Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:48

Интерпол Қирғизистон билан ҳамкорликни тўхтатиши мумкин


Қирғизистон Интерполга 1997 йилда аъзо бўлган. Ташкилотга аъзо давлатлар ҳар йили аъзолик бадали тўлаши керак. Қирғизистоннинг мазкур ташкилотга 2002 йилдан буён тўламай келган қарзи 150 минг еврога етди. Бундай маълумотни ИИВнинг матбуот котиби Бақит Сейитов билдирди.

-Бизнинг Интерполга қарзимиз 150 минг евродан ошди. Ҳозирда бу қарзни тўлаш учун ИИВнинг бюджетида пул йўқ. Шу масала юзасидан ҳукуматдан ёрдам сўраб мурожаат қилдик. Ўтган йилги аъзолик қарзимиз 15 минг еврони ташкил қилади, - дейди Бақит Сейитов.

Унга кўра, агар Қирғизистон қарзини тўламаса Интерпол ҳамкорликдан бош тортиши мумкин.

Бу масалада изоҳ олиш учун Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирлари Интерполнинг Бишкекдаги миллий бюросига борган. Бироқ ходимлар иш ўрнида бўлмагани сабабли изоҳ олишнинг имкони бўлмаган. Маълум бўлишича, мазкур бўлимда фақат етти ходим ишлайди ва уларнинг барчаси мунтазам қидирув ишлари билан банд бўлгани учун бюрода одам бўлмайди.

Интерпол ходимларининг асосий вазифаси дунёнинг ташкилотга аъзо 190 давлатида қидирилаётган жиноятчиларни топишга кўмаклашишдир. Шунингдек, улар ҳалқаро қидирувга берилган фуқаролар бўйича суд, прокуротура органлари ҳужжатларини чет тилларига таржима қилиб, ташкилотнинг бош идорасига юборишади.

Бироқ бундан аввал, ИИВ раҳбарининг ўринбосари Қалибек Сативалдиев Интерполнинг Қирғизистондаги ҳодимларидан фақат уч нафари инглиз тилини билиши, Интерполнинг миллий бюросига кадр танлашда қўпол қонунбузарликларга йўл қўйилганини айтиб чиққан эди.

Қирғизистон бунгача 314 гумонланувчини топиш бўйича Интерполдан кўмак сўраган бўлса, ташкилот уларнинг 290 нафарини халқаро қидирувга берган. Ўтган йили мамлакатнинг 15 фуқароси Интерпол ёрдамида чет давлатларда, бошқа давлатлар қидираётган 10 фуқаро Қирғизистонда қўлга олинган.

Халқаро қидирувга берилганлар орасида оғир жиноятларда гумонланганлар, Алманбет Анапияев каби жиноят олами авторитетлари ва собиқ сиёсатчилар ҳам бор. Ҳозирда Интерпол томонидан қидирувга берилганлар орасида сиёсатчиларнинг сони 15га етган. Улар қаторида Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев, Ўш шаҳрининг собиқ мэри Мелис Мирзақматов ҳамда ўшлик ўзбек лидерларидан бири Иномжон Абдурасуловлар бор.

ИИВнинг собиқ раҳбарларидан бири Болот Ногойбаев Интерпол орқали қидирилаётган фуқароларнинг қўлга олинмаётганига Қирғизистоннинг ҳалқаро майдондаги обрўсининг пастлиги сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайди. У бунга Белоруссияда яшаётган собиқ президент Бакиевнинг экстрадиция қилинмаётганини мисол тариқасида келтиради.

-Интерпол Бакиевга ўхшаганларни қўлга олмайди, қўлга олса ҳам Қирғизистонга бермаяпти. Айрим давлатлар ҳалқаро келишимларга амал қилмай ўзбошимчалик қилмоқда. Қирғизистон каби сиёсий ва иқтисодий ожиз ўлкаларни ҳурмат қилишмаяпти,- дейди Болот Ногойбаев.

.Интерпол 1923-йили ташкил қилинган. Ҳозирда мазкур ташкилотга 190 мамлакат аъзо бўлган. Бош қароргоҳи Франциянинг Лион шаҳрида жойлашган.

XS
SM
MD
LG