Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:00

Борис Немцов Андижондаги мазлум мусулмонлар тарафини олган эди


Борис Немцов Озодлик журналистлари билан 2005 йилда суҳбатлашаëтган пайти.
Борис Немцов Озодлик журналистлари билан 2005 йилда суҳбатлашаëтган пайти.

Ўтган ой охирида отиб ўлдирилган Россия мухолифатчиси Борис Немцов мусулмонларнинг жиғига теккани боис қотиллик нишони бўлгани ҳақида иддаолар ўртага чиқди. Борис Немцовнинг маслакдоши¸ мухолифат арбоби Илья Яшин бу иддаоларни Кремль буюртмаси бўйича яратилган чўпчак деб атади. Борис Немцов 2005 йил Озодлик билан суҳбатда Андижондаги мазлум мусулмонлар тарафини олиб гапирган эди.

27 февраль оқшомида Кремль яқинидаги кўприк устида отиб кетилган Кремлнинг ашаддий танқидчиси Борис Немцовнинг Россия мусулмонларининг жиғига теккани қотиллик сабаби сифатида кўрилаëтгани ҳақида "Росбалт" агентлиги билдирди.

Бундан олдин Россия тергов қўмитаси Немцовнинг Париждаги "Шарли Эбдо" нашри журналистларнинг ўлдирилгани борасидаги гапларидан кейин радикал мусулмонлар тарафидан тахдид қилингани ҳақида билдирган эди.

Борис Немцовнинг маслакдоши¸ мухолифат арбоби Илья Яшин бу иддаони Кремль буюртмаси билан яратилган чўпчак, деб атади. Яшинга кўра¸ Немцов доимо мусулмонларга эҳтиром билдириб келган.

2005 йили Прагада Вацлав Ҳавел ташаббуси билан ўтказилган "Форум 2000" халқаро конференцияда Озодлик мухбири Абдулла Искандар билан суҳбат пайтида Борис Немцов Андижонда ҳукумат ўқларига нишон бўлган оддий мусулмонларни ҳимоя қилиб гапирган эди.

Суҳбат пайтида Немцов ўзбек қамоқхоналаридаги минглаб эътиқод маҳбуслари борасидаги ўз ҳавотирларини ҳам изҳор қилган эди.

Интерьвю тугаганидан кейинги ўзаро норасмий суҳбатда Борис Немцов Европадан қочқинлик мақоми олган андижонликлар билан учрашиб суҳбатлашиш истагини ҳам билдирган эди.

Немцов: “Каримов Ҳаагада жавоб бериши керак”

Россиялик мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцов Озодлик мухбири билан 2005 йилги суҳбатда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Ҳаага трибуналида “инсониятга қарши жиноятлар қилган кимсалар билан бир қаторда жавоб бериши керак”лигини таъкидлаган эди.

Озодлик: Россия мухолифатчиларининг Каримов режимига муносабати қандай? Нега улар Ўзбекистондаги тазйиқларга муносабат билдирмаяпти?

Б. Немцов: Ўзбекистон эшиклари мен учун ëпиб қўйилган ва айнан шунинг учун ҳам Ўзбекистон ҳақида ҳақиқатни айтиш каби саодатга ноилман. Каримов ўз қилмишларига Ҳаага трибунали қошида туриб жавоб бериши керак. У Милошевич ўтирган қора курсига ўтириши керак. Рус мухолифати бу фикрда якдил. Андижонда мудҳиш ҳодисалар юз берган пайтда биз Каримов истеъфосини талаб қилдик. Икккинчидан, биз Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасини бойкот қилдик. Каримовнинг Москвага келишига норозилик билдирдик. Биласиз, у қилғиликни қилиб қўйиб, Путин пинжига суқилган эди. Бундан ташқари, Андижон борасида бизнинг, яъни Россия мухолифатчиларининг муносабати ўта аниқ бўлди. Бу қотиллик эди ва бу қотилликни амалга оширган Ислом Каримов жиноий жавобгарликка тортилиши керак.

Озодлик: Рус мухолифатчилари талабларига қарамай, Россия Ўзбекистонга ëн босди. Хўш, Россия ва Ўзбекистоннинг бугунги муносабатларига қандай баҳо берасиз?

Б. Немцов: Биз Каримовнинг Путин билан яқинлашишига мутлақ қарши бўлдик. Бу ҳақда доимо гапирдик. Путин тарғибот машинасининг баланд овози овозимизни тўсиб қўйгани эса бошқа гап. “Коммерсант”га ўхшаган кам тиражли газеталарни Ўзбекистонда ўқишмаса керак. Балки бу бизнинг камчилигимиздир. Балки биз Тошкентда Каримовга қарши яширин варақалар чоп қилиб тарқатишимиз керак эди. Нима бўлганда ҳам биз рус мухолифатчилари сизнинг Каримовингизга қарши гапираëтганимиз юз фоиз рост.

Озодлик: Россиянинг геосиëсий ўйинлари оқибатида Ўзбекистон ўз мустақиллигини бой бера бошлади, деган фикрларга муносабатингиз қандай?

Б. Немцов: Биласизми, мустақилик учун мамлакатда ҳамма нарса етарли бўлиши керак. Марказий Осиёда фақат икки давлатда, яъни Қозоғистон ва Туркманистонда бунинг аломатлари бор. Ўзбекистонни ҳам улар қаторига қўшиш мумкин эди, аммо Каримов омили бунга халал беради. Агар ўртоқ Каримовнинг барча тириклик нишонаси бўлган нарсаларни емириш, вайрон қилишдан иборат ақлсиз сиëсати бўлмаганда эди, Ўзбекистон қоғозда эмас, амалда мустақил бўлар эди. Каримов Ўзбекистонда бизнесни ҳам, интеллектуал ресурсларни ҳам йўқ қилди.

Озодлик: Марказий Осиё иттифоқи ғояси ҳақида ҳам фикр билдирсангиз.

Б.Немцов: Марказий Осиёда Каримов каби мустабидлар тирик экан, бирлашиш ғояси хаëл бўлиб қолаверади. Диктаторлар бирлашмайди. Уларга бу ғоя ëт, улар ҳам нарсани куч ва пинҳона келишув орқали амалга оширамиз, деб ишонади.

Озодлик: Марказий Осиёнинг бирлашуви Россия учун яхшими ёки ёмон?

Б.Немцов: Агар бу итифоқ демократик бўлса, Россия учун яхши, агар зулм устига қурилса, ëмон.

p.s

Кремлнинг ашаддий танқидчиси бўлган мухолифатчи Борис Немцов 27 февраль оқшомида Кремль яқинидаги кўприк устида отиб кетилди.

Борис Немцовнинг ўлдирилишига ўзбек мухолифатчи шоирларидан бири¸ айни пайтда АҚШда истиқомат қилаëтган Юсуф Жума мана бу мисралар билан муносабат билдирди:

Ҳақ, адолатинг шуми?!
Оламни олди олов.
Бўлди ёвузлик еми
Эзгулик - Борис Немцов.
Марду номард уруши
Ҳаёт - қисмат юклари.
Эрлар дилларин тешди
Кремлнинг ўқлари.
Сўқир товуқларига
Қолган Эй дунё - жаноб,
Кремль ўқларига
Қачон берасан жавоб?!
XS
SM
MD
LG