Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:01

Мирзабек Холмедов газ ва чироқ йўқлигини ҳажв қилди


Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист¸ таниқли кулги устаси Мирзабек Холмедов шу кунларда Тошкентда ўтаëтган концертида мамлакатдаги ижтимоий муаммолар¸ жумладан газ чироқ йўқлиги¸ фермерлар¸ ëш болалар тарбияси ва амнистия муаммоларини ҳажв қилди.

Мирзабек Холмедовнинг айни ҳазили ëзилган видетасвир концертдан сал олдин Youtube порталига юкланиб, қисқа бир муддатда 50 мингдан зиëд томошабин диққатига сазовор бўлди.

Мирзабек Холмедов ўзига хос юмор билан Ўзбекистонда газ ва чироқ йўқлигини фош қилади:

“Бир номдор қўшиқчининг отаси оламдан ўтибди. Қўлида ҳасса билан тобутнинг олдига “Отам”лаб йиғлаб кетаётган қўшиқчи йигит, шу баҳона, овозини ҳам созлаб, йиғини чиройли овозда, хазин нолаларда қўшиқ қилиб айта бошлабди:

Қуёш нури тушмас жойга кетаётган отам,

Ҳаво кирмас жойларга кетаётган отам...

Орқада келаётган тобуткашлар ичида шу қўшиқчини фанатлариям бор экан, беихтиёр “Вой дооод! Жуфт бўлсииин!” деб қичқириб қўйишармиш...

Қўшиқчи йигитга илҳом келиб қолибди ва янаям хазинроқ, юракни эзадиган овозда юқори ноталарга ўтибди:

Гази йўқ уйларга кетаётган отам,

Чироғи ёнмас хоналарга бораётган отам...

Отаси билан мотам маросимида қатнашаётган бир ўспирин, қўшиқчининг ноласини эшитиб, отасига қараб:

- Дада, ўликни бизникига олиб боришаяптими? - дермиш..."

Шу ерда залга тўпланганлар қаҳ-қаҳа отиб кулади.

Мирзабек Холмедов ҳажвияси
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:52 0:00
Бевосита линк

Озодлик таниқли ҳажвчининг маъмури билан боғланди. Маъмурнинг айтишича¸ бу ҳажвга “Ўзбекнаво” тарафидан изн олинган:

- Бугун концертда ҳам шу латифа бор эди. Бунга “Ўзбекнаво” дан изн олинган. Фақат латифанинг сўнгида гап участка ҳовли ҳақида кетаëтгани қўшиб қўйилди. Участка ҳовлида чироқ¸ газ ва сув бўлмаслиги мумкинку. Кейин яна бир латифада роддомда чироқ ўчиб қолгани ҳақида гап бор. Бу латифа узоқ туманлардаги роддомларда баъзан чироқ ўчгани ҳақида эканини эслатсам. Тошкентдаги роддомда чироқ ўчмайдику¸ - дейди таниқли ҳажвчининг маъмури.

Эслатиб ўтамиз, 30 март куни Тошкентда бошланган ва шу кунларда давом этаëтган Мирзабек Холмедов концертида мамлакатдаги ижтимоий муаммолар¸ жумладан, газ чироқ йўқлиги¸ фермерлар¸ ëш болалар тарбияси ва амнистия муаммоларини ҳажв қилди.

Ижтимоий тармоқларда Мирзабек Холмедов ижро этган ҳазилнинг таги зил бўлиши ҳақида гап-сўзлар кўпайган.

Бундан олдин Ўзбекистоннинг бош саҳнаси бўлган “Истиқлол” саройини кетма-кет тўрт кун томошабинлар билан лиқ тўлдирган “Миллион” жамоаси сўнгги концертидаги бепарда ҳазиллари боис лицензиясидан айрилган эди.

Ўзбекистонда кулги усталарининг “запрет” қилиниши янгилик эмас. Ўзбекистон халқ артисти Обид Асомов ҳам Ўзбекистонда баъзан қора рўйхатларга киритиб турилади.

XS
SM
MD
LG