) бормоқда.

Ўзбек муҳожирлари энг бўлган Россия Федерацияси (2 327 105 нафар бемор) мазкур рўйхатда тўртинчи ўринда турибди.

COVID-19 қурбонлари сони бўйича ҳам рўйхат бошида АҚШ турибди. Бу мамлакатда пандемия бошидан бери коронавирус инфекцияси важидан 270 мингдан зиёд бемор вафот этган. Иккинчи ўриндаги Бразилияда бу кўрсаткич 173 817 нафарни, Ҳиндистонда эса 138 122 нафарни ташкил этган.

Россия: Екатеринбургдаги ЙТҲда икки ўзбекистонлик нобуд бўлди

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида 1 декабрь куни бир гуруҳ ўзбекистонликлар минган “Volkswagen Polo” русумли автомобиль музлама туфайли автоҳалокатга йўлиққан.

Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консулхонасидан олинган маълумотларга таянган ҳолда “Дунё” ахборот агентлигининг хабар қилишича, ЙТҲ оқибатида икки ўзбекистонлик – 27 ёшли аёл ҳамда беш ёшли бола нобуд бўлган.

Ҳодиса чоғида яна беш киши жароҳат олгани ва улар Екатеринбургдаги касалхоналарга етказилгани айтилмоқда. Қайд этилишича, яраланганлардан икки нафарининг (ҳайдовчи ва йўловчи аёл) аҳволи оғир.

Хабарда ўзбек мулозимлари юзага келаётган муаммоларни жойида ҳал қилиш учун касалхоналарда етиб борганлари қўшимча қилинган.

Россия Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси вакиллари ЙТҲга автомобиль ғилдираклари билан боғлиқ бўлган муаммо сабаб бўлганини билдирганлар.

UNICEF: Дунё бўйлаб 1,3 миллиард бола интернетдан фойдаланиш имкониятига эга эмас

Жаҳон бўйлаб 3 ёшдан 17 ёшгача бўлган тақрибан 1,3 миллиард нафар бола уйидан интернетга уланиш имкониятига эга эмас. Бу ҳақда БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ҳамда Халқаро электр алоқаси уюшмасининг янги ҳисоботида айтилган. Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 36 миллион ўғил-қизнинг уйида интернети йўқ, бу эса минтақадаги барча ўқувчининг 42 фоизини ташкил этади.

Ҳисобот муаллифлари шу каби муаммога талабалар – ёши 24 гача бўлган йигит-қизлар ҳам дуч келаётганини қайд этганлар. Дунё бўйлаб бундай ёшлар сони 759 миллион нафарга етади.

UNICEF ижрочи директори Генриетта Фор фикрича, интернетга кириш имкониятидан маҳрум болалар ва ёшлар кўп нарсадан маҳрум қолмоқда. Улар бутун дунёдан узилиб қолишяпти ва кейинчалик замонавий иқтисодиётдаги рақобатга дош беролмай қолишлари мумкин. Мактаблар COVID-19 туфайли ёпилиб қолган ҳозирги шароитда бу болалар ва ёшларнинг таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолишига олиб келиши мумкин.

“Очиқ айтиб қўя қолай: интернетга уланиш имконининг йўқлиги кейинги авлодни ўз келажагидан маҳрум қилмоқда”, деган UNICEF мулозимаси.

Мактабларнинг пандемия важидан ёпилиб қолгани ортидан дунё бўйлаб тақрибан чорак миллиард ўқувчи у ёки бу даражада жабрланган. Юз миллионлаб ўқувчи виртуал тартибда ўқишга мажбур бўлмоқда. Интернетга уланиш имконияти бўлмаганлар учун эса таълим олиш бутунлай имконсиз бўлиб қолган.

Пандемияга қадар ҳам кўп ёшлар XXI аср иқтисодиётида рақобатбардош бўлиш учун рақамли технологияларни яхши билмаган ва тадбиркорлик малакасига эга бўлмаган. COVID-19 пандемияси мамлакатлар ва ҳамжамиятлар ўртасидаги тенгсизликни янада кучайтириб, рақамли жарликни янада чуқурлаштирган.

Қашшоқ оилалар ва етарли даромад топиш имконияти бўлмаган давлатлардан бўлган болалар ва ёшлар ўз тенгдошларидан анча ортда қолмоқда. Даромади кам мамлакатларда ҳар 20 боладан бир нафаридагина интернетга уланиш имкони бор, ваҳоланки бой давлатларда ҳар 10 боладан 9 нафари бу имкониятдан бемалол фойдалана олади. Бу ҳолатдан энг кўп қишлоқда яшайдиган болалар азият чекмоқда.

Халқаро электр алоқалари бош котиби Хоулин Чжаога кўра, қишлоқ аҳолисини интернетга улаш вазифаси ҳамон мураккаблигича қолмоқда.

АҚШ Бош прокурори: Сайловда овоз бериш натижаларини ўзгартирадиган даражада сохтакорликлар бўлмади

АҚШ Бош прокурори Уильям Барр президент Трампнинг энг яқин сафдошларидан бири сифатида кўрилади.

АҚШ Бош прокурори Уильям Барр Адлия вазирлиги 3 ноябрда ўтган президентлик сайлови натижаларини ўзгартириб юборадиган даражадаги қонунбузарликларни топмаганини билдирди.

Барр "Ассошиэйтед Пресс"га берган интервьюсида прокуратура ва Федерал тергов бюроси (ФТБ) агентлари конкрет аризалар, жумладан, президент Трампнинг овозларни санаш машиналари овозларни сохталаштиргани тўғрисидаги иддаолари юзасидан текшириш олиб борганини айтди.

"Аммо овоз бериш натижаларини ўзгартира оладиган даражадаги сохталаштиришлар бўлгани ҳозирча аниқланмади”,-деди АҚШ Бош прокурори.

Уильям Барр президент Трампнинг энг яқин сафдошларидан бири сифатида кўрилади. Сайлов арафасида Барр почта орқали овоз бериш сохтакорликларга йўл қўйилишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.

Ўтган ойда Барр барча прокурорларга овоз бериш жараёнида қонунбузарликларга йўл қўйилгани тўғрисидаги “асосли айбловларни” диққат билан текширишга кўрсатма берган.

Трамп қатор штатларда овоз бериш натижалари сайланган президент Байден фойдасига ўзгартирилгани тўғрисида далил-исботсиз иддаоларни қилиб келган ва судларга мурожаат қилган. Бироқ судлар Трампнинг бу аризаларини асоссиз деб топган.

BioNTech / Pfizer ЕИдан коронавирусга қарши ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказишни илтимос қилди

BioNTech ва Pfizer ўзлари ишлаб чиқарган вакцина 95 фоиз самара кўрсатганини иддао қилганлар.

Германиянинг BioNTech ва унинг ҳамкори бўлган АҚШнинг Pfizer ширкатлари Европа Иттифоқи мувофиқлашитрувчи органларига ўз вакцинасини рўйхатдан ўтказиш илтимоси билан ариза топширди.

Бу икки ширкат бу ишни рақобатчи Moderna ширкати коронавирус инфекциясига қарши ўзи ишлаб чиқарган вакцинани рўйхатга олиш илтимоси билан АҚШ ва ЕИ расмийларига мурожаат қилганидан бир кун ўтиб амалга оширди.

АҚШнинг Moderna ширкати ўз вакцинаси 94,1 фоизлик самара кўрсатганини билдирган. BioNTech ва Pfizer ўзлари ишлаб чиқарган вакцина 95 фоиз самара кўрсатганини иддао қилганлар.

Дастлабки тахминларга кўра, Pfizer вакцинаси таннархи Moderna ширкатиникидан арзонроққа тушади.

BioNTech BNT162b2 деб номланаётган вакцина рўйхатга олинса, у 2020 йилнинг охиригача Европа Иттифоқида қўлланила бошланиши мумкинлигини билдирди.

BioNTech ва Pfizer аввалроқ вакцинани рўйхатдан ўтказиш илтимоси билан АҚШ ва Британия ҳукуматига мурожаат қилган.

Дори-дармонлар бўйича Европа агентлиги (EMA) 29 декабрда BioNTech ва Pfizer вакцинасининг хавфсизлиги ва самарадорлиги юзасидан махсус йиғилиш ўтказишини билдирди.

Пандемия оқибатида 2021 йилда гуманитар ёрдамга муҳтожлар сони кескин кўпаяди

Гуманитар ёрдамга муҳтож покистонлик қочқинлар.

БМТнинг гуманитар ёрдамларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси коронавирус пандемияси оқибатида 2021 йилда гуманитар ёрдамга муҳтожлар сони кескин кўпайишини билдирди.

Бошқарма 1 декабрда эълон қилган ҳисоботда таъкидланишича, ёрдамга муҳтожлар сони 40 фоизга кўпайиб, 235 миллион кишига етади.

БМТнинг гуманитар ёрдамларни мувофиқлаштириш бўйича бошқармаси муҳтожларнинг фақат 159 миллионини қамраб олиш имкониятига эга бўлади. Бунинг учун 2021 йилда 35 миллиард доллар зарур. Бу гуманитар ёрдам учун ажратилган рекорд даражадаги пул бўлади. Айни пайтда гуманитар ёрдам кўлами 17 миллиард долларни ташкил қилади.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш пандемия гуманитар ёрдам кўрсатиш бюджетига қаттиқ зарба берганини айтди. Унга кўра, 2021 йилда қашшоқлар сони сезиларли даражада кўпайиши кутилмоқда.

2021 йилда Яман, Афғонистон, Конго, Гаити, Нигерия, Жанубий Судан, Украина, Венесуэла, Мозамбик, Покистон ва Зимбабведа гуманитар ёрдамга муҳтожлар сони ошади.

Пандемия оқибатида 400 минг денгизчи уйларига қайта олмаяпти

Керчь бўғозидаги Украина кемалари.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жаҳон давлатларини COVID-19 оқибатида денгиз ва океанлар қамалида қолган денгизчиларга эътибор қаратишга чақирди.

1 декабрь куни 193 аъзодан иборат БМТ Бош Ассамблеясида қабул қиилнган резолюцияда қайд этилишича, шу кунларда жаҳондаги 2 миллион денгизчидан 400 минг нафари пандемия оқибатида жорий этилган чекловлар ортидан ўз уйларига қайта олмай, денгиз ва окенлар қамалида қолган.

Хитой, Филиппин, Индонезия, Россия ва Украина жаҳонда энг кўп тижорат кемаларига эга давлатлар ҳисобланади. Бу давлатлар ҳиссасига денгиз орқали савдо-сотиқнинг 90 фоизи тўғри келади.

“Бугунги кунда минглаб денгизчилар ўз кемаларида қамалиб қолди. Улар узоқ давом этган сафарларидан сўнг уйларига қайта олмаяптилар. Улар жисмонан ва маънан чарчаганлар”,-деди Бош Ассамблеяда Европа Иттифоқи вакили Пегги Виссерс.

Германияда автомобилнинг оломон устига юриши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 кишига етди

Полиция Трирда оломон устига ҳайдалган машинани олиб кетмоқда.

Германиянинг Трир шаҳрида 1 декабрь куни автомобилнинг оломон устига юриши оқибатида тўққиз ойлик чақалоқ ва яна тўрт киши ҳалок бўлди. Камида 14 киши жароҳатланди. Жароҳатланганлардан айримларининг аҳволи оғир экани билдирилди.

Полиция автомобилни оломон устига ҳайдаган Бернд В,, исмли 51 ёшли немис фуқароси қўлга олинганини маълум қилди. Полициянинг билдиришича, ҳайдовчи маст аҳволда бўлган. Унинг ҳаракатида ҳеч қандай сиёсий мотивлар ёки террорчилик бўлмаган.

Маҳаллий полиция расмий вакили Карл-Петер Йохем маст ҳайдовчи автомобилни оломон устига ҳайдаб, полиция уни тўхтатгунига қадар 1 километр масофани босиб ўтганини айтди. Катта тезликда келаётган машина ўнлаб одамларни босиб ўтган.

2016 йил декабрида ҳам Германия пойтахтида шунга ўхшаш ҳодиса рўй берган. Ўшанда юк машинаси рождество бозорига тўпланган оломон устига юриши натижасида 12 киши ҳалок бўлган, 58 киши тан жароҳати олган. Германия канцлери Ангела Меркель мазкур фожиани “террор хуружи”деб атаганди.

Шу йил февралида эса Германиянинг Фолькмарзен шаҳрида "Мерседес" русумидаги автомобиль ҳайдовчиси машинасини карнавал иштирокчилари устига ҳайдаши оқибатида камида 30 киши жароҳат олган. Ўшанда айрим маҳаллий нашрлар 29 ёшли германиялик ҳайдовчи ҳодиса чоғида маст бўлганини ёзган эдилар.

Кобулдаги портлашда Россия элчихонаси ходимлари жароҳатланди

Кобулда 16 ноябрь куни портлатилган автомашиналардан бири.

Афғонистон пойтахти Кобулда 1 декабрда содир этилган теракт оқибатида Россия элчихонаси ходимлари жароҳатланди. Қўлбола бомба портлаган пайтда рус дипломатлари автомобилда кетаётган бўлган.

Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарованинг билдиришича, элчихона ходимлари енгил контузия олишган. Жароҳатланган дипломатлар сони ҳақида маълумот берилмади.

Теракт Россия элчихонаси яқинида содир этилган. Дастлабки маълумотларга қараганда, террорчи дипломатлар машинаси олдида кетаётган Афғонистон хавфсизлик кучлари пикапини портлатмоқчи бўлган.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазирлиги “теракт Россия фуқароларига қаратилган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилиб бўлмаслиги”ни таъкидламоқда.

Россия Афғонистон ҳукуматидан бу ҳодисани диққат ва эътибор билан тергов қилишни талаб этмоқда.

Татаристон пойтахти Қозонда ўзбекистонлик қурувчи бинодан йиқилиб ҳалок бўлди

Қозон прокуратураси қурилиш объектидаги хавфсизлик чораларини текширмоқда.

Қозондаги қурилишлардан бирида ишлаётган ўзбекистонлик муҳожир иккинчи қаватдан йилиб тушиб, ҳалок бўлди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги 1 декабрь куни маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси бу ҳодиса 27 ноябрь куни юз берганини билдирган. Ҳалок бўлган А.М.,нинг ёши 37 да эди.

Ташқи ишлар вазирлиги Бош консулхона вазиятни ўз назоратига олгани, жасадни ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа масалаларни ҳал қилишда ёрдам кўрсатилаётганини маълум қилди.

Хабарда таъкидланишича, Қозон прокуратураси қурилиш объектидаги хавфсизлик чоралари ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилганлигини текширмоқда.

“Вагнер хусусий ҳарбий ширкати”нинг собиқ разведкачиси Сурияга оид хотираларини ёйинлади

Палмирани "Ислом давлати" жангариларидан тозалашда иштирок этган суриялик жангчилар, 2016 йил марти.

“Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” разведка ротасининг собиқ командири Марат Габидуллин ёлланма жангчи бўлган пайтига оид хотираларини ёйинлади. Унинг китоби “Наёмник” нашриёти томонидан чоп қилиниши режаланмоқда. Муаллиф ўз хотираномасида Суриядаги хизмати ҳақида баён қилиб, Палмирани “Ислом давлати” жангариларидан озод қилишда ва Дайр-аз-Зордаги қонли жангларда иштирок этганини иддао қилади. Ёлланма жангчи “Медуза” нашри суҳбатлашган.

