Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:37

Покистонда чех регби жамоаси "Аллоҳ" сўзини суистеъмол қилишда айбланди


Чехия Регби уюшмасининг янги дизайндаги тўпни тиктириш учун Adidas ширкатига берган буюртмаси, кутилмаганда жиддий эътирозга сабаб бўлди. Ширкатнинг махсус буюртмаларини тикиб берувчи Покистон корхоналари регби тўпига туширилиши сўралган логода "Аллоҳ" сўзи суистеъмол қилинган, деб топди.

Adidas ширкатининг Покистондаги тикувчилик корхоналари Регби уюшмаси эмблемасига киритилган Чехиядаги миллий тимсол тасвирини спорт тўпига киритишдан бош тортмоқда.

Покистон ширкатлари тўпга киритилиши керак бўлган логода қудрат тимсоли ўлароқ келтирилган шернинг думи тасвири "Аллоҳ" ёзувининг айни ўзидир ва бу муқаддас сўз оёқ-ости бўлиши мумкин бўлган

буюмга туширилиши керак эмас, деб эътироз қилмоқда.

Регби уюшмаси пиари билан шуғулланувчи Konektor агентлиги вакили Мартин Харват Чехия телевидениесига берган интервьюсида: "Бу логони дунёнинг ўн минглаб экспертлари кўрган ва ҳеч ким ундан камчилик топмаган эди" деб муносабат билдирди.

Парижда Charlie Hebdo сатирик журналига исломий жангарилар ҳужумидан сўнг бундай хабар ортидан бирор можаро кўтарилгудек бўлса, у ҳолда мусулмон дунёси ва Исломга қарши кайфиятдаги жамоалар ўртасида муносабатни фақатгина таранглаштириши мумкин.

Шу боис, чехиялик диншунос экспертлар, жумладан, Иван Одило Стампач бу масалада Покистон томонининг эътирози ҳурмат қилиниши лозим демоқда:

"Бу логога жойланган шернинг думи тасодифий тарзда "Аллоҳ" сўзининг ёзилишига ўхшаш акс этган. Бу тимсол кимнидир ҳақоратлаш учун акс эттирилган, деб ҳисоблайман. Шахсан мен улар бу масалага ортиқча эътибор қилаяпти, деб ўйлайман. Лекин ҳозирги вазиятда уларнинг ҳис-туйғуларига ҳурмат билан қараган бўлардим, чунки, гап бизнес ҳақида бормоқда", деди чехиялик эксперт.

Чехиядаги мусулмон жамоалари етакчилари ҳам бу вазиятда Покистон томони эътирозига жиддий ёндошиш лозим, деб ҳисобламоқда:

- Албатта, Аллоҳ номини ҳамма ерда кўриш мумкин. Шунга қарамасдан, Покистон ширкатлари бу буюртмани бошқа бирига беринг, дейишга мутлақо ҳақли, - дейди Чехиядаги Мусулмон жамоалари иттифоқи президенти Муниб Ҳассан ал-Ровий.

Чехия регби уюшмаси эса дарҳол эътирозни инобатга олди ва бунга сабаб бўлган логони коптокка муҳрлаш ниятидан воз кечди-қўйди.

Ушюма Бош котиби Павел Мишак спекуляция эҳтимоли бартараф қилингани ва регби тўпларига оддийгина қилиб "Чех регбиси" - "Czech Rugby" деган сўзни ёздиришга қарор қилинганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG