Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:37

Муҳожиратдаги ўзбек фаоллари АҚШдан Тошкентга босимни кучайтиришни сўради


АҚШ Ислом Каримов ҳукуматини инсон ҳуқуқлари масаласида танқид қилиб келади, лекин фаоллар бундан кифояланмайди.
АҚШ Ислом Каримов ҳукуматини инсон ҳуқуқлари масаласида танқид қилиб келади, лекин фаоллар бундан кифояланмайди.

Муҳожиратдаги ўзбек фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячилари Қўшма Штатлардан келаси йилга белгиланган Ўзбекистон президент сайловидан олдин Тошкент ҳукуматига сиёсий маҳбуслар масаласи юзасидан босим ўтказишга чақирмоқда. АҚШ Ҳелсинки комиссиясида 28 октябрь куни уюштирилган эшитувлар иштирокчилари Тошкентга конкрет муждалар юборилиши Ўзбекистон қамоқхоналаридан ўнлаб маҳбусларнинг озод қилинишга ҳисса қўшиши мумкинлигига ишонишларини билдиришди.

Сешанба куни АҚШ Конгрессининг Ҳелсинки комиссияси деб номланувчи қўмитасида ўтказилган эшитувларда ўзбекистонлик собиқ сиёсий маҳбус Санжар Умаров, 15 йилдан бери Ўзбекистон қамоғида қолаётган Муҳаммад Бекжоннинг қизи ва Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов қатнашди.

АҚШ Конгрессининг нуфузли вакилларидан иборат комиссия олдида чиқиш қилган фаоллар Вашингтон Тошкент ҳукуматига сиёсий маҳбуслар масаласида босим ўтказиши ўтган ойда Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти эълон қилган ҳисоботда исмлари тилга оланган ўнлаб сиёсий маҳбусларнинг тақдирига ижобий таъсир қилишига ишонишларини билдирди.

АҚШда муҳожиратда яшаётган собиқ сиёсий маҳбус, “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси етакчиси Санжар Умаров “Бу фақат бошланиши бўлади. Ўзбекистонда ноҳақ қамалган кўплаб одам озодликка чиқарилиши керак. Бу миллий муросага эришиш томон муҳим қадам бўлади”, дея таъкидлади.

ҲРУ 26 сентябрь куни эълон қилган ҳисоботида Ўзбекистон қамоқларидаги сиёсий маҳбуслар абгор шароитларда сақланиши, қийноққа солиниши, жумладан электр токи, нафас қайтарилиши, жинсий тажовуз ва бошқа кўринишлардаги қийноқларга солиниша қайд этилган.

ҲРУнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши қошида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият, хусусан сиёсий маҳбусларнинг шароитини назорат қилувчи механизмни ишлаб чиқиши лозим, дея таъкидлади. Ғарб давлатларининг бу масалага совуққонлик билан ёндашаётгани вазиятни янада ёмонлаштирмоқда, дея эслатди ҳуқуқ фаоли.

- Бу воқеалининг энг аянчли ва мушкул жиҳатларидан бири Ғарбнинг Ўзбекистонда инсон ҳақлари топталаётганига панжа орасидан қараётганидир, деди Стив Свердлов.

АҚШ расмийлари Каримов ҳукумати тарафидан фуқаролар ҳуқуқлари топталаётганини танқид қилиб келади, лекин ҳуқуқ фаоллари бу масала Вашингтон учун иккиламчи муаммога айлаиб қолганини айтади. АҚШнинг хавфсизлик масалалари, хусусан Афғонистондаги қўшинларни таъминлаш мақсадида ташкил қилинган ва Ўзбекистон ҳудуди орқали ўтувчи Шимолий Таъминот Тармоғи масаласи инсон ҳуқуқларини иккинчи планга ўтказиб қўйди, дейди танқидчилар.

Свердлов АҚШ етакчилигидаги коалициянинг Афғонистонда жанговар ҳаракатларни якунлаётгани Вашингтон маъмуриятининг “Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларга доир масалани тез-тез эслатиб туриши” учун имкон яратишига умид билдирди.

Санжар Умаров АҚШ сиёсатчиларидан келаси йилнинг март ойига белгиланган Ўзбекистон президент сайлови олдидан кучли муждаларни юбориш, хусусан президент Ислом Каримов яна сайловда қатнашиш истагини билдирадиган тақдирда бу мамлакат конституциясига зид бўлишини аниқ баён этишларини сўради.

- Биз қурол-аслаҳа сўрамаяпмиз. Биз пул ҳам сўрамаяпмиз. Биз фақат АҚШ Давлат департаментининг Каримов яна қайта сайланишига бефарқ қараб турмаслигини баён этишини истаяпмиз холос, деди Умаров.

“Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси етакчиси 2006 йилда маблағларни ноқонуний ўзлаштириш ва солиқдан бўйин товлаш айбловлари билан қамоққа ташланган эди. Умаровнинг тарафдорлари бу айбловларни сиёсий, дея атаган эди.

28 октябрь кунги эшитувларда 1999 йилда ўзбек махфий хизматлари томонидан Киевдан ўғирлаб кетилиб, Ўзбекистон қамоғига ташланган журналист Муҳаммад Бекжоннинг қизи Ойгул Бекжон ҳам қатнашди.

Комиссияга мурожаат қилган Ойгул 15 йилдан бери қамоқда қолаётган отаси бошдан кечираётган қийноқлардан сўз очди. 2012 йилда Муҳаммад Бекжоннинг қамоқ муддати, қамоқхона қоидаларини бузганлик важлари билан яна беш йилга узайтирилган эди.

Ойгул Бекжон 1999 йилги Тошкент портлашларида мухолифат айбланиб, қама-қамалар бошланиши ортидан мамлакатни тарк этган отаси бу воқеаларга умуман алоқаси бўлмаганини алоҳида таъкидлади.

XS
SM
MD
LG