Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:13

Давлат санъат музейи бош муҳофизи ўнлаб нодир картинани пуллагани учун қамалди


Ўзбекистонлик астроном 16 декабрда Қуёш сатҳида портлашлар рўй бериши ҳақидаги хабарни инкор қилди. Тошкент циркидаги шерлар кунига 4,5 миллион сўмлик гўшт ейди. Россияда GM машиналари савдоси кескин камайди, мамлакат ичида эса навбатлар сақланиб қолмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Депутатликка номзод: ногиронлар меҳнат қиладиган корхоналарни кўпайтириш лозим”

Ногиронлар меҳнат қиладиган корхоналар сонини ошириш учун аниқ механизм ишлаб чиқиш лозим (“Ўзбекистон овози”, 11 декабр). Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Олий Мажлисига номзод Қаҳрамон Мирзаевга кўра, ногиронларни иш билан таъминлашнинг яна бир йўли бор. Яъни йирик корхоналарга касаначилик иш жойларини ташкил этиш бўйича мажбурий квота белгилаш керак. Касаначилик иш жойлари эса биринчи навбатда ногиронлар жонига ора киради. Шу билан бирга, депутатликка номзод кам таъминланганлар ўз бизнесини йўлга қўйиши учун беғараз ссуда ва грант бериш амалиётини жорий этишга даъват этади.

“Россияда GM машиналари савдоси 66 фоизга камайди. Энди турнақатор навбатларга ҳожат йўқми?”

Жорий йил ноябрда Россияда GM заводи машиналарининг савдоси рекорд даражада – 66 фоизга қисқарди (“Новый век”, 11 декабр). Ўтган йилнинг ноябрида Россия бозорида 5619 та GM машиналари сотилган бўлса, бу йил бу кўрсаткич 1883 донага тушди. Шунга қарамай Ўзбекистонда автомобилларга турнақатор навбатлар давом этмоқда. “Автомобил бозорида ҳайдалган автомобил янгисидан қимматроққа сотилмоқда. Дунёнинг бирор мамлакатида бундай ҳолни кўрмайсиз. Навбатга ёзилиш эълон қилинган кунларда қоп-қоп пул кўтарган оломон ўзини автосалонларга уради” деб ёзади газета. Шу билан бирга, нашр автомобил саноати масъулларини Россиядан қайтаётган машиналар қаёққа кетаётгани, нима учун навбатлар ҳамон сақланиб қолаётгани борасида саволга тутади.

“Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи қимматбаҳо картиналарни пуллагани учун қамалди”

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайзи Усмоновни 9 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилди (“Ҳуқуқ”, 11 декабр). Тошкент шаҳар прокуратураси вакили Темур Нормуҳаммедовга кўра, музей мансабдори 1999 йилдан 2014 йилга қадар музейнинг кўплаб нодир асарларини сотиб юбориб, давлатга жуда ката миқдорда зарар келтирган. Бош муҳофиз Усмонов музейнинг бошқа ходими – экспонатларни таъмирловчи Абдураҳмон Мурановга картиналарнинг қалбаки нусхасини чиздириб, оригинал нусхани сотиб юборган. Шу тариқа А.Николаевнинг “Рисунок мальчика”, “Девушка с фруктами”, О.Татевосьяннинг “Чайхана”, “Бухара”, “Море”, Н.Караханнинг “Девушки у хауза”, М.Зоммернинг “Мост через горную реку”, “Шашличная” картиналари пулланган. Шунингдек, Усмонов музейнинг экспонатларни таъмирлаш лабораторияси мудири Бахтиёр Ботиров билан тил бириктириб, европалик рассомларнинг 25 га яқин асарини ҳам сотиб юборган. Қайд этилишича, суд Ботиров ва Мурановга ҳам 8 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини берган.

“Тошкент циркидаги шерлар кунига 4,5 миллион сўмлик гўшт ейди”

Тошкент давлат цирки директори Садриддин Қурбонов Москва цирки вакиллари иштирокидаги томошалар чиптаси нега 7 минг сўмдан 20 минг сўмга ошиб кетгани сабабини изоҳлади (“Даракчи”, 11 декабр). “Чипталарни қиммат дейдиганларга вазиятни бир бошидан тушунтира қолай: Россиядан жами 12 та шер келган. Уларнинг ҳар бири бир кунда 12 кг гўшт ейди. 1 кг салкам 30 минг сўм бўлса, кунига ҳар бир шер 360 минг сўмлик гўшт ер экан. Демак, барча шерлар бир кунда 4,5 млн сўмлик гўшт истеъмол қилади. Бундан ташқари, 25 нафар шер ўргатувчи ва акробатлар ҳам ташриф буюрган. Уларнинг яшаши ҳам бизнинг зиммамизда” дейди цирк раҳбари Қурбонов. Чипталар олибсотарлар қўлига ўтиб кетаётгани масаласига муносабат билдирган директор “Бу иш билан тегишли идоралар шуғулланса яхши бўларди, олибсотарларнинг кетидан қуқиб юриш бизнинг вазифамизга кирмайди” деган.

“Имом-хатиб марҳумларга шам ёқишни ботил амал деб атади”

Ўзбекистонда маййит чиққан хонадонда марҳумнинг арвоҳи учун шам ёқиш одати ҳамон учрайди (“Оила даврасида”, 11 декабр). Тошкент вилоятидаги “Исмат ота” жоме масжиди имом-хатиби Анвар Жабаевга кўра, шам ёқиш шариатда тақиқланган ишдир. “Шам ёқилганда руҳлар келиб одамлар билан бирга ўйнашади, уларнинг мушкулини осон қилади, деган гаплар нотўғри. Қадимда маъжусийлик динига эътиқод қилувчилар оловни муқаддас деб билишган, унга сиғинишган ва ундан мадад сўрашган. Бугунги кунда айрим ҳудудларда сақланиб қолган олов билан боғлиқ одатлар ана шу ботил эътиқоднинг қолдиқлари ҳисобланади” дейди имом-хатиб. Диний уламо ислом шариатига кўра, марҳумлар ҳаққига дуо ва тиловат қилиш лозимлигини уқтиради.

“Ўзбекистонлик астроном 16 декабр куни Қуёш сатҳида портлашлар бўлишини инкор қилди”

Интенет нашрларида 16 декабр куни кучли магнит бўрони ва плазма портлаши рўй бериб Қуёш тутилиши ва бунинг оқибатида Ер аҳолиси 6 кун элекрсиз қолиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти катта илмий ходими Чори Шерданов “Даракчи” газетасига берган интервюсида бу хабарни рад этган.“Ҳозирда Қуёшнинг фаоллиги у қадар кучли эмас, олдинги даврлар билан солиштирганда икки баробар паст. Қуёш фаоллиги пастлиги сабабли эса бундай кучли бўронларнинг юзага келиши эҳтимоли ҳам жуда кам, деярли йўқ даражада... Шундай экан, ваҳимага тушиш учун ҳеч қандай асос йўқ” деган Астрономия институти катта илмий ходими Шерданов.

“Суд мажлисида видеоконференц алоқа тажрибаси синаб кўрилмоқда”

Ўзбекистон хўжалик судларида видеоконференц алоқа тизими синаб кўрилмоқда (“Адолат кўзгуси”, 11 декабр). Бунга кўра, иш бошқа ҳудуддаги хўжалик суди кўрилаётган бўлса, судда қатнашувчи томонлар ўзи яшаётган ҳудуддаги хўжалик суди биносига келиб видеоалоқа орқали мажлисда иштирок этиши мумкин. Тошкент вилоят хўжалик суди судяси Илҳом Ражабовга кўра, бу замонавий усул судда қатнашиш учун кетадиган ортиқча сарф-харажат ва вақтини тежайди. Қайд этилишича, видеоконференц алоқа билан боғлиқ харажатлар иш натижаси бўйича жавобгар зиммасига юкланади.

XS
SM
MD
LG