Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:33

Тожикистонда ҳужжатсиз масжидлар уйсиз одамларга бериляпти


Тожикистоннинг Ховалинг туманида ҳужжатсиз беш масжид, жумладан икки жоме масжиди уйсиз ва кам таъминланган оилаларга тақсимлаб берилди. Расмийларнинг айтишларича, бу масжидлар ўзбошимчалик билан қурилган.

Ховалинг тумани расмийларининг айтишларича, ўзбошимчалик ва ҳеч қандай ҳужжатсиз қурилган бешта масжид ва унинг хоналари бошпанасиз ва кам таъминланган ўнта оилага тақсимлаб берилган.

Ховалинг тумани Шуғнов жамоатининг раиси Ражабали Мирзоевнинг Озодлик радиоси тожик хизматига айтишича, уларнинг жамоати ҳудудида ҳашар йўли билан қурилган ва ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган икки масжидга уч оила киритилган.

Жамоат раисининг яна айтишича, ўтган йилнинг декабрь ойида жамоат аҳолисининг туман дин бўлими вакили иштирокидаги мажлисида битта масжидни кам таъминланган уч оилага бўлиб беришга келишилган. Бундан ташқари жамоат ҳудудида ижозатсиз қурилган бошқа масжидлар ҳам бошпанасиз одамларга тақсимлаб берилган.

Ховалинг тумани дин ишлари бўлими раиси Қурбон Саидовнинг айтишича, бу масжидларни одамларнинг ўзлари ҳеч қаердан рухсат олмасдан ўзбошимчалик билан қуришган ва шунинг учун ҳам бу “ҳужжатсиз” масжидлар уйсиз ва кам таъминланган оилаларга бўлиб берилган.

Ховалинглик Сайфиддин Саймавжиддинов ҳам масжидга оиласи билан кўчиб кирганлардан бири. Сайфиддин Озодлик радиосининг тожик хизмати мухбирига тўрт нафар ёш боласи билан ота-онаси уйининг бир хонасида қийналиб яшаганини айтди:

“Масжидни чаппа қилмоқчи бўлишганда одамлар уни бузгандан кўра бирор камбағал одамга беринглар деб айтишди. Кейин уни менга хатлаб беришди. Ҳозир мен бу масжидни бўлиб, икки хонаю бир айвон қилдим. Масжид олдидаги 7 сотих ер ҳам менга насиб қилди”, деди Сайфиддин Саймавжиддинов.

Кўлоб тумани Дин қўмитаси бош мутахассиси Шариф Абдулҳамидовнинг айтишича, аҳоли эҳтиёжидан ортиқ қурилган ҳужжатсиз масжидлар кам таъминланган оилаларга бўлиб бериляпти:

“Масжид Имоми Аъзам мазҳаби доирасида амал қилиши керак. Юз оиладан кўп бўлган қишлоқ аҳли сертификат олиб масжид қуриш ҳуқуқига эга. Ҳозир масжиди бўлмаган бирорта қишлоқ йўқ. Шу сабабли ортиқча масжидлар уйларга айлантириляпти”, деди Шариф Абдулҳамидов.

XS
SM
MD
LG