Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:24

Алишер Усмонов энди Россиянинг энг бой одами эмас


Миллиардер Алишер Усмонов.
Миллиардер Алишер Усмонов.

Уч йилдан буён Россиянинг энг бадавлат одами сифатида эътироф этиб келинаётган миллиардер Алишер Усмонов бу йилги рейтингда ўз ўрнини россиялик бошқа бир бойваччага бўшатиб беришгамажбур бўлди.

Forbes томонидан бисоти 14 миллиард400 миллион доллар деб баҳоланган Алишер Усмонов бу йил россиялик бойлар ўртасида учинчи ўринни эгаллади.

Бу йилги рейтингда Россия бойлари орасида биринчи ўринни сарвати 15 миллиард 400 миллион долларга тенг бўлган Владимир Потанин эгаллади. Иккинчи ўринда 14 миллиард 600 миллион долларлик мулк соҳиби бўлган Михаил Фридман бормоқда.

Россия иқтисодиётининг асосий секторларидан бир нечтасида асосий фигура бўлган, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов йирик “Металлоинвест” металл-маъдан ширкати, “Мегафон” уяли алоқа оператори, Mail.ru Group интернет-холдинги, “Коммерсантъ” нашриёт уйи ва бошқа мулклар эгаси бўлиб ҳисобланади.

Россия давлатмандлари орасида учинчи ўринни эгаллаган Усмонов бу йил жаҳон бойлари орасида 71-ўринга тушиб кетди. Ўтган йили Forbes уни дунё бойлари орасида 40-ўринга ($18,6 млрд) қўйганди.

Forbes журналининг бу йилги рейтингига Россиядан 88 нафар миллиардер киритилган. Ўтган йили рейтингга россиялик 111 миллиардер кирганди.

Журнал маълумотларига кўра, айни пайтда сайёрада 1826 нафар миллиардер истиқомат қилмоқда. Улар тасарруф қилаётган мулкларнинг умумий қиймати 7,05 триллион долларга тенгдир.

Жаҳон бойларининг 2015 йилги рейтингида биринчи ўрин яна Microsoft ширкати асосчиси Билл Гейтсга насиб қилди. Ўтган йил давомида бойлигига 3 миллиард доллар қўшилган ва бугунги кунда 79 миллиард долларлик бойлик соҳиби бўлган америкалик бу тадбиркор сўнгги 21 йил мобайнида 16 марта “жаҳоннинг энг бой одами” ўлароқ эътироф этилган.

Иккинчи ўринда 77,1 миллиард доллар соҳиби, мексикалик тадбиркор Карлос Слим бормоқда. Учинчи ўрин эса 72,7 миллиард долларлик сармоя эгаси бўлган америкалик инвестор Воррен Баффетга насиб қилди.

Forbes рўйхатига кирган жаҳон миллиардерларининг 197 нафари аёллар бўлиб, уларнинг энг бадавлати Wal-Mart Stores Inc савдо империяси вориси Кристи Волтондир.Америкалик тадбиркор Жон Волтоннинг беваси бўлган бу аёлнинг бойлиги,Forbes ҳисоб-китобига кўра, бугунги кунда 41 миллиард 700 миллион долларга тенг.

Журнал рейтингидан ўрин олган энг ёш миллиардерлар оммабоп Snapchat мобил иловаси ижодкорлари бўлган Эван Шпигель ва Бобби Мерфилардир. 24 ёши Эван ва 25 ёшли Бобби бугунги кунда 1,5 миллиард доллардан сармоя эгаси бўлиб ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG