Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:20

Украина шарқида сулҳга қарамасдан жанглар давом этмоқда


Киев ҳукумат қўшинлари сўнгги 24 соат ичида россияпараст айирмачилар тарафидан 112 марта ўққа тутилди, демоқда.
Киев ҳукумат қўшинлари сўнгги 24 соат ичида россияпараст айирмачилар тарафидан 112 марта ўққа тутилди, демоқда.

Украина шарқида ҳукумат қўшинлари билан россияпараст айирмачилар ўртасида сулҳ ўрнатилганига қарамасдан, жанглар давом этмоқда. Жанглар кўлами сезиларли пасайган, лекин томонлар бир-бирини сулҳни бузаётганликда айбламоқда. Айни пайтда, фронт линиясидан оғир қуролларни олиб чиқиш масаласи ҳам мавҳум қолмоқда.

Киев ҳукуматининг билдиришича, сулҳ битими 15 февралдан кучга кирганига қарамасдан, ҳукумат қўшинлари сўнгги 24 соат ичида россияпараст айирмачилар тарафидан 112 марта ўққа тутилган.

Украина Ташқи ишлар вазири Павло Климкин 16 февраль куни қилган чиқишида ҳукумат ўт очишни тўхтатиш битимига “тўла амал қилмоқда”, дея таъкидлаб, “Донецк ва Луганскдаги террорчилар” артиллерия, ракета ва “Град” тизимларидан” ҳужум уюштираётганини баён қилди.

Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот вакили Андрий Лисенко душанба куни Киевда ўтказилган брифингда бундай деди.

- Жанговар ҳаракатлар кўлами аксар жойларда умумиятла сезиларли тарзда пасайди. Лекин Минск битимига қарамасдан, Дебальцево атрофида жанглар давом этмоқда. Сўнгги бир неча соат давомида жангарилар бизнинг позицияларимизни 88 марта ўққа тутди. Душман фаол тарзда “Град” ракета тизимлари, танклар, артиллерия ва ракеталардан фойдаланмоқда,- деди миллий кенгаш матбуот котиби.

Лисенко ҳукумат қўшинлари фақатгина ҳужумларни қайтариш учун ўт очаётганини таъкидлади.

- 16 февраль куни соат 11га қадарноқонуний қуролли тузилмалар аксилтеррор амалиёт назорат пунктларини 129 марта ўққа тутди. Бу секин-аста уларни бу ҳудуддан сиқиб чиқариш учун қилинмоқда. Бир нарсани таъкидламоқчиман, бизнинг қўшинлар фақатгина ҳужумларга жавобан ўт очмоқда,- деди Лисенко.

Рейтерс агентлиги Украина Мудофа вазирлиги матбуот вакилининг сулҳ кучга кирганидан бери 5 нафар ҳарбий ҳалок бўлиб, 25 нафари жароҳатлангани тўғрисидаги сўзларини келтирмоқда.

Ҳукумат қўшинлари қўлида қолаётган Дебальцево шаҳри атрофида жанглар давом этомқда. Киев ва россияпараст айирмачилар бир-бирини сулҳ битимини бузганликда айбламоқда. Иккала томон ҳам жанглар давом этаётгани боис оғир қуролларни минтақадан олиб чиқмасликларини эълон қилди.

Украина шарқидан танк, артиллерия ва ракеталарни олиб чиқиш жараёнининг маҳаллий вақт билан 17 февралдан бошлаб уч ҳафта ичида тугатилиши режалаштирилган. Бу ўтган ҳафта Минскда эришилган сулҳнинг иккинчи босқичи доирасида амалга ошиши керак.

Украина Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Владислав Селезнёв ҳозирда Украина фронт линиясидан оғир қуролларни олиб чиқиши масаласи кўриб чиқилмаётганини таъкидлади. Қуроллар фронт линиясида 140 километрлик буфер зонасини ташкил қилиш учун олиб чиқилиши керак эди.

Ўзини Донецк халқ республикаси, деб эълон қилган ташкилот расмийси Эдурад Басурин “Украина армияси ўт очиш ва Минск келишувини бузишни тўхтатмаса, Донецк халқ республикаси кучлари ўз қуролларини олиб чиқмайди”, дея таъкидлади.

Айни пайтда, Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари Россия Мудофаа вазирлигининг икки расмийси ва парламентнинг икки депутатини санкция рўйхатига қўшди. “Украина ҳудудий яҳлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказганлик” учун Европа Иттифоқига кириши ман қилинган ва банк ҳисоб рақамлари музлатилганлар рўйхатига Донецк ва Луганскдаги айирмачиларнинг 15 вакили ҳам қўшилди. Бу рўйхатга ҳозирда Украина ва Россиядан 151 шахс ва 37 ташкилот номи тиркалган.

Москва 16 февраль куни Брюссель қарорига зудлик билан жавоб қайтариб, Киев билан россияпараст айирмачилар ўртасида сулҳ кучга кирганидан бир кун ўтиб янги санкция қўллаган ЕИ ҳаракатлари “соғлим фикрга” зиддир, дея баён қилди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Москва санкциялар кучайтирилишига “адекват” жавоб қайтаради, дея билдирди.

Сулҳ битими ўтган ҳафта Украина, Россия, Германия ва Франция етакчилари ўртасидаги музокаралар натижасида қабул қилинди. Украина шарқида 10 ойдан бери давом этаётган жанглар оқибатида 5500га яқин одам ҳалок бўлди.

XS
SM
MD
LG