Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:32

Ўш аэропортидаги қуролли босқинда бир киши ўғирланди


27 декабрь куни Ўш халқаро аэропортида “спецназ” ёзуви бор қора кийимли қуролланган беш киши Урумчига учиб кетиш олдидан юкларини топшираётган одамларни калтаклаб, улардан бирини ўғирлаб кетишди. Айни пайтда маҳаллий милиция бу иш бўйича тергов ишларини олиб бормоқда.

Ўшда одам ўғирланиши билан боғлиқ воқеа шанба куни эрталабки соат 10 ларда аэропортнинг VIP зали ёнидаги тижорат хонасида содир бўлган. Ўш-Урумчи йўналиши бўйича йўловчилар юкларини текширтириб, топшираётган пайтда у ерга нотаниш беш кимса кириб келган. Улардан тўрттаси орқасига “спецназ” деб ёзилган кийимда бўлган. Улар хонадагиларга Калашников автомати ва тўппонча ўқталиб, халталардаги пул ва бир одамни ўғирлаб кетишган.

Гувоҳларга кўра, аэропортдан чиққанларидан сўнг улар Тойота Эстима русумли автомашинада кўздан ғойиб бўлишган.

Ўш вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот котиби Жениш Аширбаев воқеа юзасидан қуйидагиларни айтди:

- Қуролли одамлар у ерга: “Махсус амалиёт ўтказаяпмиз”, деб киришган. Қўлидаги автоматларини ўша ердаги тадбиркорларга ўқталиб, “ётларинг” дейишган. Таҳдид билан тўрт-беш халта пул ва пул эгаларидан бирини гаровга олишиб, номаълум томонга қочиб кетишган. Дастлабки тергов натижаларига кўра, жиноятга алоқадор одамлар Тоyota Estima русумли машинада бўлишган. Ҳозир жиноятчиларни тутиш ҳаракатлари амалга оширилаяпти, - деди Жениш Аширбаев.

Милиция ходимлари мазкур автомашинанинг рақами D 0118 эканини, аммо бу рақам сохта бўлиши мумкинлигини айтиб, машинани кўрганлардан милицияга хабар бериб қўйишни сўранаяпти.

Ўш халқаро аэропорти.
Ўш халқаро аэропорти.

Тартиб посбонлари воқеага ойдинлик киритиш учун гувоҳлардан кўрсатма олаяпти. Аширбаевга кўра, воқеа чоғида ҳеч ким жабрланмаган. Айни пайтда аэропортда ўғирланган пул миқдори, унинг муҳтамал эгаси кимлиги ҳамда босқинчиларни тутиш бўйича тезкор ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

- Тадбиркорлар орасида турли миллат вакиллари бор. Бу қирғизистонлик тадбиркорларнинг Урумчилар мол олиб келадиган пули экан. Улар пулни тўплаб, бир тадбиркорга бериб, декларациядан ўтказаётган пайтда шу воқеа содир бўлибди. Тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳозир тадбиркорларнинг ҳам, фирмаларнинг ҳам номини айтолмаймиз. Шу билан бирга, Ўш халқаро аэропортида ишлайдиган милиция ходимларининг хатти-ҳаракатларига ҳам баҳо бериш бўйича ички текширув ўтказилаяпти, - деди Жениш Аширбаев.

Аэропорт раҳбарияти ва милицияси воқеа юзасидан ҳали изоҳ берганича йўқ. Маълумотларга кўра, аэропорт VIP залининг иккала томонида ҳам милиция бўлимлари бор.

VIP зали олдидаги тижорат хонасида содир бўлган воқеа аэропорт ишини издан чиқарди, дейиш тўғри бўлмайди. Бу ерда қатновлар одатдагидек амалга оширилмоқда. Исми ошкор этилмаслигини истаган аэропорт ходимларидан бири Озодликнинг қирғиз хизматига бу ерда босқин бўлганидан йўловчиларнинг кўпчилиги хабар ҳам топмаганини айтган.

- Бир-икки киши бақир-чақир қилганини эшитдик. “Нима гап экан?” десак, “Пул ўғирлаб кетишибди, улар спецназ экан”, дейишди. Биз уларни кўрганимиз ҳам йўқ. Йўловчилар ҳеч нарсани билмай ҳам қолишди. Қий-чув бўлгани йўқ. Улар VIP зали олдидаги бир хонада қилғилиқни қилиб, кейин қочиб кетишибди. Улар ичкарига “махсус хизматданмиз” деб, ҳужжатларини кўрсатиб киришган. Постда турганлар шунинг учун уларни ичкарига қўйворишган экан, - деди аэропорт ходими.

Озодликка етиб келган маълумотларга кўра, ўғирланган халталарда камида 3-4 миллион доллар бўлган. Бироқ бу маълумот ҳали маҳаллий милиция томонидан тасдиқланганича йўқ.

Ўш аэропортида ўтган йилнинг ноябрь ойида ҳам йирик миқдорда пул ўғирланганди. Ўшанда тўрт нафар қуролли шахс бир тадбиркорнинг 4,5 миллион доллар солинган икки сумкасини ўғирлаб кетганди. Кўп ўтмай талончилардан бири қўлга олиниб, ундан ичида 1 миллион 100 минг доллар бўлган сумка мусодара этилганди.

XS
SM
MD
LG