Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:30

Ташқи ишлар вазирига қор курамагани учун жарима солинди


Бундан 5 кун аввалги бир янгиликни кундалик ишлар билан бўлиб кўрмай қолибман.

Энг қизиғи, кундалик ишларим ўзи - ўша янгиликларни кузатиб бориш.

Демак, вақт ўтди - 5 кун аввалги янгиликни янгилик тилида айтиб бўлмайди, шунинг учун чойхона тилига ўтаман.

Хуллас, дўстлар, ўтган ой охирларида қаттиқ ёққан қор эсингиздадир. Еру осмон оппоқ бўпкетди-ку ўшанда!

Машиналар жилолмай, жилса юролмай, юрса тўхтолмай қолди-ку?!

Шаҳарнинг қоркурар уловлари етарли, улар уловюрар йўлни тозалаб олўвради, лекин йўлкаларни тозалаш масъулияти йўл четидаги уйлар соҳиблари зиммасида.

Бундай масъулият мавжудлигини шаҳар маъмурлари яна бир бор аҳолининг ёдига солди.

“Шаҳарликлар, деб хитоб қилди шаҳар маъмурлари, уйингиз олдидаги йўлкадаги қорни кураб ташланг!”

Ҳамма азонда туриб қор тозалади.

Биргина ташқи ишлар вазирининг уйи олди тозаловсиз қолди.

Вазир ўша куни Яқин Шарқда – Саудия подшоҳининг таъзиясига қатнашганидан кейин, “Ке, барибир бу ёқларга келиб қолдим, чала ишларни битириб кетай”, деб юрган эди.

Иссиқ ўлкаларда юргани учун ватанида қаттиқ қор ёққанини ўйламади.

Ўзлари билиб, ёрдамчилари ҳам вазирнинг уйи олдини кураб қўйишга қунт қилмабди.

Маъмурлар қор куралмагани учун вазирнинг дарвозасига жарима қоғозни қистириб кетибди. Қора бозорнинг шу кундаги курси бўйича 200 000 сўмлик жарима.

Ишлар билан ташқарилаб юрган вазирга ёрдамчилари бу шумхабарни етказибди.

Хабарларга қараганда, вазир ватанга қайтгач, жаримани тўлаб қўймоқчи. Тўламаса бўлмайди, барибир.

Биладики, у маъмурга “Ука, мен ташқи ишлар вазириман, мамлакатдаги Энг Катта Раҳбардан кейин турадиган Иккинчи Одамман”, деса маъмур “ ЖОН ака, узр, мен аҳмоқ, мен дуррак билмай жарима сопқўйимппан, ўзим тўлаппўяман”, демайди.

Аксинча, “Вазир бўлсангиз ўзингизга, мен учун сиз оддий пуқаросиз”, дейди.

Хабарларга қараганда, вазир ватанига қайтиши билан ё ўзи бориб тўларкан жаримани, ё ёрдамчиларига бераркан пулни “тўлаб келинглар”, деб.

Боядан бери айтаётганим вазирнинг исми Жон Керри.

У АҚШ ташқи ишлар вазири. Бу мамлакат ташқи ишлар вазирини Давлат котиби дейишади.

А сиз қайси мамлакат ташқи ишлар вазирини айтаяпти, деб ўйлаётувдингиз?

XS
SM
MD
LG