Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:43

Блог: Қоғозбозликдан қачон қутуламиз?


Илгари биров қоғозбозликни қораласа, парвойимга келтирмасдим. Танаси бошқа дард билмайди деганлари шудир-да.

Яқинда уй олди-cотдиси важидан оламжаҳон ҳужжат йиғишга тўғри келдию қоғозбозлик қон-қонимизга сингиб кетган одат эканига иқрор бўлдим. Кафтдеккина уйни сотиш учун жилд-жилд ҳужжат йиғишга тўғри келса-я!..

Шу воқеадан кейин қоғоз деса бир тош нари қочадиган бўлдим. Қоғозбоз деган сўз эса худди қиморбоз, хотинбоз, лўттибоз каби қулоққа хунук эшитилади денг.

Бюрократиянинг гўрига ғишт қалаб юрган пайтларим Божхона қўмитаси тарқатган бир маълумотга кўзим тушиб қолди. Маълумотни ўқиб, “Э бўларкан-ку!” деб юборганим, танга топган гадойдек хурсанд бўлганимни айтмай қўяқолай.

Хулласи калом, 2014 йилда божхона декларацияни тўлдиришда қоғоз баҳридан ўтилиб, электрон тизим жорий этилиши натижасида 1,2 миллиард сўм ёки 60 тонна қоғоз тежалибди.

60 тонна ҳазилакам рақам эмас. Қайсидир бир китобда ўқигандим, бир тонна қоғозни тежаш 17 та дарахт, 26 минг литр сув, 4000 киловатт электр, яна-тағин алланималарни иқтисод қилиш имконини бераркан.

Давлат идораларига шикоят қўлтиқлаб неча минг арзгўй бўзчининг мокисидек қатнайди. Агар фуқароларнинг бир кунлик, ҳа, бир кунликкина арзномалари жамланса, Толстой бобонинг тўқсон жилдлигидан ҳам залворлироқ хирмон ҳосил бўлса керак.

Яшириб нима қилдик, қоғозга муҳаббатимиз ҳар қадамда кўринади.

Солиқ идорасига пайдар-пай берилаётган даста-даста ҳисоботлар...

Статистикага пешма-пеш етказилаётган қучоқ-қучоқ қоғозлар...

Архив омборига топширилаётган қоп-қоп битиклар...

Пенсияга дея йиғилаётган бўй баравар ҳужжатлар...

Билмадим, нега қоғозга ишқимиз бунчалар баланд экан! Анча-мунча ишни компютерда битказиш имкони бўлгани ҳолда, қоғозни овора қиламиз.

Ўрта ва олий таълим тизимида ҳам деярли барча назорат ишлари қоғозда олинади. Агар Ўзбекистондаги ўн мингга яқин мактаб, юзлаб олий ўқув юрти электрон имтиҳон тизимига ўтса борми, қанча ўрмонлар сақлаб қолинган, яна қанча маблағ тежалган бўларди.

Сиз нима дейсиз, қоғозбозликдан қутулишимизга умид борми?

Тошкентлик муштарий

XS
SM
MD
LG