Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:12

Хоразмда қабрфурушлик қилган шахс қўлга олинди


Наманганда газчиларнинг қаллобликлари фош қилинди. Орол ҳудудидаги заҳарли тузлар Арктикага ҳам етиб бормоқда. Киракашни ўлдирган ота-бола узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Киракашни ўлдирган ота-бола узоқ йилга озодликдан маҳрум этилди”

Киракашни ўлдириб, машинасини ўзлаштирган ўртачирчиқлик ота-болага нисбатан маҳкама жараёни якунланди (“Ҳуқуқ”, 13 ноябрь).

Исми ошкор этилмаган ота 1998 йилда туғилган ўғлини мудҳиш жиноятга жалб этади. Ўғил Ўрта Чирчиқ тумани марказидан “Ласетти”да киракашлик қилувчи фуқарони уйига бошлаб келади ва юкларни олиб чиқишга ёрдамлашишини сўраб уни ичкарига таклиф қилади.

Ҳайдовчи ҳовлига кирган заҳоти йигитнинг отаси уни болта билан чопиб ташлайди. Қайд этилишича, мазкур жиноят юзасидан суд отага 22 йил, ўғилга 12 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинлаган. Жиноятга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

“Наманганда газчиларнинг қаллобликлари фош қилинди”

“Водийгазтаъминот” унитар корхонасининг Наманган шаҳри филиали ишлаб келган икки нафар назоратчи қаллоблик, маблағларни ўмариш ва истеъмолчиларга асоссиз равишда миллионлаб қарз ёзишда айбланди (“Диёнат”, 13 ноябрь).

Анас Насриддинов ҳамда Камолиддин Қосимов Наманган шаҳри “Гулистон” маҳалласидаги 63 хонадонга аслида фойдаланилмаган газ учун 27,6 миллион сўм қарз ёзган. Бундан ташқари, бир қатор фуқароларнинг мавжуд қарзини атайин кўпайтириб ёзиб келган. Масалан, шу маҳаллалик фуқаро И.Қирғизов гарданига асоссиз равишда 3,4 миллион сўм тўлаш мажбурияти юкланган.

Шу билан бирга, газчилар 10 миллион сўмдан ошиқ тўловларни ўзлаштирган. Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар суди уларга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлаган ҳамда уч йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган.

“Хоразмда қабрларни бир ярим миллиондан сотиб келган назоратчи қўлга олинди”

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги “Охунбобо” қабристони назоратчиси қабр учун ерни пуллаш ҳамда эҳсон маблағларини ўзлаштиришда айбланди (“Даракчи”, 13 ноябрь).

Қабристон нозири қабр учур ер майдони ажратиш эвазига бошига мусибат тушган оилалардан бир ярим миллион сўмдан пул талаб қилган. Назоратчи икки йил давомида ўнга яқин фуқародан шу миқдорда пул ундирган. У жиноят изини қолдирмаслик мақсадида дафн қилинган марҳумларнинг рўйхати дафтарини ҳам йўқотади.

Бундан ташқари, у қабристонга берилган 3 миллион сўм хайрия пулларини ҳам ўзлаштирган. Қайд этилишича, тириклар тугул ўликларнинг ҳам ҳақидан ҳазар қилмаган кимса энди киркидорлари учун қонун олдида жавоб беради.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, “Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 7-моддасига кўра, дафн этиш учун жой текин берилиши керак.

“Ўзбекистонда рўй берган 10 мингдан ошиқ ёнғинда 129 киши нобуд бўлди”

Ўзбекистонда рўй бераётган ёнғинларнинг 75-80 фоизи тураржойларда рўй бермоқда (“Новий век”, 13 ноябрь).

2014 йилнинг ўтган 10 ойида мамлакат бўйича 10 796 та ёнғин юз бериб, бунинг оқибатида 129 киши нобуд бўлган, 441 киши жароҳатланган. Ёнғинлар электр тармоғидаги носозлик (28,2 фоиз), иситиш мосламалари (16 фоиз), ўт билан эҳтиётсиз муносабат (37,7 фоиз), болаларнинг шўхликлари (10,5 фоиз), қасддан ўт қўйиш (2 фоиз) каби сабабларга кўра рўй бермоқда.

Жорий йил 20 ноябрида бошланган ёнғин хавфсизлиги ойлиги доирасида профилактик чора-тадбирларни кучайтириш мақсад қилинган.

“Болани боғчага порасиз жойлаштириш имкони борми?”

Болаларни боғчага қабул қилишда мудиралар тамагирлик қилиб, совға-салом бермаганларни сарсон қилмоқда (“Адолат кўзгуси”, 13 ноябрь).

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшовчи Зуҳро Нуралиеванинг шикоят қилишича, болаларини боғчага жойлаштириш учун бир неча боғча мудирига мурожаат қилган ва “жой йўқ” деган жавоб олган. Ундан кейин мурожаат қилган ота-оналар эса пул ва совға-cалом билан ишларини осон битирган.

Газета изоҳига кўра, болалар боғчага туман (шаҳар) халқ таълим бўлими ҳузуридаги комиссия томонидан қабул қилинади. Комиссия ҳар ҳафта сешанба ва жума кунлари фуқароларни қабул қилади.

Қайд этилишича, биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари, кўп болали оилалар, ҳарбий хизматчилар, талаба ва педагогларнинг фарзандлари боғчага имтиёзли, яъни навбатсиз қабул қилинади.

“Орол ҳудудидаги заҳарли тузлар Арктикага ҳам етиб бормоқда”

Орол денгизи ҳудудида ҳосил бўлган Оролқум саҳросидан 100 миллион тонна қум ва заҳарли тузлар тарқамоқда. Зарарли моддалар ҳатто Арктика, Помир ва Тяншань музликларига ҳам етиб бормоқда (“Экоҳаёт”, 12 ноябрь).

Қалтис вазият ҳудуд ўсимлик ва ҳайвонот оламига ҳам таҳдид туғдирмоқда. Ҳозиргача сувда яшайдиган жониворлар қирилиб кетган. Қулонлар, Каспий йўлбарслари, ғизоллар, Осиё гепарди – жами 12 турдаги сут эмизувчи, пушти сақоқуш, сариқ қарқара, чуррак каби 26 турдаги қуш, 11 турдаги ўсимлик бутунлай йўқолиш хавфи остида турибди.

Маълумотларга кўра, ўтган даврда Оролбўйи биологик хилма-хиллиги генофондининг 50 фоиздан ортиғи бой берилган.

XS
SM
MD
LG