Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:53

Ўзбекистон яна эркинликлар энг кўп бўғилган мамлакатлар қаторида


Freedom House халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти “Дунёдаги эркинлик”нинг бу йилги рейтингида Ўзбекистонни яна “ёмонларнинг ёмони” бўлган давлатлар қаторига киритди. Рейтингга мувофиқ, Ўзбекистонда сиёсий эркинликлар ҳам, фуқаровий эркинликлар ҳам максимал даражада бўғилган.

Freedom House ташкилотининг 28 январь куни ёйинланган “Дунёдаги эркинлик-2015” (“Freedom In The World 2015”) ҳисоботида Ўзбекистонда сиёсий эркинликларга риоя қилиниш даражасига ҳам, фуқаровий эркинликларга риоя қилиниш даражасига ҳам 7 балл берилган.

Ташкилотнинг тадқиқот методологиясига мувофиқ, ҳар бир мамлакатдаги эркинлик даражасига 1 баллдан 7 баллгача баҳо берилган. Яъни бу ерда 1 балл олган мамлакатлар инсон ҳақларига риоя қилиниши бўйича энг эркин, 7 балл олган мамлакатлар эса инсон ҳақлари энг кўп бўғилган давлатлар бўлиб ҳисобланади.

Жаҳоннинг 195 та мамлакатидаги инсон ҳақлари вазиятига баҳо берилган “Дунёдаги эркинлик-2015” ҳисоботида 89 та давлат эркин, 55 та давлат қисман эркин ва 51 та давлат эркин бўлмаган давлат ўлароқ баҳоланган.

Ҳисоботда Ўзбекистон “ёмонларнинг ёмони” тоифасига киритилмиш Хитой, Туркманистон, Беларусь, Саудий Арабистони, Судан, Сомали, Чад, Жанубий Судан ва Марказий Африка Республикаси каби демократик эркинликлар қўпол равишда бузилаётган давлат қаторида саналади.

“Авторитар режимларнинг янада тажовузкорроқ тактикаси ва террор хуружларининг кўпайгани 2014 йилда жаҳондаги эркинликнинг хавотирли даражада пасайишига сабаб бўлди”, дейилади Freedom House ҳисоботида.

Ҳисобот муаллифларига кўра, Марказий Осиё минтақасида инсон ҳақларига энг кўп риоя қилаётган мамлакат Қирғизистондир. Бу мамлакат “қисман эркин мамлакатлар” қаторига киритилган.

Тожикистон билан Қозоғистон эса Freedom House рейтингида “эркин бўлмаган мамлакатлар” қаторидан ўрин олган. Тожикистоннинг эркин бўлмаган мамлакатлар қаторига киритилишига бу мамлакатда мухолифатга нисбатан босимлар сабаб бўлгани айтилса, Қозоғистон бу мавқега кўпроқ сўз эркинлигининг бўғилиши туфайли “сазовор бўлган”.

Европа қитъасидаги аксар мамлакатлар, Австралия, АҚШ, Канада, Бразилия ҳамда Мўғулистон ҳисоботда “эркин мамлакатлар” қаторида саналган.

Ўзбекистон “Дунёдаги эркинлик” рейтингида кўп йиллардан буён “ёмонларнинг ёмони” бўлган мамлакатлар қаторидан жой олиб келади.

XS
SM
MD
LG