Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:20

Президентдан илҳом олган имомлар ёппасига Charlie Hebdoни қоралади


Тошкентдаги Имом Бухорий масжиди
Тошкентдаги Имом Бухорий масжиди

Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита Charlie Hebdo сатирик журнали ҳаракатларини қоралади. Ҳар икки идора расмий сайтида чоп этилган мақолада, карикатурачи рассомларнинг ўлдирилиши ва айни пайтда, "диндорларнинг туйғуларини ҳақорат қилиш, пайғамбарлар шахсини беҳурмат қилиш" бирдек қораланди. 7 январда содир бўлган террор ҳужуми ҳақида сукут сақлаб келаётган диний пешволари Ўзбекистон президенти баёнот берганининг эртасигаёқ бир оҳангда - бир хил матнда муносабат билдирди.

Дин ишлари бўйича қўмита ва Мусулмонлар идораси расмий сайтида чоп этилган “Шарли Эбдо” ёки шайтон ҳийласига алданганлар..." номли мақолада, жумладан, шундай дейилади:

"Францияда бўлиб ўтган террорчилик ҳаракати оқибатида 17 киши ҳалок бўлди. Биз шайтоннинг васвасасига учиб, бу жиноятни амалга оширганларни мутлақо қоралаймиз. Бинобарин, ... бу хунрезликка дунё аҳолисининг 25 фоизини ташкил этувчи мусулмонлар учун суюкли бўлган Пайғамбар (с.а.в)ни мазах қилувчи карикатураларнинг “Charlie Hebdo” француз нашри саҳифаларида чоп этилиши сабаб бўлди. Шубҳасиз, диндорларнинг туйғуларини ҳақорат қилиш, пайғамбарлар шахсини беҳурмат қилувчи масхара расмларни нашр этиш ҳеч қандай қолипга сиғмайдиган, инсонийлик меъёрларига буткул зид бўлган ишдир", дейилади мақолада.

Қизиғи, жума маърузаларида республика имомлари томонидан жўровозда мусулмонларга ўқиб эшиттирилган бу мақола остида ҳеч бир нисбат берилмаган "Жаҳонгир Жўраев" исмли муаллиф номи келтирилган. Озодликда бу муаллиф ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Айни пайтда Ўзбекистондаги Интернет нашрлари бу мақоланинг тилга олинган икки диний ташкилот номидан эълон қилинган баёнот эканини хабар қилмоқда.

Баёнотда, шунингдек, диний муқаддасотларга нисбатан ҳурматсизлик шаккоклик экани, пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом номи билан боғланган ҳазил-мазахларга йўл қўйиб бўлмаслиги, карикатура чизиш ва тарқатиш турли дин вакиллари ўртасида адоватни юзага келтириши, фитна ва низо уруғини экиши урғуланган.

Ўзбекистондаги масжидларда ушбу маъруза ўқиб эшиттирилган кунда Эрон, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлари ва хусусан, қўшни Қирғизистонда мусулмонлар Charlie Hebdo журналида пайғамбар карикатурасининг такроран чоп қилинишига қарши норозилик намойишини ўтказдилар.

Муҳаммад алайҳиссаломга карикатура эълон қилиб келган Париждаги Charlie Hebdo журналига 7 январь куни уюштирилган ҳужумда 12 киши ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг журналнинг 14 январь куни чоп этилган янги сонида ҳам Муҳаммад алайҳиссалом карикатураси эълон қилинганди.

И. Каримов: Парижда динимиздан сиёсий мақсадда фойдаланишди

7 январда содир бўлган террор ҳужуми ҳақида сукут сақлаб келаётган ҳар икки диний ташкилот Ўзбекистон президенти баёнот берганининг эртасигаёқ бир оҳангда - бир хил матнда муносабат билдирди.

22 январь куни илк йиғилишини ўтказган Олий Мажлис Сенатида янги сайланган ва тайинланган сенаторлар билан учрашган президент Ислом Каримов қарийб 45 дақиқа нутқида Париждаги воқеаларга муносабат билдирди.

Нутқи якунига яқин гап ўзанини, кутилмаганда, Париждаги террор ҳужуми ва бунинг ортидан Европа лидерларининг Бирлик маршига бурган Ислом Каримов бу воқеалар ортида ҳокимиятни қўлдан беришни истамаганларнинг "сиёсий ўйини" ётибди, мазмунидаги хулосани тилга олди:

- Мана яқинда Францияда бўлган, Парижда бўлган намойишни оладиган бўлсак, бунақа ўйинлар ҳаммаси бу - хўжакўрсинлик учун, ҳаммаси мана шу ўзига сохта обрў топиш учун бўлаяпти. Диний масалани ўртага қўйиш, диний масалани сиëсатлаштириш, бу - бирорта динга... ëқмайди... Эътибор беринглар, озгина дунëда тинчлик бўлиб, озгина мустаҳкамлашиб бораëтганда, албатта битта бемаза иш чиқиб қолади. Бунақа ўйинларни ҳисобидан ўзига фақат обрў топиш - популизм, дейди бу нарсани... ўзбекча айтганда, мусулмонча айтганда, буни - динимизни, муқаддас динимизни мана шунақа ўйинлар учун ишлатиш, бу - увол нарса. Бу дунëда, у дунëда Худо бунақаларни ҳеч қачон кечирмайди. Шуни жуда чуқур билишимиз керак, - деб таъкидлади Ислом Каримов.

​Бундай вазиятда ўзбекистонликлар қандай йўл тутишига ишорат берар экан: "Бизнинг вазифамиз нима?" деган саволни ўртага ташлаган президент ўз саволига шундай жавоб берди:

- Худони, айтайлик, эслаш - одамнинг юрагида. Кимнинг юрагида бўлса, бошқа ҳеч нарса керак эмас... Энг муҳими, бу дунёда бизга нима буюрган? Мусулмончилик ақидалари нимадан иборат? Шуни ҳар қайси одам замонавий кийиниб, замонавий фикрлаш ва шу билан бирга юрагида сақлаб юрса агар, мен ўйлайман, бошқа ҳеч нарса керак эмас. Шу нарсани улар кўрса агар, бизнинг қандай мақсад билан яшаётганимизни жуда яхши тасаввур қилади, - деди президент Каримов. У "улар" дея мурожаат қилар экан, айнан кимни назарда тутганини ойдинлаштирмади.

Ислом Каримов Франциядаги воқеаларга муносабат билдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:15 0:00
Бевосита линк

Бу Ўзбекистон президентининг 7 январь куни Париждаги сатирик журналга уюштирилган террор ҳужуми ҳақида қилган илк чиқишидир. Бунга қадар айни масалада президент назарига тушган икки дин пешвоси баёнот берган.

16 январь куни жума маърузасида айни масалани тилга олган "Минор" масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов Charlie Hebdo ҳужумини мусулмонларга қарши “фитна” деб баҳолади.

Унинг маърузасини тинглаган тошкентлик намозхонларнинг айтишича, мамлакатдаги энг фаол имом, деб тан олинган 40 яшар Сайфуддинов дунёда "ислом ва террор тушунчалари ёнма-ён қўйилаётганидан" таассуф билдирган.

Бунга қадар Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раиси ўринбосари, шайх Абдулазиз Мансур Париждаги Charlie Hebdo сатирик журналига бўлган ҳужумни “катта фожеа” деб қоралаган ва у киши ҳам бу ҳужум ортида "фитна қўзғовчилар" турганига оид тахминларини илгари сурган.

Муқаддас манбалар ҳажв, мазах, ҳақорат ҳақида

Ислом дунёси тарихида Муҳаммад пайғамбарни ҳажв, мазах, ҳақорат қилувчилар содат асри ва ундан кейинги даврларда ҳам мунтазам кузатилиб келади.

Бугун глобал ахборот алмашинуви фаоллашгани боис, хабарлар дунёнинг илм-фан ва маданиятлар тўқнашувидан яхши хабардор бўлмаган минтақаларига ҳам сониялар ичида етиб бормоқда.

Шу боис, Исломда муқаддас қадриятлар - Қуръон, Ислом пайғамбари ва унгача ўтган ҳамда мусулмонлар тан олган пайғамбарлар, мусулмонлар номига қилинган ҳажв, ҳақорат ёҳуд бошқа салбий фикр-мулоҳазалар ҳам айрим мусулмон жамоаларида на дин, на дунёга мос келадиган муносабатга сабаб бўлмоқда.

Аммо, уламолар бундай ҳодисалар қасддан ёхуд кутилмаган тарзда фитнага сабаб бўлади, дея қарийб якдил фикр билдирар экан, бунга жавобан сабр ва илм билан жавоб бериш керак, деган мазмунда ҳужжат келтирмоқдалар.

Қуйида уламолар келтирган ҳужжатлардан бир нечаси ҳавола қилинади:

Қуръони карим:

“Ҳижр” сураси 95, 97, 98-оятлар: “Албатта, Биз сизни масхара қилувчиларни (жазолаш учун) кифоя қилурмиз”, "Шак-шубҳасиз, Биз улар (сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз", "Бас, сиз Парвардигорингизга ҳамд айтиш билан (У зотни «шерик»лардан) покланг ва сажда қилгувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур!)"

"Нисо" сураси 140-оят: "Ахир Аллоҳ сизларга Китобда: «Қачонки Аллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансиз), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз уларнинг ўзисиз. Албатта, Аллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамга жамлагувчидир".

"Ҳуд" сураси, 38-оят: "У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар (бугун) сизлар биздан кулсангизлар, бас, худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар (нинг устингиз)дан кулурмиз".

Рад-сураси, 32-оят: "(Эй, Муҳаммад), сиздан аввалги пайғамбарларнинг устидан ҳам кулиб-масхара қилинганида, Мен ўша (пайғамбарларини ёлғончи қилиб) куфр йўлини тутган кимсаларга (бир оз) муҳлат бериб, сўнгра уларни (Ўзимнинг азобим билан) ушлаганман. Сўнг уларни қандай жазолаганимни (билурсиз)".

Кахф сураси, 106-оят​: "Кофир бўлганлари ҳамда Менинг оятларимни ва пайғамбарларимни масхара қилганлари сабабли, уларнинг жазолари ўша жаҳаннамдир!"

Юнус сураси, 21-оят: "Қачон бу одамларга етган бало (қаҳатчилик)дан кейин раҳмат (тўкинлик)ни тотдирсак, баногоҳ улар Бизнинг оятларимиз ҳақида макр (ишлатиб, масхара) қилурлар. Айтинг: «Аллоҳнинг макри» (азоби) жуда тездир. Албатта, Бизнинг элчиларимиз (малоикаларимиз) қилаётган макрларингизни ёзиб қўюрлар".

Муъминун сураси, 96-оят: "Сиз (улар қилаётган) ёмонликни энг гўзал сўзлар билан дафъ қилинг! Биз улар (сизни масхаралаб) айтаётган гапларни жуда яхши билгувчидирмиз".

Ҳадислар:

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳассон ибн Собитга: уларни ҳажв қил ёки улар ила ҳажвлашиш, Жаброил сен билан», деганларини эшитдим». (Муслим ривоят қилган)

Оиша айтди:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ҳассон уларни ҳажв қилди, шифо берди ва шифо топди», деганларини эшитдим». (Муслим ва Бухорий ривоят қилган)

XS
SM
MD
LG