Линклар

Шошилинч хабар
15 апрел 2021, Тошкент вақти: 16:58

Ўзбекистон хабарлари

Тошкент трактор заводига нисбатан банкротлик жараёни бошланди

Тошкент хўжалик суди "Тошкент трактор заводи" (ТТЗ) акциядорлик жамиятига нисбатан банкротлик жараёнини бошлашга санкция берди.

Бу ҳақда корхона кредиторларининг матбуотда эълон қилинган хабарномасига асосланиб Газета.уз нашри хабар берди.

Ўзбекистондаги энг йирик қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхонасига нисбатан кузатув шаклидаги банкротлик жараёни белгиланган

Хабарда айтилишича, корхонага айни дамда муваққат бошқарувчи тайинланган.

20 апрелда бўлиб ўтадиган кредиторлар йиғинида корхонага нисбатан банкротлик таомилининг тури танланади.

1942 йилда ишга тушган ТТЗнинг лойиҳавий қуввати 12 минг трактор ва 13 минг тиркамага тенг. Завод сўнгги йилларда ўз қувватининг 20 фоизини ишлатиб келмоқда.

Тугатилаётган ТТЗ асосида "Ўзагросаноатмашхолдинг" компанияси ташкил этилади.

Кун янгиликлари

Тошкент метросидаги соат таблосига хакерлар ҳужум қилгани айтилди

Тошкентдаги метро бекатларидан бирига кириш йўлаги.

Сергели йўналишининг “3-Бекат” станциясидаги соат таблосига 12 апрель куни соат 16:40да ҳакерлар томонидан киберҳужум содир этилгани аниқланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” 15 апрель куни расман маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мазкур “киберҳужум тафсилотлари акс этган видео”лар тарқалган эди. Унда соат таблоси ўрнига ножўя сўзлар ёзилганини кўриш мумкин.

Расман билдирилишича, ҳолат юзасидан ички хизмат текшируви ўтказилган.

“Ушбу дарча электрон тизимли бўлиб, Wi-Fi орқали бошқарилади. Ҳужум қилганлар соатга ўрнатилган паролни бузиб, унга ножўя гапни ҳаракатланувчи сатрга жойлаштирган. Таъкидлаш жоизки, мазкур гап 4 дақиқа ичида олиб ташланган”,-дейилади билдирувда.

“Ўзбекистон темир йўллари” айни пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан айбдорлар қидирилаётгани ва уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиши ҳақмда ҳам маълум қилган.

Коронавирусга чалиниш бўйича кунлик антирекорд янгиланди

Янги касалланиш ҳолатларининг 129 нафари Тошкент шаҳрида аниқланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 апрель куни коронавирусга чалинганлар сони бўйича кунлик рекорд янгилангани тўғрисида маълум қилди. 2021 йил бошидан бери биринчи марта 14 апрель куни Ўзбекистонда 227 кишида коронавирус аниқланди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 129 нафари Тошкент шаҳрида, 42 нафари Тошкент вилоятида, 25 нафари Самарқанд вилоятида топилган. Қолган 31 бемор Ўзбекистоннинг 10та вилоятида аниқланган.

Бу билан Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 85730 кишини ташкил этмоқда.

Касалликдан соғайганлар жами 83462 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил қилмоқда.

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 1634 нафар бемордан 229 нафари оғир, 104 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Пандемия бошланган 2020 йилнинг мартидан то шу кунгача камида 633 бемор вафот этган.

Коронавирусдан эмланганлар 300 мингдан ошди

Мамлакатда коронавирусга қарши эмлаш 1 апрель куни бошланган эди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 14 апрель куни Ўзбекистонда яна 43 896 нафар киши COVID-19 га қарши эмланди. Бу билан жами эмланганлар сони жами 300 854 нафарга етди.

Жами эмланганлар сони бўйича Фарғона вилояти биринчи ўринни эгаллаб турибди. Бу ерда 47 946 киши эмланган. Иккинчи ва учинчи ўринларда Андижон (37 344 нафар) ва Наманган (33 446 нафар) вилоятлари бормоқда.

Вазирлик эмланганлар орасидаги ножўя таъсир ҳақида маълумот бермаган. Мамлакатда коронавирусга қарши эмлаш 1 апрель куни бошланган эди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков 7 апрель куни АОКАда ўтказилган брифингда коронавирусга қарши 6 апрелга қадар эмланган 49 200 кишидан 71 нафарида ножўя таъсир сезилгани ҳақида маълум қилганди.

Ўн беш йиллик танаффусдан сўнг IREX Ўзбекистонда ўз фаолиятини давом эттирадиган бўлди

Ўзбекистон Адлия вазирлиги масъуллари томонидан IREX вакилларига тақдим этилган гувоҳнома (Адлия вазирлиги фотоси)

Адлия вазирлиги шу йилнинг 12 апрель куни қароргоҳи АҚШда бўлган Халқаро тадқиқотлар ва алмашувлар кенгашининг (IREX) Ўзбекистондаги филиалини давлат рўйхатидан ўтказган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Хабарномада филиалнинг асосий мақсад ва вазифалари ўлароқ Ўзбекистонда фаровон ва тенг ҳуқуқли жамият қурилишига ҳисса қўшиш, Ўзбекистон ёшларининг имкониятларини кенгайтириш ва бўлажак раҳбарларни тарбиялашга, сифатли таълим ва ахборот олиш имкониятларини кенгайтиришга кўмаклашиш ҳамда Ўзбекистон Республикасига инглиз тили соҳибларини жалб қилган ҳолда ўқитувчилар малакасини оширишга ҳамда талабаларни инглиз тилини интенсив равишда ўрганишини таъминлашга кўмаклашиш кабилар кўрсатилган.

Филиал ўз мақсад ва вазифаларини Ўзбекистон Халқ таълими, Инновацион ривожланиш, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан ўзаро ҳамкорликда амалга ошириши айтилган.

Ташкил этилганига ярим асрдан ошган IREX ваколатхонаси дунёдаги юздан зиёд мамлакат қаторида 1994 йили Ўзбекистонда ҳам очилиб, 10 йилдан зиёд фаолият юритган. Андижон воқеалари ортидан ўзбек расмийлари 2005 йил кузида бошқа халқаро ташкилотлар қаторида IREX ваколатхонасининг ҳам фаолиятини олти ойга тўхтатиб қўйган. Ўшанда Адлия вазирлиги бунга ташкилотнинг ўтган бир йил мобайнида АҚШда таълим олганлар тўғрисида тўлиқ маълумот беришни рад этганини сабаб сифатида келтирганди. Мазкур муддат ўтганидан кейин (2006 йили) халқаро ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси суд қарори билан ёпилган эди.

Ўзбек расмийлари электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича эстонияликлар билан ҳамкорлик қилмоқда

Иллюстратив сурат

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О. Пекос 14 апрель куни Эстония Электрон бошқарув академиясининг ижрочи директори Х. Асток билан учрашиб, у билан икки мамлакат ўртасида электрон ҳукумат ва рақамли ривожланиш йўналишларида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш, аҳоли ва тадбиркорлик субектларига хизматларни кўрсатишда электрон алмашинув механизмларини такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати Эстониянинг бугунги кунда электрон ҳукуматни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича Европа ҳамда дунёда етакчилардан бири бўлиб ҳисобланишини урғулаган.

“Болтиқбўйи давлатининг тажрибаси мамлакатимизда "Электрон ҳукумат" тизимини ривожлантириш учун жуда муҳимдир”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Қайд этилишича, учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг асосий масалалари ва йўналишларини акс эттирадиган меморандумни имзолаганлар.

Андижонда Польша университетининг филиали очилди

Андижон шаҳридаги истироҳат боғининг кириш қисми

Ўзбекистон ҳукуматининг жорий йил 14 апрелидаги қарори билан “Collegium Humanum” Варшава менежмент университети Андижон филиали ташкил этилди.

Адлия вазирлиги Телеграм-канали қайдича, нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланган филиалда ўқитиш Варшава менежмент университети томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва фан дастурларига мувофиқ кундузги таълим шаклида, инглиз, рус ва ўзбек тилларида тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Филиалда дастлабки босқичда “Молия ва бухгалтерия ҳисоби”, “Транспорт ва логистикада менежмент”, “Халқаро бизнес ва маркетинг”, “Туризм, меҳмонхона иши ва умумий овқатланишда менежмент ва маркетинг”, “Кичик ва ўрта бизнесни бошқариш” ҳамда “Ахборот-коммуникация технологиялари” мутахассисликлари бўйича (бакалавриат) талабалар қабул қилинади.

Филиалда ўқиш 2021/2022 ўқув йилидан бошланади. Битирувчиларга Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган диплом берилади.

Филиалда таълим бериш учун 70 фоизгача малакали профессор-ўқитувчи Польша Республикаси ва Европанинг бошқа давлатларидан жалб қилиниши айтилмоқда.