Габидуллин “Вагнер ХҲШ”да 2015 йилдан бошлаб хизмат қилган. У Рязань олий ҳаво-десант билим юртини тамомлаган. 1997 йили машҳур ёлланма қотил Владимир Татаренков гуруҳига алоқадорлиги учун қамалган, кейин эса тансоқчилик қилган, қўриқчилик хизматида ишлаган. Бироқ, ўзининг айтишича, мактаб давридан ҳарбий хизматчи бўлишни орзу қилган. “Вагнер ХҲШ”да у хизматни оддий аскарликдан бошлаган ва разведка ротаси командири даражасигача кўтарилган. 2016 йил мартида у “Ислом давлати” жангарилари томонидан эгаллаб олинган Палмирани озод қилишда иштирок этган ва ўша ерда оғир яраланган.

Габидуллин Суриянинг Хмеймим шаҳридаги ҳарбий базада бўлганини, у ерда ҳарбий амалиётда иштирок этган ва суриялик ҳарбийлар отрядини тайёрлаган россиялик зобитларни кўрганини иддао қилган. Унга кўра, Сурияда асосий вазифани ёлланма жангчилар бажарган, мунтазам армия эса жонини жабборга бериб, курашган эмас.

Сурия армиясини у жанг қилишга уқувсиз тузилма, деб ҳисоблайди. Россия армияси эса олд сафларда жанг қилмаган. “Десантчилар ва денгиз пиёдалари ялқов нусхалар эди. Улар ҳарбий командировкадан семириб, офтобда қорайиб қайтишарди”, деган М. Габидуллин.

Ёлланма жангчи иддаосига кўра, Хмеймимдаги ва Россиядаги госпиталлар ХҲШ жангчилари билан тўла бўлган. 2017 йил бошидан уларга қурол-аслаҳанинг сифатсизини бера бошлаганлар. “Бир марта Россия авиацияси учоғи билмасдан вагнерчиларга зарба берган”, дейди у.

Яраланганидан кейин Габидуллин Подмосковьедаги ҳарбий госпиталда даволанган. Бунинг ортидан бир муддат бошқа ҳарбий клиник касалхонада даволанган ёлланма жангчи сўнгра Санкт-Петербургдаги хусусий шифохонага кўчирилган. Reuters агентлиги мазкур шифохонанинг президент Владимир Путинга яқин кишиларга алоқадор эканини ёзган эди. У ўзи имзолаган шартномада ярадор бўлган тақдирда даволаниш ҳақида ҳеч нарса дейилмагани, муолажа учун шахсан тадбиркор Евгений Пригожиндан миннатдор эканини билдирган.

Россия расмийлари “Вагнер ХҲШ” каби тузилма борлиги ҳамда унинг Суриядаги жангларда қатнашганини рад этиб келишади.

Германияда автомобилнинг оломон устига юриши оқибатида камида икки киши нобуд бўлди

Трир шаҳридаги (Германия) ҳодиса юз берган жой, 2020 йил 1 декабри.

Германия ғарбийдаги Трир шаҳрида Range Rover автомобилининг йўловчилар устига юриши натижасида камида икки киши қурбон бўлди, йўқ деганда ўн беш одам жароҳатланди.

DPA агентлигининг маҳаллий нашрлардаги маълумотларга таянган ҳолда хабар қилишича, автомобилнинг 51 ёшли ҳайдовчиси қўлга олинган. Унинг германиялик экани айтилмоқда. Ҳайдовчининг бу ишни қай мақсадда амалга оширгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Расмийлар терговчилар ишига халақит бермаслик учун шаҳарликлардан ҳодиса содир бўлган жойга яқинлашмасликка чақирган.

Айни пайтда полиция воқеа ҳақида мишмиш ва текширилмаган маълумотларни тарқатмаслик ҳамда “маҳаллий полициянинг Твиттерда чоп қилинаётган ишончли маълумотларига таяниш” илтимоси билан жамоатчиликка мурожаат қилди.

2016 йил декабрида ҳам Германия пойтахтида шунга ўхшаш ҳодиса рўй берган. Ўшанда юк машинаси рождество бозорига тўпланган оломон устига юриши натижасида 12 киши ҳалок бўлган, 58 киши тан жароҳати олган. Германия канцлери Ангела Меркель мазкур фожиани “террор хуружи”деб атаганди.

Шу йил февралида эса Германиянинг Фолькмарзен шаҳрида "Мерседес" русумидаги автомобиль ҳайдовчиси машинасини карнавал иштирокчилари устига ҳайдаши оқибатида камида 30 киши жароҳат олган. Ўшанда айрим маҳаллий нашрлар 29 ёшли германиялик ҳайдовчи ҳодиса чоғида маст бўлганини ёзган эдилар.

Франция: Депутатлар сўз эркинлигини чекловчи қонун моддасини қайта кўриб чиқишмоқчи

Франция парламентида кўпчиликни ташкил қилган депутатлар “глобал хавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 24-моддасининг янги версиясини таклиф қилишга ҳозир эканларини билдирдилар. Хизмат вазифасини ўтаётган полициячилар акс этган видео ёйинланишини тақиқловчи бу модда жамоатчилик орасида норозилик тўлқинини келтириб чиқарганди. Депутатлар мазкур моддани ўзгартиришга тайёр эканлари ҳақида 30 ноябрь куни парламентдаги “Олға, Республика” фракцияси раҳбари, собиқ ички ишлар вазири Кристоф Кастанер маълум қилди.

“Глобал хавфсизлик тўғрисида”ги қонун лойиҳаси айнан шу фракция вакиллари ҳамда уларнинг иттифоқчиси бўлган Agir ensemble (“Биргаликда ҳаракатланиш”) парламент гуруҳи томонидан муҳокамага қўйилганди, дея хабар қилди Франция халқаро радиоси.

Қонун лойиҳасининг 24-моддасида жандарм ва полициячиларнинг юзи ёки бошқа “идентификация унсурлари” кўринган видеотасвирларни (агар бундай видео уларнинг “жисмоний ва психик дахлсизлиги”га зарар етказадиган бўлса) тарқатганлик учун 45 минг евро миқдорида жарима ёки бир йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.

Бу модда Францияда кенг кўламли норозилик чиқишлари бошланишига сабаб бўлган. Ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар касаба уюшмалари буни демократия, матбуот эркинлиги ва ахборот олиш ҳуқуқига қарши ҳужум ўлароқ баҳолашган.

Мазкур тақиққа қарши бир неча кундан бери Франциянинг ўнлаб шаҳрида минглаб одам норозилик билдириб, кўчага чиқаётган, бу каби акцияларнинг айримлари тартибсизликларга айланиб кетган, полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солганди.

Франция президенти Эммануэль Макрон ўтган жума Елисей саройида парламентда кўпчиликни ташкил қилган фракция вакиллари, бош вазир, ИИВ раҳбари ва адлия вазири билан учрашув ўтказган. Полициячилар томонидан мусиқа продюсери Мишель Зеклернинг аёвсиз калтакланишига муносабат билдирар экан, Макрон бу видеоёзув “одамни уялтириши”ни айтган. У фуқаролар ва уларни ҳимоя қилиши лозим бўлган кишилар ўртасида ўзаро ишончни тиклаш учун ҳукуматдан “зудлик билан ўзгартишлар киритиш”ни талаб қилган.

Жаҳоннинг 56 давлати Россиядан Навальний бўйича тушунтириш талаб қилди

Мутахассислар Навальний «Новичок» туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлаганди.

Россия 30 ноябрда яна халқаро танқидлар нишонига айланди. Ғарб давлатлари Россиядан яна мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тушунтириш талаб қилди.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилот (КҚТТ)га аъзо давлатларнинг ярмига яқини 30 ноябрда ўтган анжуманда Навальнийнинг Россияда заҳарланиши танқид қилинган баёнотни қабул қилди.

Мазкур баёнот Британия, Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар, Норвегия, Албания, Черногория, Австралия, АҚШ, Канада, Янги Зеландия томонидан имзоланди. Баёнотни имзолаган 56 давлат “КҚТТнинг мустақил экспертлари Навальний “Новичок” туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарлангани юзасидан берган хулосага ишонишлари”ни билдирдилар.

Баёнотда бу қурол 2018 йилнинг 4 мартида Британиянинг Солсбери шаҳрида Россия ҳарбий разведкаси жосуси Сергей Скрипал ва унинг қизига нисбатан ишлатилганини ҳам эслаб ўтилди.

Кимёвий қуролларни тақиқлаш бўйича халқаро ташкилотга аъзо 193 давлатнинг 56таси Россия ҳукуматини Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан маълумотларни ошкор этишга чақирди.

Россия мазкур баёнотга жавобан Навальнийнинг заҳарланишига алоқадор эмаслигини яна бир бор таъкидлади.

“Бўлган ҳодисани тергов қилиш ўрнига Германия ва унинг иттифоқчилари мегафон дипломатиясини танлади. Россияга нисбатан оммавий дезинформация кампанияси бошланди ва КҚТТ шафеълиги остида “халқаро мустақил тергов”ни талаб қила бошлади”,-дейилади Россия ҳукумати баёнотида.

Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальнийнинг анализ намуналари қатор Европа давлатларидаги лабораторияларда текширилди ва мутахассислар Навальний "Новичок" туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлади.

Қирғизистон собиқ президенти Атамбаевга чиқарилган аввалги суд ҳукми бекор қилинди

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев (қафас ичида ўртадаги) суд жараёни пайтида.

Қирғизистон Олий суди собиқ президент Алмазбек Атамбаев жиноят олами лидери Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадорлиги тўғрисидаги жиноят ишини қайта кўриб чиқиш учун Бишкек шаҳар Биринчи Май туман судига қайтарди.

Адвокат Замир Жоошев 30 ноябрь куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига Атамбаевни уй қамоғига чиқариш масаласини ҳам туман суди ҳал қилишини билдирди.

“Биз Олий суддан қуйи инстанция судларининг ҳукмларини бекор қилишни ва ишни қайта кўриб чиқишга жўнатишни илтимос қилганмиз. Олий суд бу илтимосимизни қаноатлантирди, аввалги суд ҳукмлари бекор қилинди ва иш қайта кўриб чиқиладиган бўлди”,-деди адвокат.

Жиноят олами лидери Азиз Батукаев 16 фил 8 ой қамоққа ҳукм қилинган эди. Лекин 2013 йилда у “ўлимга олиб келувчи оғир касалликка” чалинган деган асосда ноқонуний равишда қамоқдан озод қилинган эди. У қамоқдан чиққан куниёқ Чеченистонга махсус самолётда учиб кетган.

Батукаевнинг ноқонуний қамоқдан бўшатилишига оид жиноят иши 2019 йилнинг январида якунланиб, ўша йилнинг октябрида судга жўнатилган.

2020 йилнинг 23 июнида Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевни айбдор деб топиб, мол-мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиш билан 11 йил 2 ойлик қамоққа ҳукм қилган.

Мазкур иш доирасида собиқ Бош прокурор Индира Жолдубаева ҳам айбдор деб топилган ва 5 миллион сўм жаримга тортилган.

Бундан ташқари, мазкур иш доирасида яна қатор юқори лавозимли амалдорлар айбдор деб топилиб, турли муддатларга қамалган.

Бишкек шаҳар суди 17 август куни туман судининг ҳукмини тасдиқлаган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG