Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:03

Ўзбек киночиси Ҳолливудда триллер суратга олди


Ўзбек режиссëри Баҳодир Йўлдошев
Ўзбек режиссëри Баҳодир Йўлдошев

Тошкентлик 40 яшар Баҳодир Йўлдошев дунë кино саноати марказига айланган Ҳолливудда бадиий фильм суратга олган илк ўзбек режиссери бўлди. “Ўлим фариштаси” деб номланган фильм ўткир сюжетли жанговар драма жанрида олинган.

Озодлик билан суҳбатда Баҳодир Йўлдошев Ҳолливудда кино олаëтган илк ўзбек бўлганидан фахрланиши ва АҚШ киноиндустрияси сабоқларидан мамнунлигини билдирди.

Баҳодир Йўлдошевга кўра¸ “Ўлим фариштаси” фильми гиëҳванд моддалар контрабандасини фош қилгани боис тазйиққа учраган рус зобитининг ўз душманларини АҚШда топиб интиқом олгани ҳақида ҳикоя қиладиган ҳеппи-энд кинодир.

Озодлик мухбирининг бу киноасар криминал ва драма жанрида суратга олинган кассабоп тижорат киноми¸ деган саволига Баҳодир Йўлдошев “бу камтар бюджетда суратга олинган американча боевик тарзидаги мустақил фильм” дея жавоб берди.

"Жаннатдаги бўри боласи" фильмини суратга олиш жараëни
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:24 0:00
Бевосита линк

Фильм оддий бир зобитнинг қаҳрамонлиги ҳақида дейди суҳбатдош:

- Совет қўшинларидан бирининг командири наркотужжорлар тўдасига қарши курашиб, хотинидан айрилади, унинг боласини эса гаровга олишади¸ дейди режиссер.

Суҳбатдошга кўра¸ бу фильмнинг асосий саҳналари бир ой мобайнида АҚШда, қолган 20% саҳнаси Хоразм ва Тошкентда суратга олинган.

“Ўлим фариштаси”да америкалик, ўзбек, қозоқ ва рус актёрлари иштирок этган.

Улар орасида энг яхши танилганлари Арманд Ассанте, Игорь Савочкин, Максим Акбаров, Санжар Мадиев ва Улуғбек Қодировлардир.

Филъм июнь ойида экранларга чиқарилади¸ дейди Йўлдошев.

Режиссер Баҳодир Йўлдошев ишлаган “Ўлим фариштаси” (Angel of Death) фильмининг трейлери интернетга қўйилган.

Фильмнинг трейлерини томоша қилган Москвадаги “Чарли” студияси раҳбари, таниқли киночи Худойберган Юсупов назарида киноасар юқори эстетик савияда суратга олинган.

Жаннатдаги бўри боласи

Режиссер Баҳодир Йўлдошев бир вақтнинг ўзида Лос-Анжелос ва Тошкентда ижод қилишини айтди:

- Шу кунларда мен Ўзбекистонда “Жаннатдаги бўри боласи ” деган жангари филъмни суратга олиб бўлдим. Бу фильм қамоқда 15 йил ўтирган маҳкум ҳақида. У қамоқдан чиқиб Тошкентга қайтади. Тошкентда у фақат онасининг қабри билан юзлашади. 15 йил қамоқда жазо ўтаб чиққан собиқ маҳкум турма янидаги ташландиқ жойда карсоқов аëлга уйланиб яшаб бошлайди. Бу ролни Раъно Шодиева ўйнаган. Бу никоҳдан Ботир деган бола туғилади. Сал ўтмай маҳкумни ўлдириб кетишади¸ кар-соқов аëлни эса қамоққа тиқишади. Ботир бир ўзи қаровсиз қолиб кетади. Бола бўрилар инига бориб қолади. Болани бўри инидан маҳаллий овчи қутқариб олади. Фильмни “Жаннатдаги бўри боласи” деб номладик. Фестивалларда соврин олишга лойиқ кино қилдик¸ деб мақтансам ҳам бўлади¸ дейди суҳбатдош.

Эстетик дид тўқнашуви ëки Юлдузнинг бачканалиги ҳақида

АҚШ киноиндустрияси маркази Ҳолливуддаги юқори савияли тасвирлар олиш ҳадисини олган Баҳодир Йўлдошев ижодини Ўзбекистонда ҳамма ҳам қабул қилавермайди.

Масалан¸ Баҳодир Йўлдошев суратга олган клип Юлдуз Усмонова тарафидан танқид қилинди ва шу тариқа бу клип тақдим қилинмасдан қолиб кетди.

Дид ва дидсизлик тўқнашуви сифатида ўзбек шоу-бизнеси оламида баҳсларга сабаб бўлган бу воқеани Баҳодир Йўлдошев мана бундай изоҳлади:

- Биласизми¸ Юлдуз Усмоновада қобилият бор¸ аммо унда дид билан муаммо бор. Худо уни диддан қисган. Унга бачкана нарсалар ëқади. Шу сўз билан ҳаммасини тушунтирдим¸ деб ўйлайман. Мен эса у буюрган клипни ўта крутой¸ яъни ўта юксак савияда суратга олган эдим. Агар Усмонова кадрда семиз бўлиб кўринган бўлса¸ менинг айбим эмаску! Мен семизни ориқ қиладиган пластик жарроҳ эмасманку! Фотони ўзгартирса бўлади¸ лекин видеони ўзгартириб бўлмайди. Афсус¸ клип жуда қойилмоқам чиқувди. Бир вақтнинг ўзида муҳташам ва жозибали ҳамда сўнгги урфдаги модний-сексуалний клип олган эдим. Майли¸ нима бўлса бўлди. Худога солдим¸ дейди Ҳолливудда илк бор можаро фильмини суратга олган киночи.

Тахтапулдан чиққан киночи

Тошкентнинг Эски шаҳар мавзеидаги “Тахтапул” маҳалласида туғилган Баҳодир кичкиналигида рассом бўлишга ҳавасланди.

Ўғлининг рассомликка мойиллигини кўрган она Баҳодирни Тошкентдаги рассомлик интернатига берди.

Баҳодир олтинчи синфга қадар рассомлик сирларини таниқли устозлардан ўрганди. Аммо математика фанидан паст баҳо олгач, интернатда бошқа ўқишни истамади ва рассомликдан кўнгли совуди.

Ўғлининг санъаткор бўлишини истаган она уни Тошкент Хореография билим юртига ўқишга берди. Уч йил рақс мактабида ўқиган Баҳодир ўрта таълимни пировардида цирк санъати билим юртида тугатди.

Тақдир тақозоси билан бир-икки йил Милиция академиясида ҳам ўқиган Баҳодирнинг тақдири унга отаси видеокамера совға қилганидан кейин буткул ўзгариб кетди.

Баҳодир 1996 йилда бир ҳаваскор сифатида илк киносини суратга олди. Кейин эса ўша кезда мамлакатда илк қадамларини ташлаëтган клипмейкерлик соҳаси Баҳодирни ўз қучоғига олди.

Ўтган йиллар давомида Баҳодир Йўлдошев уста клипмейкер сифатида донг чиқарди. Кейин эса у бадиий кинони суратга олишга жазм қилди.

Кимсасиз оролдаги сўнгги япон самурайи ҳақида ҳикоя қилувчи “Шима” фильми санъаткор учун катта кинога йўлланма бўлди. 2007 йилда бу фильм 29-бор ўтказилган Халқаро Москва кино фестивалида намойиш қилинди.

Фильм тақдимотида Озодлик билан суҳбатлашган Баҳодир Ҳолливудни забт қилиш орзусида эканини билдирган эди.

Орадан 8 йил ўтиб Баҳодирнинг орзуси ушлади. Тошкентнинг Тахтапулидан чиққан киночи Ҳолливудда кино суратга олган илк ўзбек сифатида тарихга кирди.

Озодлик билан суҳбатда киночи ўзини Ҳолливудни забт қилиш йўлида эмаклаëтган аскар деб билишини айтди:

- Мен Ҳолливуддан жуда узоқда Тошкентнинг Эски шаҳарида туғилган бир йигит тиришиб-тирмашиб шу ергача келдим. Менга Ҳолливуддан дарвоза эмас¸ кичик бир дарча очилди. Дарвоза ланг очилиши учун ҳали машаққатлараро узун йўлчилик бор¸ дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG