Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:28

Афғонистон президенти толибларни ярашув музокараларига чақирди


Афғонистон президенти Ашраф Ғани.
Афғонистон президенти Ашраф Ғани.

Афғонистоннинг янги сайланган президенти Ашраф Ғани Толибон ҳаракатини ярашув музокараларига қўшилишга чақирди. Ғанининг ушбу чақириғи Хитой мезбонлик қилаётган минтақавий анжуманда янгради.

Хитой пойтахти Пекинда бўлиб ўтаётган минтақавий йиғилишда 31 октябрь куни сўзлаган Афғонистон Президенти Ашраф Ғани мамлакатда тинчлик ўрнатиш янги ҳукуматнинг “устувор мақсади экани”ни алоҳида таъкидлади.

Ғани Афғонистон ҳукуматининг сиёсий мухолифлари, айниқса, Толибон ҳаракатини афғонлараро диалогга қўшилишга даъват қилди.

Хитой Ташқи ишлар вазири Ванг Йи ҳам Афғонистондаги барча гуруҳларни “эски гиналарни четга суриб” сиёсий ярашув жараёнида иштирок этишга чақирди.

- Биз Афғонистондаги барча гуруҳларни, жумладан, толибларни шу имкониятдан фойдаланиб, қарор қабул қилишга, имкон қадар тез фурсатда сиёсий муросага келиш учун жанг майдонини тарк этиш ва келажакка эътибор қаратишга чақирамиз. Афғонистон халқининг тинч тараққиётига барча томон биргаликда ҳиссасини қўшиши лозим, дея баёнот берди Ванг Йи.

Хитой Бош вазири Ли Кецян Хитой ҳукумати афғонларга турли соҳаларда касб ўргатишда малакали ёрдам кўрсатиш учун 244 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиши, бундан ташқари 500 нафар афғонистонлик талаба Хитойда таълим олишини айтди.

29 октябрь куни Хитой Афғонистонга 330 миллион доллар маблағ профессионал тренинглар учун грант сифатида берилиши ва келаси беш йил давомида 3500 нафар афғонистонлик талаба Хитой олийгоҳларида таҳсил олишига имкон берилишини билдирган эди.

Бир триллион доллардан ортиққа тенг минерал ресурсларга эга экани айтилаётган Афғонистоннинг асосий инвестори Хитой ҳисобланади.

Пекин аллақачон Афғонистоннинг нефт ва мис конларини ўзлаштириш бўйича шартномалар имзолаган.

Афғонистон Хитой билан 76 километрлик чегара ҳудудига эга.

Минтақавий анжуман муваффақиятли ўтганини олқишлаган Хитой Ташқи ишлар вазири Ванг Йи йиғилиш иштирокчилари “Пекин Декларацияси” доирасида савдо, инвестиция, инфратузилма, фожиалар олдини олиш ва маориф соҳаларини ўз ичига олган 64та дастурни Афғонистонда амалга оширишни бошлашга келишиб олинганини билдирди.

Ванг фикрича, бу лойиҳалар афғонистонликларга ташқи ёрдамсиз мамлакатда тинчликни сақлашда ёрдам беради.

Афғонистон бўйича Истанбул жараёни деб номланган вазирлар даражасидаги тўртинчи учрашувда ўттиздан ортиқ давлат расмийлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, БМТнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Ян Кубиш ҳам қатнашмоқда.

Келаси йилларда Афғонистондаги хорижий кучлар сони кескин камайиши боис мамлакат келажаги хусусида хавотирлар кучаймоқда.

Айниқса, Афғонистондаги жанггариларнинг Шинжон уйғур мухториятидаги айирмачилар билан алоқа ўрнатиши мумкинлиги Хитой ҳукуматини ташвишга солмоқда.

XS
SM
MD
LG