Хорижда пулсиз қолганлар элчихоналардан бир сутка учун 50 дан 150 долларгача қарз олиши мумкин

Ўзбекистон ҳукумати хорижий давлатда яшаш учун маблағсиз қолган фуқароларга вақтинча қарз бериб туришга қарор қилгани ҳақида Озодлик 13 апрель куни хабар қилган.

Блогер Хушнудбек Худойбердиев чоршанба куни ўз Телеграм-канали орқали турли давлат ва шаҳарларда пулсиз қолган ўзбекистонликларга элчихона ва консулликлар томонидан берилажак ёрдам суммасини ёйинлади:

  • Австрия - $100 (суткалик яшаш учун), $800 (транспорт учун)
  • Ақтау шаҳри (Қозоғистон) - $50 (суткалик яшаш учун), $100 (транспорт учун)
  • АҚШ - $100 (суткалик яшаш учун), $1000 (транспорт учун)
  • Афғонистон - $50 (суткалик яшаш учун), $250 (транспорт учун)
  • Афина шаҳри (Греция) - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Бирлашган Араб Амирликлари - $125 (суткалик яшаш учун), $300 (транспорт учун
  • Бангкок шаҳри (Таиланд) - $70 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Беларусь - $65 (суткалик яшаш учун), $500 (транспорт учун)
  • Бельгия - $150 (суткалик яшаш учун), $1000 (транспорт учун)
  • Буюк Британия - $100 (суткалик яшаш учун), $800 (транспорт учун)
  • Владивосток шаҳри (Россия) - $50 (суткалик яшаш учун), $800 (транспорт учун)
  • Германия - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Гуанжоу шаҳри (ХХР) - $100 (суткалик яшаш учун), $700 (транспорт учун)
  • Дубай шаҳри (БАА) - $125 (суткалик яшаш учун), $300 (транспорт учун)
  • Екатеринбург шаҳри (РФ) - $50 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Жидда шаҳри (Саудий Арабистони) - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Индонезия - $100 (суткалик яшаш учун), $1000 (транспорт учун)
  • Испания - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Исроил - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Истанбул шаҳри (Туркия) - $100 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Италия - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Корея - $100 (суткалик яшаш учун), $500 (транспорт учун)
  • Қувайт - $100 (суткалик яшаш учун), $1000 (транспорт учун)
  • Қирғизистон - $50 (суткалик яшаш учун), $100 (транспорт учун)
  • Қозоғистон - $50 (суткалик яшаш учун), $100 (транспорт учун)
  • Қозон шаҳри (РФ) - $50 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Латвия - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Малайзия - $70 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Миср - $70 (суткалик яшаш учун), $800 (транспорт учун)
  • Мозори Шариф (Афғонистон) - $50 (суткалик яшаш учун), $100 (транспорт учун)
  • Новосибирск шаҳри (РФ) - $50 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Нью-Йорк шаҳри (АҚШ) - $100 (суткалик яшаш учун), $1000 (транспорт учун)
  • Озарбайжон - $50 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Олмаота шаҳри (Қозоғистон) - $50 (суткалик яшаш учун), $100 (транспорт учун)
  • Покистон - $70 (суткалик яшаш учун), $500 (транспорт учун)
  • Польша - $100 (суткалик яшаш учун), $800 (транспорт учун)
  • Россия - $50 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Ростов-Дон шаҳри (РФ) - $50 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Санкт-Петербург шаҳри (РФ) - $50 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Саудия Арабистони - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Сингапур - $125 (суткалик яшаш учун), $800 (транспорт учун)
  • Тожикистон - $50 (суткалик яшаш учун), $100 (транспорт учун)
  • Туркия - $100 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Туркманистон - $70 (суткалик яшаш учун), $200 (транспорт учун)
  • Украина - $100 (суткалик яшаш учун), $500 (транспорт учун)
  • Ўмон - $70 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Франкфурт-Майн шаҳри (Германия) - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Франция - $100 (суткалик яшаш учун), $650 (транспорт учун)
  • Хитой - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Ҳиндистон - $100 (суткалик яшаш учун), $500 (транспорт учун)
  • Шанхай шаҳри - $100 (суткалик яшаш учун), $600 (транспорт учун)
  • Эрон - $70 (суткалик яшаш учун), $400 (транспорт учун)
  • Япония - $150 (суткалик яшаш учун), $1000 (транспорт учун)

“Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, хориждаги консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун маблағсиз қолган пайтда дипломатик идорага молиявий ёрдам сўраб, мурожаат қилиши мумкин.

Низомда қарз олган ўзбекистонлик олинган пулни 30 кунда республика бюджетига қайтариши шартлиги белгилаб қўйилган.

Олтин-валюта захиралари миқдори қарийб 600 миллион долларга камайди

Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари март ойи мобайнида 589 миллион 100 минг долларга камайган. Марказий банк қайдича, 2021 йилнинг 1 апрель ҳолатига кўра, захиралар 31 миллиард 647 миллион 600 минг долларни ташкил этган. 1 мартгача бу миқдор 32 миллиард 419 миллион 400 долларга тенг бўлган.

Марказий банк 2021 йил бошига нисбатан Ўзбекистоннинг соф халқаро захиралари 2 миллиард 200 миллион долларга ёки 6,5 фоизга камайганини билдирган.

“Бунда олтин ҳажми йил бошига нисбатан ошган бўлса-да, олтин нархининг йил бошидаги 1891,10 доллардан 1685,35 долларгача ёки 10,9 фоизга пасайиши халқаро захиралар қийматининг 2,4 млрд долларга камайишига сабаб бўлди”, дейилган МБ хабарномасида.

Регулятор маълумотига кўра, захираларнинг 19 миллиард 283 миллион 200 минг доллари олтин шаклида, 13 миллиард 15 миллион 600 минг доллари эса хорижий валюта ва депозитлар шаклида сақланмоқда.

Олтин-валюта захираси ҳар бир мамлакатнинг “қора кун”га асралган мулки бўлиб ҳисобланади.

Наманган ИИБ “Наманганда диндорларга қарши қатағон” бўлганини инкор қилди

Ўзбекистондаги мактаблардан бири. Иллюстратив сурат.

Наманган вилояти ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган "Диндорларга қарши қатағон Наманган вилоятида давом этади” сарлавҳаси остида тарқатилган хабарга расмий муносабат билдирди. Мазкур хабарга илова қилинган фотосуратда ҳижобдаги ўқувчи қизларнинг ҳуқуқ-тартибот идораси ходими қаршисида тик тургани акс этган эди.

ИИБнинг билдиришича, бу хабар асоссиздир. Ҳижобли қизларга ҳеч қандай босим кўрсатилмаган ва улар билан мактабга белгиланган формада келиши юзасидан профилактик суҳбат ўтказилган.

Расман маълум қилинишича, 8 апрель куни Янгиқўрғон туманидаги 10-сонли мактаб рахбарияти туман ИИБга мактабда аввалига 5 нафар, охирги кунларда 10 нафар қиз мактабга формада эмас, балки ҳижобда келаётгани тўғрисида “алоқа хати” жўнатган.

Туман ИИБ инспектори мазкур хат ортидан 10 апрель куни мактабга келиб, алоқа хатида кўрсатилган қизлар билан профилактик суҳбат ўтказган. Суҳбат давомида “ўқувчи қизларга рўмол ўрашлари мумкинлиги, бироқ, мактабга белгиланган тартибда кийиниб келишлари тушунтириб ўтилган”.

Наманган ИИБ билдирувида таъкидланишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 август кунги 666-сонли қарори билан “Ўзбекистонда аҳоли турли миллат ва диний конфессиялар вакилларидан иборатлиги ҳамда мажбурий умумий ўрта таълим дунёвий характерга эгалиги муносабати билан ўқувчиларнинг мактаб формасига турли дин конфессиялари ҳамда субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (ҳижоб, кипа, кашая, хоч ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди”.

МСК Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарликни бошлади

Ўзбекистонда бўлажак сайловлар "халқаро стандартларга амал қилинган ҳолда" ўтказилиши иддао қилинди.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси - МСК 14 апрелдан президентлик сайловига тайёргарлик кўриш ишларини бошлади. Бу ҳақда МСК матбуот хизмати маълум қилди.

Расман билдирилишича, МСКнинг 14 апрель куни ўтган йиғилишида президент сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастури ва Марказий сайлов комиссиясининг президент сайловига оид қатор низомлари лойиҳалари муҳокама қилинди.

“Йиғилишда мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтариш йўлида ўз олдига буюк мақсадни қўйган Янги Ўзбекистонда Президент сайлови бу йил янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга амал қилинган ҳолда, демократик тамойиллар асосида ва ва бутунлай янгича муҳитда ўтиши алоҳида таъкидланди”,- деб иддао қилинади МСК расмий билдирувида.

Ўзбекистон сайлов қонунчилигига 2021 йил февраль ойида киритилган ўзгартишларга биноан эндиликда президент сайлови, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари сайлови уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

ЕХҲТ раиси Ўзбекистонда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди

Линде хоним 13 апрелда Тошкентга келган.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линде 14 апрель куни Тошкентда фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Озодликка бу ҳақда ЕХҲТ раиси билан учрашувда иштирок этган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

“Қисқа учрашувларда “Эзгулик” жамияти, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, Журналистларни қайта тайёрлаш халқаро маркази, “Истиқболли авлод” сингари ноҳукумат ташкилотлари вакиллари иштирок этишди. Фуқаролик жамияти вакиллари мамлакатдаги аҳвол, ижтимоий-сиёсий вазиятга турли тарафлардан баҳо беришди”, - дейди А. Ташанов.

Учрашувда “Эзгулик” ташкилоти вакиллари мамлакатда сўз эркинлиги кузатилаётган бир пайтда бошқа тизимларда ислоҳотлар олға силжимаётгани ҳақида гапирганлар.

Ташановга кўра, “мамлакатда ягона ташаббускор бўлган президентнинг чақириқлари, ислоҳотлар жамиятда уни қўлловчи институционал тизим бўлмагани боис ўрта бўғинда синмоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам”.

13 апрелда Тошкентга келган Линде хоним ташрифи доирасида Олий Мажлиси Сенати ва Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама музокаралар ўтказиши кўзда тутилган.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкентга сафари доирасида Анн Линденинг Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиши ҳам режаланганини билдирган.

Ўзбекистонга ташрифи олдидан ЕХҲТнинг амалдаги раисаси Қозоғистон ва Қирғизистонда бўлган. Тошкент сафаридан сўнг мулозиманинг Тожикистонга йўл олиши кутилмоқда.

Маълумотларга кўра, Анн Линде 16 апрель куни видеоалоқа воситасида Туркманистон ташқи ишлар вазири билан музокара ўтказиши ҳам режаланган.

Ёшлар билан ишлай билмаган уч нафар ректор ва айрим ҳокимлар ишдан олинди

Ёшлар билан ишлашни ўз ҳолига ташлаб қўйгани учун Фарғона давлат университети ректори Равшанжон Мақсудов, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ректори Султон Аҳмедов ҳамда Қўқон давлат педагогика институти ректори Мамиржон Отажонов лавозимидан озод этилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан 13 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирган. Мирзиёев бошқа ректорлар ҳам қатъий огоҳлантирилишини таъкидлаган.

Йиғилишда қайд этилишича, ёшлар билан ишлашни лозим даражада ташкил этмагани учун Сурхондарё вилояти ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, Фурқат ва Улуғнор тумани ҳокимлари, Шофиркон, Қамаши, Хива, Чуст, Хўжайли ва Ангор туманларидаги айрим сектор раҳбарлари лавозимидан озод этиладиган бўлган. Яна қатор мутасаддилар қатъий огоҳлантирилиб, вазиятни ўнглаши учун муҳлат берилган.

Қашқадарёда ўқитувчининг калтакланиши бўйича жиноят иши қўзғатилди

Чироқчилик муаллим Ш. Оққўзиев

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидаги 134- умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси Шоҳнур Оққўзиев калтакланганлиги ҳолати юзасидан туман ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан шу йил 13 апрель куни Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Чироқчидаги 134-мактаб ўқитувчиси Ш. Оққўзиев ўқувчисига "2" баҳо қўйгани учун унинг акалари томонидан калтаклангани ҳақида Озодлик ўтган ҳафта хабар қилган. Ўшанда туманнинг Умакай маҳалласи профилактика инспектори, катта лейтенант Сардор Аҳмедов ўқитувчининг калтакланиши юзасидан терговгача суриштирув олиб борилаётганини айтганди.

"Терговгача суриштирув кетяпти. Ҳозир калтакланган ўқитувчига етказилган жароҳат бўйича экспертиза ўтказдик, натижасини кутяпмиз. Шуни натижасига қараб ҳуқуқбузарларга баҳо берилади", деганди С. Аҳмедов Озодликка.

ХТВ қайдича, айни пайтда мазкур ҳодиса бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мирзиёев уч кунлик расмий сафар билан Тожикистонга боради

Ўзбекистон президенти Ш. Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Э. Раҳмон билан, Душанбе, 2019 йил 14 июни (архив фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тожикистонлик ҳамкасби Эмомали Раҳмон таклифига биноан жорий йилнинг 10 июнидан 12 июнигача Душанбега расмий сафар билан боради. Бу ҳақда “Азия-Плюс” агентлиги Тожикистон ҳукуматидаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ташриф чоғида икки давлат раҳбарлари барча соҳалар бўйича Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги алоқалар истиқболини муҳокама қиладилар.

Мирзиёевнинг Тожикистонга сафари якунида Тошкент билан Душанбе ўртасида транспорт, энергетика, савдо-сотиқ, молия, қишлоқ хўжалиги, маданият ва фан соҳаларида шартномалар имзоланади.

Ташриф доирасида Душанбеда икки давлат санъаткорлари иштирокида “Дўстлик кечаси” номли қўшма концерт ўтказилиши ҳам режаланган.

Президент Мирзиёев Тожикистонга 2018 йил мартида давлат ташрифи билан борган, ўша йил сентябрида Душанбеда МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этган, сўнгра эса 2019 йил июнида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши саммитида қатнашган эди.

ЕХҲТнинг амалдаги раисаси Анн Линде Марказий Осиё сафари доирасида Ўзбекистонга келди

ЕХҲТнинг амалдаги раисаси Анн Линде, Бишкек, 2021 йил 13 апрели

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раисаси, Швеция ташқи ишлар вазири Анн Кристин Линде 13 апрель куни икки кунлик ташриф билан Ўзбекистонга келган.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, Линде хонимнинг ташрифи дастурида Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Ташқи ишлар вазирлигида икки томонлама музокаралар ўтказиш кўзда тутилган. Мазкур учрашувларда ЕХҲТ доирасидаги ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳамда Ўзбекистон-Швеция алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиниши кутиляпти.

Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Тошкентга сафари доирасида Анн Линденинг Шавкат Мирзиёев қабулида бўлиши ҳам режаланганини билдирган.

Ўзбекистонга ташрифи олдидан ЕХҲТнинг амалдаги раисаси Қозоғистон ва Қирғизистонда бўлган. Тошкент сафаридан сўнг мулозиманинг Тожикистонга йўл олиши кутилмоқда. Маълумотларга кўра, Анн Линде 16 апрель куни видеоалоқа воситасида Туркманистон ташқи ишлар вазири билан музокара ўтказиши ҳам режаланган.

Маданият вазирлигига бир ой ичида “Туркистон” саройига кўчиш топширилди

Тошкентдаги “Туркистон” санъат саройи

Ўзбекистон президенти Маданият вазирлиги раҳбарияти зиммасига бир ой ичида вазирликни “Туркистон” санъат саройига кўчириш вазифасини юклади.

Бунга оид топшириқни Шавкат Мирзиёев, Газета.уз нашри хабарига кўра, ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан 13 апрель куни ўтказилган видеоселектор йиғилиши чоғида берган.

Йиғилиш чоғида президент Ш. Мирзиёев маданият вазири О. Назарбековга маданият муассасаси ҳозирда қарийб фойдаланилмаётган бинода жойлашиши кераклигини айтган.

Президент вазирга “Туркистон” саройидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда бинодан тадбирлар ва ижодий кечалар ўтказишда фаол истеъфода этиш ҳақида топшириқ берган.

Пойтахтдаги "Туркистон" санъат саройи 1993 йилда фойдаланишга топширилган.

Маданият вазирлиги айни пайтда Тошкентнинг Шевченко кўчасидаги тарихий бинода жойлашган. 1898 йилда қурилган бу бинодан вазирлик 2017 йилдан бери фойдаланиб келаётган эди.

Президент “Ёшлар дафтари”га киритилган 4 минг йигит-қизни компьютер билан таъминлашга кўрсатма берди

Ёшларни компьютер билан таъминлаш учун фоизсиз кредит берилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 13 апрель куни ўтказилган видеоселекторда республикадаги 120 та IT-марказни тамомлаган 4 минг йигит ва қизни компьютерлар билан таъминлашга кўрсатма берди.

Унга кўра, “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида “Микрокредитбанк”, “Алоқабанк” ва “Халқ банки” ёшларга фоизсиз кредит беради. Банкларнинг фоиз ҳаражатлари эса бюджет ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари “Ёшлар дафтари”га киритилганларга, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари ҳам 1 июндан бошлаб бюджетдан тўлаб берилади.

Президентга кўра, шу ва ёшларга доир бошқа лойиҳаларни амалга ошириш учун Ёшлар агентлигига қўшимча юз миллиард сўм ажратилади.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, 2021 йилнинг биринчи чорагида 33 минг ёшга тадбиркорлик қилишлари учун 800 миллиард сўм кредит ажратилган.

Тоғли Қорабоғда Ўзбекистон мактаб қурмоқчи

Тоғли Қорабоғ учун ўтган йилнинг кузида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида уруш бўлган эди.

Ўзбекистон Тоғли Қорабоғда мактаб қуришни режалаштираётгани тўғрисида АОКА директори Асаджон Хўжаев матбуот анжуманида маълум қилган.

“Газета уз”нинг ёзишича, Асаджон Хўжаев Ўзбекистон ҳукумати номидан Озарбайжоннинг Боку ва Агдам шаҳарларида Туркий Кенгаш доирасидаги ахборот ва медиа соҳасида йиғилишда иштирок этган.

Йиғилишда Тоғли Қорабоғда амалга ошириладиган қурилишларда Туркий Кенгашга аъзо давлатларнинг иштироки муҳокама этилган. Ўзбекистон ҳам ушбу ҳудудни ва инфратузилмани тиклашда ўз ёрдамини таклиф қилган.

“Менинг билишимча, битта мактабни қуриш тўғрисида келишув мавжуд бўлиб, у озарбайжон халқига Ўзбекистондан туҳфа сифатида тақдим этилади. Яқин орада ҳамкорлигимиз натижаларини кўрамиз деган умиддаман”,- Асаджон Хўжаев.

Аввалроқ Ўзбекистон Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам мактаб ва касалхоналар қурган эди.

Бухородаги иккита кўчага собиқ ҳокимларнинг исмлари берилди

Ўктам Барноев ўтган йили коронавирусдан вафот этган эди.

Бухоро шаҳридаги Алпомиш кўчасининг номи Ўктам Барноев, Ғиждувон кўчаси Карим Камолов номига ўзгартирилди. Бу ҳақда Бухоро шаҳар кенгаши сессиясида қарор қабул қилинди.

Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев 2020 йилнинг сентябрида 56 ёшида вафот этган эди.

Унинг ўлимига коронавирус сабаб бўлгани айтилган. У 2016 йилнинг декабридан 2020 йил февралигача Бухоро вилоятига ҳокимлик қилган, 2020 йил февралида бош вазир ўринбосари лавозимига тайинланганди.

Карим Камолов 2017 йилдан Бухоро шаҳар ҳокими бўлган. У 2020 йил февралида Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига тайинланганди. Камолов ҳам коронавирусдан 2020 йилнинг 22 августида вафот этган эди.

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўтган йил 23 октябрь куни ўтган йиғилишида иккита кўчага Аъзамхон Баҳромов ва Ўктам Барноев исмлари берилишини таклиф қилган эди.

Коронавирусга чалинганлардан 104 нафарининг аҳволи ўта оғир

Эмланган фуқаролар сони 216 087 нафарга етди.

Ўзбекистонда 12 апрель ҳолатига қараганда, тиббиёт муассасаларида коронавирусдан 1568 нафар бемор даволанмоқда. Уларнинг 229 нафари оғир, 104 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир сутка ичида коронавирус яна 177 кишида аниқлангани ва бу билан касалланганлар сони 85 291 кишига етганини билдирди. Улардан 83089 нафари соғайган.

Коронавирусга чалинганлар бўйича кунлик кўрсаткич бўйича республика ҳудудлари орасида Тошкент ҳам етакчилик қилмоқда. 12 апрель куни аниқланган 177 кишидан 127 нафари тошкентлик.

Шу билан бир қаторда 12 апрель куни Ўзбекистон бўйлаб жами 67 445 нафар киши COVID-19 га қарши эмланди. Эмланган фуқаролар сони бу билан 216 087 нафарга етди.

Афғонистондаги зилзила таъсири Ўзбекистоннинг Термизида ҳам сезилди

Жорий йилнинг 13 апрель куни Тошкент вақти билан 09:28 да Ўзбекистонга қўшни бўлган Афғонистонда зилзила содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, зилзила маркази жанубий-ғарбий йўналиш бўйича пойтахт Тошкентдан 587 километр олисликда бўлган.

Ер силкиниши Ўзбекистоннинг Термиз шаҳрида ҳам сезилган ва унинг кучи 2 баллга тенг бўлган.

Қувайт авиаширкатига Ўзбекистонга мунтазам қатновларни амал учун оширишга рухсат берилди

Тошкент аэропортидаги учоқлар

“Ўзавиация” агентлиги жорий йилнинг 12 апрель куни Jazeera Airways авиаширкатига Қувайт – Тошкент – Қувайт йўналиши бўйлаб мунтазам авиақатновларни амалга ошириш учун рухсатнома берган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Транспорт вазирлиги ахборот хизматига кўра, мазкур рухсатнома Ўзбекистон ҳукумати ва Қувайт давлати ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битим асосида берилган.

Айни пайтда авиаширкат парвозларни А320-214 ва А320-251N учоқларида амалга оширишини маълум қилган.

Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Тошкентда фаолият бошлади

Россиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Олег Мальгинов

Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Олег Мальгинов Тошкентга етиб келиб, ишга киришди.

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, шу йилнинг 12 апрель куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов элчи Олег Малгиновдан ишонч ёрлиқлари нусхасини қабул қилган

“Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Олий ва юқори даражада бўлажак тадбирлар жадвали ва кун тартиби кўриб чиқилди”, дейилган ТИВ хабарномасида.

Россия элчиси Владимир Тюрденев Ўзбекистондаги дипломатик миссияси якунлангани муносабати ўтган ой президент Мирзиёев томонидан қабул қилиниб, Фахрий ёрлиқ билан тақдирлагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Ўзбекистонда 2009 йилдан бери ишлаб келган В. Тюрденевнинг фаолияти 2016 йили Ш. Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин Тошкент билан Москва алоқалари янада тиғизлашгани ортидан кучайгани кузатилган.

Унгача Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасини Филипп Сидорский (1992-1997), Александр Пацев (1997-1999), Дмитрий Рюриков (1999-2003) ва Фарит Мухаметшин (2003-2008) каби дипломатлар бажарган.

Мусиқа асбобларини ҳақиқий нархидан қимматроқ сотиб олган мулозимлар устидан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси мансабдор шахслари ва бошқалар олдиндан тил бириктириб, мусиқа асбобларини ҳақиқий бозор баҳосидан 792,2 миллион сўмга қиммат нархда сотиб олганини аниқлаган. Бу ҳақда департаментнинг Телеграмдаги расмий канали орқали маълумот тарқатилди.

Қайд этилишича, мусиқа асбобларини сотиб олиш юзасидан ўтказилган тендер танловида 3,3 миллиард сўмга етказиб бериш таклифи мавжуд бўлса-да, муқобил қимматроқ вариантни кўрсатган тадбиркорлик субъектини асоссиз равишда танловда ғолиб сифатида кўрсатилган, натижада бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти мазкур ҳолат юзасидан компания мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётганини билдирган.

Расмийлар хорижда маблағсиз қолган ватандошларга қарз бериб туришни ваъда қилмоқда

Ўзбекистон ҳукумати хорижий давлатда яшаш учун маблағсиз қолган фуқароларга вақтинча молиявий ёрдам кўрсатиб туришга қарор қилди. Бунга оид низом Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 12 апрелидаги қарори билан тасдиқланган.

“Ўзбекистон фуқароларига хорижий давлат ҳудудида яшаш учун маблағларсиз қолган тақдирда, молиявий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида”ги низомга мувофиқ, хориждаги консуллик округи ҳудудига вақтинча кирган фуқаро яшаш учун маблағсиз қолганда дипломатик идорага молиявий ёрдам сўраб, мурожаат қилиши мумкин.

Низомда қайд этилишича, дипломатик идора 2 иш куни ичида фуқародан ариза ва бошқа ҳужжатларни қабул қилади, аризадаги келтирилган асослар тўғрилигини текширади, унинг хорижда бўлиш шароитларини аниқлайди, ҳужжатларни ўрганиш асосида молиявий ёрдам кўрсатишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисида хулоса тайёрлайди ва уни Ташқи ишлар вазирлигига тасдиқлаш учун юборади.

Шундан сўнг ТИВ 1 иш куни ичида фуқарога ёрдам кўрсатишга оид ҳужжатларни ва хулосани кўриб чиқади ҳамда молиявий ёрдам кўрсатиш ёки рад этиш тўғрисида хат юборади.

Дипломатик идора мазкур хатни олганидан сўнг 1 иш куни ичида фуқаро билан қарз шартномасини тузади. Озиқ-овқат маҳсулотлари, турар-жой, кийим-кечак ва транспорт харажатлари учун тўлов ўтказади.

Ариза рад қилинган тақдирда консуллик мансабдор шахси ариза берувчига рад этиш сабабларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборади. Қарз олган фуқаро 30 кунда қарзни республика бюджетига қайтаради.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG