Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2020, Тошкент вақти: 19:29

Ўзбекистон хабарлари

Равшан Эрматов Истанбулдаги ўйинга ҳакамлик қилади

ФИФА рефериси Равшан Эрматов.

Ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов Туркия ва Бразилия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувига ҳакамлик қилади.

Бу ўртоқлик учрашуви 12 ноябрь куни Истанбулда бўлиб ўтиши керак.

Эрматовнинг мазкур учрашувга ҳакамлик қилиши таклифи Туркия Футбол федерациясидан чиққан.

Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, Истанбулда бўлиб ўтадиган ўртоқлик учрашувида Эрматовга қанотларда лайнсменлар Абдуҳамидулло Расулов ва Жаҳонгир Саидов ёрдамчилик қилади.

Кун янгиликлари

Ўзбек ҳукумати Суриядан ватандошларининг навбатдаги гуруҳини олиб келмоқчи

Ўзбекистон делегацияси Сурияга ташриф буюриб, ушбу мамлакатда қийин аҳволга тушиб қолган республика фуқаролари, аёллар ва болаларни ватанига қайтариш бўйича навбатдаги акциянинг ташкилий масалаларини муҳокама қилган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг "Дунё" агентлиги хабар берди.

"Ушбу мақсаддаги чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида фақат инсонпарварлик тамойилларига таянилади", — дейилади хабарда.

Суриядан қанча ўзбекистонлик олиб келиш мўлжалланаётгани ҳақда хабарда маълумот келтирилмаган.

Айни пайтда Туркия матбуоти Ўзбекистон бош вазири маслаҳатчиси Меҳриддин Ҳайриддинов бошлиқ делегация 26 ноябр куни Сурия шимолига сафар қилиб, у ердаги автономия маъмурият раҳбарлари, жумладан Абдул Карим Умар ва унинг муовини Фанар Қайитлар билан музокара ўтказгани ҳақда хабар қилди.

Абдул Карим Умар Туркия доҳил АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам террор ташкилоти деб тан олган ПКК Курдистон Ишчилар Партияси ташқи алоқалар бюроси ҳамраисларидан бири экани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати илк бор 2019 йил май ойи охирида 156 нафар ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болаларни Uzbekistan Airways’нинг Сурия пойтахти Дамашқдан амалга оширилган махсус рейси билан Ўзбекистонга олиб келган эди.

Кейинчалик ушбу операция давомида Ўзбекистон томони маълум бир қийинчиликларга дуч келгани аён бўлган эди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бир давлат Суриядан ватандошларни олиб қайтиш учун Ўзбекистон самолётини уриб тушириш билан таҳдид қилганини маълум қилган эди.

Қурилиш ширкати Ёшлар Иттифоқини иш ҳақини бермаганликда айбламоқда

Жиззах шаҳрида Ёшлар инновацион марказини қурган қурувчи ширкат Ёшлар иттифоқини 9 млрд сўмлик ҳақини бир ярим йилдан буён бермай келаётганликда айбламоқда.

Жиззах вилояти марказидаги Ёшлар марказини қуриш ва реконструкция қилиш билан "Jizzax Real qurilish ta’mir" МЧЖ шуғулланган.

Бино бир йил олдин қуриб-битказилиб, фойдаланишга топширилганди.

Объектнинг жами қиймати 14 млрд 343 млн сўмни ташкил этади. Кун.уз нашри хабарига кўра, ушбу сумманинг 5 млрд 446 млн сўми қурувчи тадбиркорга тўлаб берилган холос. Қарийб 9 млрд сўмни буюритмачи бермаган.

Ёшлар иттифоқи нега пул тўланмаганини изоҳламаяпти. Ўзбекистонда қурилиш ширкатлари давлат идоралари буюритмасини бажариб бўлгач пулини ололмаслиги сўнгги йилларда кўп учрамоқда.

Сардоба сув омборидаги сув тошқини оқибатларини тиклашга сафарбар этилган қурувчилар ойлаб пулини ололмаётганликлари ҳақида Озодлик хабар берган.

Юк автомобилларининг пойтахтга кириш-чиқиши бўйича чеклов жорий қилиниши мумкин

Иллюстратив сурат

Юк автомобиллари учун Тошкент шаҳрига кириб чиқишда чекловлар ўрнатилиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев ўз Телеграм-канали орқали маълум қилган.

“Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига Тошкент шаҳар ИИБ ЙҲХБ томонидан йўлларда тирбандликнинг олдини олиш мақсадида эрталаб соат 7.00-10.00 ва кечки 17.00-20.00 вақтлар оралиғида Тошкент шаҳрига оғир юк ташувчи транспопрт воситаларининг кириб чиқишини чеклаш ҳақида қарор қабул қилиш таклифи киритилган”, деб ёзган парламентнинг қуйи палатаси депутати.

Кушербаевга кўра, мазкур масала тез кунларда Тошкент шаҳар кенгаши депутатлари томонидан кўриб чиқилиши режаланган.

Унинг фикрича, шаҳар депутатлари бу қарорни қабул қилган тақдирда, пойтахтда тирбандлик камайиши эҳтимоли бор.

Тошкентлик гувоҳлардан олинган маълумотларга кўра, кейинги пайтларда эрталаб (одамлар ишга кетадиган вақт) ва оқшомлари (одамлар ишдан қайтадиган вақт) пойтахт кўчаларида тирбандлик юзага келаётганини кузатиш мумкин.

Декабрь ойидан компьютер ўйинлари марказларини очишга изн берилди

Жорий йилнинг 1 декабридан Ўзбекистонда компьютер ўйинлари марказлари фаолиятига рухсат берилади.

Республика махсус комиссияси қарорида қайд этилишича, бундай чора “электрон спортни янада ривожлантириш мақсадида” кўрилмоқда.

Қарорга мувофиқ, компьютер ўйинлари марказлари қатор санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъий риоя қилиш, хусусан, залларда мижозларни ижтимоий масофани таъминлаган ҳолда жойлаштириш, ходимларнинг тиббий ниқоб ва тиббий қўлқопларда бўлиши, ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, 37 С ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд ҳолатда ҳамда тиббий ниқобда бўлмаган ҳолларда объектга киритмаслик чораларини кўриш талаб қилинади.

Бундан ташқари, марказ ходимлари зиммасига ҳар бир мижоздан кейин стол ва бошқа жиҳозларнинг юза қисмини дезинфекцион воситалар билан тозалаш вазифаси ҳам юкланган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш чораси ўлароқ шу йил март ойи ўртасидан кўплаб хизмат кўрсатиш шохобчалари, жумладан компьютер ўйинлари марказларининг ҳам фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилганди.

Тошкентда Artel’га қарашли корхонада ёнғин чиқди

Иллюстратив сурат

Тошкентнинг Яшнобод туманида жойлашган Techno Continental корхонасида 27 ноябрь куни тушга яқин ёнғин берган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, ёнғинга ишлаб чиқариш жараёнида ишлатиладиган сиқилган газнинг сизиб чиқиши сабаб бўлган.

Ёнғин натижасида воқеа жойида ишлаётган корхона ходимларидан бир гуруҳи термик жароҳат олганини билдирган ФВВ уларнинг сонига аниқлик киритмаган.

Воқеа жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари етиб боргунига қадар корхона ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан ёнғин бартараф этилган.

Жароҳат олган ходимлар зудлик билан Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига жойлаштирилган.

Хабарномада ҳодиса рўй берган жойда вазиятни ўрганиш ва бартараф этиш учун фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида тузилган республика ишчи гуруҳи фаолият олиб бораётгани қайд этилган.

Маълумотларга кўра, 2018 йил январида рўйхатга олинган Techno Continental корхонаси маиший электр ускуналари ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Корхонанинг муассислари Artel Electronics (62,5 фоиз) ҳамда İlk Sabah İnşaat Anonim Şirketi (37,5 фоиз) бўлиб ҳисобланади.

Андижонда 32 ёшли йигит ўлимига сабаб бўлган ИИБ ходимлари узоқ муддатларга қамалди

32 ёшли А. Абдукаримов Андижон ички ишлар ходимлари томонидан қийноққа тутилган ортидан жон таслим қилган эди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди биносида 27 ноябрь куни шаҳар ИИБ ходимлари томонидан қийноққа солингани оқибатида ҳаётдан кўз юмган 32 ёшли А. Абдукаримов ўлими билан боғлиқ жиноят иши бўйича маҳкама ниҳоясига етди ҳамда суд ҳукми эълон қилинди.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилган судланувчилар – Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ ЖҚГ тезкор вакили лавозимида ишлаган Д. Ҳамралиев 9 йилга, тезкор вакил Қ. Қодиров 10 йилга, тезкор вакил Э. Райимжонов 10 йилга, тезкор вакил Ф. Ҳусанбоев 10 йилга, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган П. Мамажонов эса 8 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган. Шунингдек, суд Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ навбатчилик қисми навбатчиси вазифасида ишлаган А. Тўрақуловни 1 йил муддатга ички ишлар идораларида ҳамда бошқа мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 1 йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.

Шу йил 30 май куни Андижон шаҳар ИИБсининг 4-бўлимидан қийноқ белгилари билан кома ҳолатида касалхонага олиб келинган А.Абдукаримов ​11 июнь куни оламдан ўтгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилганди.

Мазкур ҳодиса ҳақида июнь ойи охирида ҳатто Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам эслатиб, ички ишлар идораларидаги қийноқларни кескин танқид қилганди.

Тошкент яқинида маҳаллий журналист калтаклаб кетилди

Бахтиёр Эсоновнинг ўзи калтакланишини касбий фаолиятига боғламаяпти

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журнали мухбири Бахтиёр Эсонов 21 ноябрь куни номаълум шахслар томонидан калтакланиб, дала четидаги ариққа ташлаб кетилди.

Эсоновнинг яқинлари Озодликка ҳозирда Тошкент Тиббиёт Академияси клиникасида муолажа олаётган журналистнинг аҳволи қониқарли экани, аммо жароҳатлари битиши учун узоқ муддатли даволанишга тўғри келиши мумкинлигини маълум қилишди.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ИИБ тергов бўлимидан олинган маълумотга кўра, журналистга ҳужум қилган икки нафар шахс қўлга олинган. Уларнинг ёнидан журналист Бахтиёр Эсоновнинг 1,1 миллион сўм пули, Redmi русумли уяли алоқа телефони ҳамда хизмат гувоҳномаси топилган.

Дастлабки суриштирувларга кўра, 21 ноябрь куни ишдан қайтаётган мухбир хусусий киракашлар машинасига ўтирган. Ҳайдовчи Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек қўрғонига етмасдан рулни яйдоқ дала четига буриб, журналистдан пул ва бошқа ашёларини чиқаришини талаб қилган. Сўнгра уни икки номаълум шахс уни уриб, “ўлди” деган гумон билан дала четидаги ариққа ташлаб кетишган.

Озодлик журналист Бахтиёр Эсоновнинг ўзи билан ҳам гаплашишга муваффақ бўлди.

21 ноябрь куни ишдан қайтаётиб, хусусий киракашларнинг машинасига ўтирдим. Улар ярим йўлда машинани дала томонга буриб, менга пичоқ билан пўписа қилишди. Сўнг дўппослаб, нарсаларимни тортиб ола бошлашди. Ўзимга келиб, машинанинг рақами 10 O 538 TA эканини эсладим. Амаллаб уйга етиб олгач, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилдим”, - деди журналист.

Шифокорлар хулосасига кўра, калтакланиш оқибатида журналистнинг тишлари синган, танасида оғир гематома асоратлари бор, бош қисмида эса жиддий жароҳатлар мавжуд.

Шунингдек, унинг тана қисмида кўплаб шилинмалар, ички қон кетиши ва тана аъзоларининг синиши билан боғлиқ жароҳатлар бор.

Тошкент вилояти Зангиота тумани ИИБ навбатчилик қисми журналистнинг калтакланишига оид вазиятга изоҳ бермаслиги, бу ҳодиса унинг касбий фаолияти билан боғлиқми-йўқлигига оид маълумотларга эга эмаслигини билдирди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг телефон гўшагини кўтарган ходимаси бу ҳодисадан бехабарлигини таъкидлади.

Айни пайтда Б. Эсоновнинг ўзи калтакланишига касбий фаолияти сабаб бўлгани эҳтимолдан йироқ эканини қайд этди.

Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларни жиноий жавобгарликка тортиш режалаштирилмоқда

Ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлар бир йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганларга жиноий жавобгарлик белгиланиши режалаштирилмоқда. Бу борадаги қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида Жиноят кодексини 202-прим модда билан тўлдириш таклиф қилинган.

Мазкур моддага асосан ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уни қийнаш унинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликни чеклаш ёки олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу қилмиш бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, Интернетдан фойдаланиб тарқатган ҳолда содир этилган бўлса ёҳуд икки ёки ундан ортиқ ҳайвонга нисбатан содир этилган бўлса, вояга етмаган шахс ҳозирлигида ёки Қизил китобга киритилган ҳайвонларга нисбатан содир этилган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистон Ядро тадқиқотлари бирлашган институтига тўлақонли аъзолигини тиклади

Ядро тадқиқотлари бирлашган институтининг Дубнадаги бош қароргоҳи.

Ўзбекистон Ядро тадқиқотлари бирлашган институтига тўлақонли аъзолигини 2021 йил 1 январдан қайта тиклайди. Бу ҳақда Фанлар академияси 26 ноябрь куни маълум маълум қилди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистоннинг тўлақонли аъзолигини қайта тиклаш масаласи 23 ноябрда Ядро тадқиқотлари бирлашган институтига аъзо давлатлар мухтор вакиллар қўмитасининг йиллик сессиясида муҳокама қилинган.

Қўмита аъзолари томонидан Ўзбекистоннинг Ядро тадқиқотлари бирлашган институтига тўлақонли аъзолигини 2021 йил 1 январдан тиклаш қарори қабул қилинди.

“Ўзбекистоннинг Ядро тадқиқотлари бирлашган институтига аъзолиги маҳаллий мутахассисларнинг йирик халқаро лойиҳаларда иштирок этиши ҳамда ядро технологиялари, ядровий тиббиёт, ахборот технологиялари ва материалшунослик йўналишларида юқори малакали кадрлар тайёрлашда кенг имкониятлар яратади”,-дейилади расмий билдирувда.

Ядро тадқиқотлари бирлашган институти Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Болгария, Вьетнам, Грузия, Қозоғистон, КҲДР, Куба, Молдова, Мўғулистон, Польша, Россия, Руминия, Словакия. Ўзбекистон, Украина, Чехия каби 18та давлат томонидан таъсис этилган эди.

Фанлар академияси расмий хабарида Ўзбекистон 65 йиллик тарихга эга мазкур институга тўлақонли аъзоликдан қачон чиққани ва бунинг сабаблари айтилмаган.

"Газета уз"нинг ёзишича, Ўзбекистон институтга 1992 йилда аъзо бўлган, бироқ 2015 йилда қарздор бўлиб қолгани ортидан аъзоликни тўхтатган.

Хабарда айтилишича, шу кунгача Ўзбекистон институтдан бўлган қарзнинг 60 фоизини тўлади. Қарзнинг қолган миқдори 20 йил давомида бўлиб-бўлиб тўланади.

Президент Қашқадарёда одамлар 20 сотихдан ерга эга бўла туриб, камбағал яшаётганини танқид қилди

Бош вазирга Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар ойда ҳисобот қабул қилиш вазифаси юкланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳокимларни танқид қилди.

“Ҳамма туман ҳокимлари, сектор раҳбарлари бир хил ишламаяпти, кўпи ишлашни хоҳламайди. Мана шу савол бугун ҳаммани қийнаши керак. Қашқадарёда, минг афсуски, натижа мутлақо йўқ. Йўлда ҳам йўқ, сувда ҳам йўқ, йўлнинг сифати ҳам йўқ. Илм йўқ қишлоқ хўжалигида, ҳосилдорлик йўқ, пахтанинг нави йўқ”, — деди президент.

Шавкат Мирзиёев Қашқадарёдаги ҳар бир оила камида 20 сотих томорқага эга эканини таъкидлар экан: “Ҳар бир хонадонда 20 сотих ер бўла туриб камбағал яшаш дунёда йўқ”,-деб айтди.

Шавкат Мирзиёев бош вазирга ва вазирларга Қашқадарёда амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳар ойда ҳисобот қабул қилиш вазифасини юклади. Вазирлар ҳисоботлар юзасидан президентга маълумот беришлари шарт бўлади.

Шавкат Мирзиёевга кўра, мана шу ҳисоботлар натижаларига қараб ҳар чоракда кимни ишдан олиш, кимни рағбатлантириш ҳақида қарор қабул қилинади.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев йиғилишлардан бирида Қашқадарё республикада энг кўп коррупцион ҳолатларга йўл қўйган вилоят сифатида қайд этилгани ҳақида гапирган эди.

“Ўзкимёсаноат” завод қурган ишчиларга нега 7 йилдан бери иш ҳақи берилмаётганини маълум қилди

Калий заводини қурган 205 нафар ўзбекистонлик иш ҳақини ололмаган.

Деҳқонобод калий ўғитлар заводини қурган юзлаб ишчиларга 7 йилдан бери иш ҳақи тўланмай келинаётганига пудратчи ташкилот - Россиянинг “ЗУМК-Инжиниринг” ширкати банкрот бўлгани сабаб ўлароқ кўрсатилди.

“Ўзкимёсаноат”нинг расман билдиришича, “ЗУМК-Инжиниринг” шартномага асосан маҳаллий ишчи ва ходимларга иш ҳақи тўлаши лозим эди. “Деҳқонобод калий заводи” АЖ “ЗУМК-Инжиниринг”га бажарилган иш учун ҳақни юз фоиз тўлаган, аммо Россия ширкати ишчиларга ойликларини тўлаб бермаган.

Маълум қилинишича, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ “Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясининг собиқ ишчиларининг тўланмасдан қолган ойлик маошларини ўз эгаларига қайтариш бўйича 2014 йилда АҚШнинг халқаро даражага эга бўлган “White & Case” юридик компаниясини жалб қилди.

Айни пайтда Россиянинг турли миқёсидаги судларида жами 205 нафар Ўзбекистон фуқаросининг иш ҳақини ундириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Хабарда таъкидланишича, 2018 йил 25 июнь куни Пермь вилояти Арбитраж судининг ажримига кўра, “ЗУМК-Инжиниринг” компанияси банкрот деб эълон қилинган.

“Айни пайтда компанияга тегишли мол-мулклар ўрнатилган тартибда баҳоланиб, сотувга қўйилиши лозим ва сотувдан тушган маблағлар “ЗУМК-Инжиниринг”нинг мавжуд барча қарздорликларини кетма-кетлик сўндиришга йўналтириши белгиланган”,-дейилади хабарда.

“Ўзкимёсаноат” шу кунгача “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясидан 561 319 335 сўм ундирган. Бу маблағнинг 380 367 052 сўм солиқ қарздорлиги учун олиб қолинган. 173 276 680 сўми эса ишчи ходимларнинг ҳар бирига тенг тақсимланган ҳолда иш ҳақи ва моддий зарарларнинг 10 фоизи миқдорида тўлаб берилган.

Аввалроқ маҳаллий матбуотда Деҳқонобод калий ўғитлар заводини қурган юзлаб ишчиларга 7 йилдан бери иш ҳақи тўланмай келинаётгани ва ҳақини талаб қилганлар эса “формали”лар томонидан қўрқитилаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди.

Ховосда бир оиланинг тўрт аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди

Ховос тумани прокуратураси бир оиланинг 4 аъзоси ис газидан заҳалангани юзасидан терговга қадар текширув ўтказмоқда. Бу ҳақда 26 ноябрь куни Бош прокуратура маълум қилди.

25 ноябрь куни маҳаллий нашрларда Ховос тумани Ховос шаҳарчаси, “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги кўп қаватли уйларнинг бирида ис газидан заҳарланиш туфайли бир оиланинг тўрт нафар аъзоси вафот этганлиги ҳақида хабар берилганди.

Хабарда айтилишича, 25 ноябрь соат 12:35да юз берган бу фожиада вафот этганларнинг уч нафари ҳали 10 ёшга ҳам тўлмаган болалар бўлган. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга вафот этганларнинг яқинлари хабар берган.

Маълум қилинишича, 31 ёшли уй бекаси З. Н., ва унинг 9 ёшли ўғли Ш.К., воқеа жойида ўлган. Яна 7 ёшли ва 3 ёшли икки ўғил касалхонада 26 ноябрь куни заҳарланишдан ўзига келмай вафот этди.

Ўзбекистонда қиш мавсумида ҳар йили юзлаб одамларнинг ис газидан заҳарланиши катта муаммо бўлиб қолмоқда.

Бош прокуратура 20 ноябрда бир кун ичида 9 киши ис газидан заҳарлангани ҳақида маълум қилган эди.

Наманган вилояти Чортоқ шаҳар, Мустақиллик кўчасида яшаган 25 яшар ногирон йигит Ҳикматилла Юсупов 18 ноябрь куни ис газидан вафот этди. 6 ноябрда Сирдарё вилоятида эр-хотин ис газидан заҳарланиб ўлган.

30 октябрда ис газидан Навоий вилояти Навбаҳор туманида икки нафар вояга етмаган ака-ука, 22 октябрь куни Хоразм вилоятининг Янгиариқ тумани Остона қишлоғида бир оиланинг тўрт аъзоси, 28 октябр куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида бир оиланинг уч аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 2019/2020 йил куз-қиш мавсумида 55 ҳолатда ис газидан заҳарланиш қайд этилгани, уларда 75 киши жабрлангани ва 73 киши вафот этганини билдирган эди.

Кейинги йилдан давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлик даражаси текширилиши мумкин

Ўзбекистонда 2021 йил 1 январидан бошлаб давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва унинг даражасини махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда баҳолаб бориш йўлга қўйилиши мумкин. Бу чора Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида муҳокамага қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида кўзда тутилган.

“Давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги мазкур қарор лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган.

Қарорга мувофиқ, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини баҳолаш Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Давлат хизматининг ягона электрон-ахборот таҳлил тизимидаги “Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” – махсус тест тизимидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Давлат хизматчиларини ҳар уч йилда бир марта тестдан ўтказиш таклиф қилинган.

Синов чоғида давлат хизматчиси томонидан 40 та тест саволига жавоб берилади, ҳар бир тўғри жавоб 2,5 баллдан баҳоланади.

Қайд этилишича, баҳолаш натижалари қуйидагича таснифланади:

  • аъло – 86 балл ва ундан юқори;
  • яхши – 71 баллдан 85 баллгача;
  • қониқарли – 56 баллдан 70 баллгача;
  • қониқарсиз – 0 баллдан 55 баллгача.

Давлат хизматчиси қониқарсиз натижани қайд этган тақдирда баҳолашдан ўтмаган ҳисобланади.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси шу йил 10 декабригача муҳокамада бўлади.

Қашқадарё ҳокими ўз вилояти коррупцияга энг кўп йўл қўйилган ҳудуд ўлароқ қайд этилганини билдирди

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев

Қашқадарё вилояти республикада энг кўп коррупцион ҳолатларга йўл қўйган вилоят сифатида қайд этилган. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, "Дарё" нашрининг ёзишича, куни кеча ХТВ раҳбари Шерзод Шерматов ва халқ таълими бошқармаси вакиллари иштирокида ўтказилган йиғилишда билдирган.

Йиғилишдаги чиқиши чоғида З. Мирзаев Қашқадарё вилояти халқ таълими тизимида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик ва коррупция авж олганини гапирган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг раҳбари ва Ҳисоб палатаси келганда биз вилоятдаги коррупцион ҳолатлар бўйича муҳокама ўтказдик. Айнан таълим ва тиббиётни муҳокама қилдик. Қашқадарё республикадаги энг катта коррупцион хатоликларга йўл қўйган вилоят сифатида қайд этилди. Бу қачонгача давом этади?" дея савол ташлаган вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.

Мулозим ўз сўзи давомида Яккабоғ туман халқ таълими тизимидаги коррупцион ҳолатлар ҳақида ҳам тўхталиб, “Яккабоғни айтяпти, жиноий иш очилган. Жиноий иш очилиб, уч ой давомида ҳали тергов кетяпти. Тергов давомида ўша одам, ўша раҳбар яна 200 миллион долларга коррупцион операция қилиб қўйган. Қандай қилиб булар билан муроса қилиб бўлади?” деган, бироқ “ўша раҳбар”нинг кимлигини очиқламаган.

Зойир Мирзаев Қашқадарё вилоятини 2019 йил октябридан бери бошқариб келмоқда. Қашқадарё вилоятига ҳоким этиб тайинланишидан аввал у Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманига раҳбарлик қилган.

Ундан ҳам олдин З. Мирзаев бош вазирнинг ўринбосари вазифасида ишлаган, бироқ 2018 йил октябрида Тошкент вилояти Оққўрғон туманида олти киши - туман ҳокимлигининг уч мулозими, икки фермер ва бир маҳалла оқсоқолини ариқдаги совуқ сувга тушириб, таҳқирлагани ортидан ишдан олинганди.

Чиноздаги нефть базасида 5 минг тоннали ёқилғи цистернаси ёниб кетди

ФВВ ходимлари Чиноз туманидаги нефть базасида чиққан ёнғинни ўчирмоқда (fvv.uz фотоси).

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган “Пахта” нефть базасида 26 ноябрь куни 5 минг тонна сиғимли ёқилғи цистернаси ёниб кетган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ФВВ қайдича, ёнғинни бартараф этиш учун воқеа жойига Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 14 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган.

Маълумотларга кўра, ёнғин нефть базасида таъмирлаш ишлари ўтказилаётган пайтда чиққан.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, энергетика вазири Алишер Султонов ҳодиса кўлами ва уни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни бевосита ўрганиш учун зудлик билан воқеа жойига етиб борган.

Айни пайтда ёнғин бартараф этилмоқда, “Пахта” нефть базаси фаолиятини нормал режимда ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ”, дейилган хабарномада.

Вазирлик вакиллари ёнғин келиб чиқиш сабаблари воқеани чуқур ўрганиш орқали аниқланишини қўшимча қилганлар.

Россельхознадзор Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир импортини тақиқлади

Россиянинг Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати жорий йилнинг 26 ноябридан мамлакат ҳудудига Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан помидор ва қалампир олиб киришни тақиқлаб қўйди.

Россельхознадзор матбуот хизмати қайдича, бу чора Ўзбекистоннинг мазкур ҳудудидан келтирилган помидор ва қалампирларда вирус (Tomato brown rugose fruit virus (ToBRFV)) аниқлангани важидан кўрилган.

Ташкилот зикр этилган вируснинг Россия ҳудудига кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида, карантин ва ўсимликларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро конвенция моддаларига асосланган ҳолда, Фарғонадан помидор ва қалампир импорт қилишга чеклов киритилганини билдирган.

Расмий маълумотларга кўра, Россия Федерацияси Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини энг кўп сотиб оладиган мамлакатлар учлигига киради.

Пандемия даврида қарийб 220 миллиард сўмлик “чиройли” авторақам сотилди

Жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида Ўзбекистонда онлайн-аукционлар орқали 218 миллиард 800 миллион сўмлик 80,5 мингдан зиёд “чиройли” авторақам сотилган. Бу ҳақда 25 ноябрь куни Ўзбекистон миллий матбуот марказида “Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси” АЖ вакиллари томонидан ўтказилган матбуот анжуманида билдирилган.

Пандемияга қарамай, қайд этилишича, авторақамлар сотуви сон жиҳатдан 2,6 баробарга, ҳажми бўйича эса 71,2 фоизга ўсган.

Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2 миллион 600 минг сўмга тенг бўлган. Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 186 миллион 200 минг сўмни ташкил қилган.

Жорий ой бошида “чиройли” авторақамлар аукционга қўйилган кундан бошлаб 6 ой мобайнида сотилмаган тақдирда арзонлаштирилишига оид ҳукумат қарори қабул қилинган.

Аввалроқ 2019 йили Ўзбекистонда онлайн-аукцион орқали 156 миллиард сўмлик “чиройли” авторақам сотилгани ҳақида хабар қилган эдик.

Вазир қашқадарёлик мансабдор президентга ёқмагани учун ишдан олинганини айтди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фарҳод Очилов президент Шавкат Мирзиёевга ёқмаган гапларни айтгани учун ишдан олинди. Бу ҳақда “Дарё” нашри халқ таълими вазири Шерзод Шерматовга таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, вазир 25 ноябрь куни Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармасига янги раҳбар тайинлаш мақсадида йиғилиш ўтказган.

“Вилоят бошқармасига қўйилган янги раҳбар қуруқ ва баландпарвоз гаплар гапириб, давлатимиз раҳбарининг ҳам кўнглини хира қилди. Ўтган сафар ҳаммани йиғиб бу ҳақда гаплашиб олгандик. Шу сабаб давлатимиз раҳбари бу масалада норози бўлиб, бунақада Қашқадарё таълимини кўтаролмаймиз, ўзи шундоғам вилоят республикада энг охирги ўринларда, деганди”,-деб иқтибос келтиради “Дарё” вазирнинг йиғилишда айтган сўзларидан.

Шерзод Шерматов йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев 12—13 ноябрь кунлари вилоятга келганида Қашқадарёда таълим сифати ёмонлигини айтган ва кадрлар танлашдаги хатоликлар ҳақида гапирган.

Хабарда билдирилишича, йиғилишда Қашқадарё вилоят халқ таълими бошқармасига шу кунгача Шаҳрисабз шаҳрини бошқариб келган Тўлқин Каримов тайинланган.

Ўзбекистон вакцина ишлаб чиқармоқчи. Биологик хавфсизлик кенгаши ташкил этилади

Маълум қилинишича, вакцина лабораторияси ташкил қилишга 8 миллион доллар талаб этилади.

Ўзбекистонда турли касалликларга қарши вакциналарни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу меъёр президентнинг “Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгилаб қўйилди.

Қарорга асосан Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтига иммунобиологик препаратлар (вакциналар, зардоблар, тест-диагностикумлар ва бошқалар) бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни амалга ошириш ҳамда уларни амалиётга жорий этиш кўрсатмаси берилди.

Бундан ташқари “вакцина-зардоб иши бўйича инфекция касалликларига қарши профилактика, диагностика, дори воситалари ва препаратларини яратиш, уларнинг ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш” вазифаси белгиланди.

Қарор билан 2020—2024 йилларга мўлжалланган тегишли дастур, шунингдек, биотехнологиялар соҳасида устувор илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури тасдиқланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Биологик хавфсизлик бўйича кенгаш тузилади.

“Ўзбекистон 24” телеканалининг хабар беришича, вакциналар ишлаб чиқариш бўйича майдоннинг яратилиши тахминан 53 миллион доллар, лабораторияни ташкил этишга 8 миллион доллар маблағ талаб қилинади.

Нефть-газ кимё саноатида 9 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилмоқчи

Президент истиқболли лойиҳалар билан танишди.

Ўзбекистонда нефть-газ кимё саноатини ривожлантириш мақсадида умумий қиймати 9 миллиард доллар бўлган 52та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, 25 ноябрь куни Шавкат Мирзиёев нефть-газ кимё саноатидаги истиқболли лойиҳалар билан танишган.

Расман билдирилишича, табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича қарийб 9 миллиард долларлик 52 та лойиҳа белгиланган. Шундан 15 таси ноорганик кимё, 23 таси органик кимё, 12 таси полимерлар бўйича.

“Тақдим этилган барча лойиҳалар самарасида 4,1 миллиард доллар қийматидаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 1,1 миллиард долларлик импорт ўрни тўлдирилиши ва 1,45 миллиард долларлик экспорт таъминланиши мумкин. Жами 6 минг 500 га яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган”,-дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, келгуси йилдан бошлаб кўпикли полипропилен, ёғоч-полимерли композит лист, водород пероксиди, карбоксиметилцеллюлоза асосида реагентлар, карбамид формальдегид концентрати, сульфат кислота, карбонат ангидрид газидан сода ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади.

Шунингдек, поливинилхлорид, каустик сода ва метанол заводининг 2-босқичи ҳамда компрессорни ювувчи саноат мойи корхонаси бўйича ишлар бошланади.

АОКА “Газета.uz”ни ҳам “жиддий ҳуқуқий оқибатлар”дан огоҳлантирди

АОКАдан келган огоҳлантириш хати. “Газета.uz”дан олинди.

Коронавирус беморлари тўғрисидаги маълумотлар таққосланган мақола эълон қилгани учун “Газета.uz” Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан огоҳлантирилди.

“Газета.uz”нинг 26 ноябрь куни хабар беришича, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев имзолаган мактубда таҳририят келажакда текширилмаган маълумотлар эълон қилинган тақдирда “жиддий ҳуқуқий оқибатлар” келиб чиқишидан огоҳлантирилган.

Огоҳлантириш 17 ноябрь куни президент матбуот хизмати хабари асосида ёзилган “Президент поручил оптимизировать COVID-больницы” хабарига тегишли.

Ушбу хабарда нашр президент матбуот хизмати хабаридан тўғридан-тўғри иқтибос келтирган: “Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган. Ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанмоқда…”

Айни пайтда нашр Соғлиқни сақлаш вазирлиги бугунги кунда фақат 2123 нафар бемор коронавирусдан даволанаётгани тўғрисида хабарлар бераётганини таъкидлаган.

“Газета.uz”нинг ёзишича, нашр бу фарқни изоҳлаб бериш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилган, аммо вазирлик бунга жавоб бермаган.

“Газета.uz” масалани бундай баён қилишни бўрттириш деб ҳисоблайди, огоҳлантириш хатига эса таҳририятни "ноқулай" саволлар беришни тўхтатишга мажбур қилиш бўйича кескин жавоб деб қарайди.

Нашр айрим давлат идораларига муҳим саволлар билан мурожаат қилаётгани, лекин давлат органлари бу саволларга жавоб қайтармаётганини ҳам маълум қилган.

Аввалроқ “Кун уз” сайти ҳам электр энергияси ва газ тақчиллиги борасидаги хабарлари ортидан АОКАдан огоҳлантириш олган эди.

Uzbekistan airways кейинги ой Краснодардан Тошкентга учта чартер қатновини амалга оширади

Жорий йилнинг 1, 8 ва 15 декабрь кунлари Россиянинг Краснодар шаҳридан Тошкентга чартер қатновлари амалга оширилади. Бу ҳақда Uzbekistan airways авиаширкати матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, Россия шаҳарларидан Ўзбекистонга учиш учун йўловчидан ПЗР текширувидан ўтганликка оид маълумотнома (парвоздан олдин камида 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда амал қилувчи) талаб қилинади.

Авиаширкат ПЗР маълумотномасига эга бўлмаган йўловчилар учоққа қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантирган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Тошкент вилояти энергетиклари устидан судга мурожаат қилди

Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент вилояти бошқармаси пойтахт вилоятида электр таъминоти учун масъул корхоналар фаолияти юзасидан маъмурий судларга мурожаат қилган. Қўмитага кўра, мазкур ташкилотлар “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни бузган.

Қўмита қайдича, энергетиклар октябрь ва ноябрь ойларида электр энергиясидан қарзи бўлган истеъмолчиларни тармоқдан узиб қўйганлар ва абонентлар томонидан тегишли тўловлар амалга оширилиб, корхонага тармоққа қайта улаш бўйича берилган буюртмалар мавжуд бўлишига қарамай, истеъмолчиларни электр тармоғига қайта улаш ишларини кечиктирганлар.

Хабарномада ўтган ҳафта Тошкент туманидаги қарийб 17 минг истеъмолчи электр энергиясидан қарз бўлиб қолгани сабабли амалдаги тартиб бўйича АСКУЭ тизими автоматик равишда уларнинг таъминотини тўхтатгани айтилган.

Бу каби хатти-ҳаракатлар ортидан Монополияга қарши курашиш қўмитаси электр таъминоти учун масъул ташкилотлар раҳбарларига нисбатан чора кўришга киришган. Хусусан, Олмалиқ шаҳридаги 279-сонли электр трансформаторга уланган истеъмолчилар ўрнатилган тартибда огоҳлантирмасдан электр таъминотидан узиб қўйилгани учун “Олмалиқ шаҳар электр таъминоти” корхонаси раҳбари А. Уразалиевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига асосан 16 ноябрь куни маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар Олмалиқ шаҳар маъмурий судига юборилган.

Шу каби ҳужжатлар Тошкент, Зангиота, Қибрай тумани электр тармоқлари корхоналари раҳбарларига нисбатан ҳам расмийлаштириб, тегишли тартибда кўриб чиқиш учун маъмурий судларга юборилган.

Ўзбекистонда сўнгги кунларда ҳаво ҳароратининг кескин совиб кетгани ортидан электр ва газ таъминотида узилишлар кўп кузатилмоқда.

Дарахт кесишга мораторий жорий қилинган даврда табиатга қарийб 10 млрд сўмлик зарар етказилди

Ўзбекистонда дарахт кесишга мораторий қилинган даврда табиатга етказилган зарар 9 миллиард 787 миллион 200 минг сўмни ташкил этиб, бундан 2 миллиард 942 миллион 400 минг сўми ундирилган. Бу ҳақда 24 ноябрь куни АОКАда ўтган матбуот анжуманида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нарзулла Обломуродов маълум қилган.

Мулозимга кўра, мораторий даврида жисмоний ва юридик шахслардан жами 4018 та (10 ойлик ҳолатига) мурожаат келиб тушган, мурожаатларда 188 минг 943 туп давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўралган.

Қўмита 134 минг 232 туп дарахтни кесиш бўйича сўровни рад этган, бундан 65 минг 105 тупи дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларига киради.

20 ноябрь ҳолатига кўра, жами қонунбузарликлар сони 3 897 тани ташкил этган.

Ундирилмаган жарима ва табиатга етказилган зарарни ундириш мақсадида 338 та ҳолат бўйича (6 миллиард 913 миллион 100 минг сўм) тўпланган ҳужжатлар тегишли органларга (суд, прокуратура, МИБ, ИИБ) киритилган.

17 та ҳолат бўйича қонунбузарлик содир этган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистонда дарахтлар кесилишига ўтган йил 1 ноябридан мораторий жорий этилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган. Президент фармонига мувофиқ, киритилажак мораторий 2020 йил 31 декабргача амал қилиши белгиланганди.

Газета.uz нашрининг ёзишича, Давлат экология қўмитаси яқинда ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навларини кесишга мораторий муддатини 2021 йил 31 декабрга қадар узайтириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритган.

Ёзувчилар президентдан газ ва электр таъминоти бўйича масъуллар олдига қаттиқ талаб қўйишни сўради

Ўзбекистонлик бир гуруҳ ёзувчилар мамлакат президенти Шавкат Мирзиёевга қишга ҳозирлик бўйича ижтимоий сиёсатни кучайтириш илтимоси билан мурожаат қилишди. Бунга оид пост Facebook ижтимоий тармоғида ёйинланди.

Ўз мурожаатларида ёзувчилар шу кунда газ, электр танқислиги ва иссиқлик манбалари ишламаётганига оид шикоятлар ижтимоий тармоқларни босиб кетганига эътибор қаратишган.

Айрим Интернет сайтлари расмий Тошкент қишни кутиб олишга тайёр эмаслиги билиниб қолгани ҳақида ёзди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, мамлакатимиз пойтахти тайёр эмаслиги билиниб қолган бўлса қолган вилоятларни, туманларни асти сўраманг”, дейилади мурожаатномада.

Ижодкорлар ўзларига Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида газ ўтказгич трубалари манфаатдор шахслар томонидан кесиб кетилгани, газ балонлари етишмаётгани, баъзи жойларда газ ўтказгич ва электр таъминот манбаси ишдан чиққани хусусида шикоятлар келаётганини урғулашган.

Сиздан қишки тайёргарлик бўйича маҳаллий ҳокимият органлари ва тегишли ташкилотлардан таъминот масаласи юзасидан қаттиқ ҳисоб сўрашингизни илтимос қиламиз”, дейилади ёзувчилар мурожаатида.

Мазкур мурожаатнома айни пайтгача Facebook тармоғининг 300 дан ортиқ фойдаланувчиси томонидан дастакланган.

Ўтган ҳафта об-ҳаво шароитининг кутилмаганда ўзгариб, ҳарорат кескин совиб кетгани ортидан Ўзбекистонда газ, электр ва иссиқлик таъминотида коллапс юзага келгани ҳақида Озодлик аввалроқ қатор мақолалар эълон қилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG