Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:03

Андижонда бузиладиган уйи ўрнига ер берилмаганлар кўчишга зўрланмоқда


Андижон шаҳрининг 3-микрорайонида бузиладиган ёки қисман бузилган уйларида яшаётган шаҳарликлар кўчишга мажбурланаётганидан шикоят бўлди. Андижондаги манбаларга кўра, вилоят ҳокими туман мутасаддиларидан бу ҳудуддан ўтадиган магистрал йўл қурилишини тезлаштиришни талаб қилмоқда.

Озодликка Андижон шаҳридан мактуб йўллаган манба куни кеча 3-микрорайонда жойлашган 11-мактаб биносида вилоят ҳокими йиғилиш ўтказгани ва мутасаддилардан бу районда давом этаётган йўл қурилишига тўсиқ бўлаётган хонадонларни тезроқ бузишни талаб қилгани ҳақида ёзди.

Қуйида унинг мактубидан таҳрирсиз келтирилган парчани ўқишингиз мумкин:

"Андижон шахридаги 11-мактабда вилоят хокими мажлис утказди. Унга кура шу худудда курилаётган 80 метрли йул курилишини тезлатиш масалалари булди. Уйи йулга тушиб ва уларни айримлаги халигача уларга пул берилмаган утган йили бузилган уй эгаларини 5 кун ичида колган уйини хам бузиб чикиб кетишини айтди. Мажлисга ахолини киритмади камида 300 та катнашган мажлисда нахотки ахоли учун жой булмаса.... Хозир бу ахоли каёкка боради хали уларни купига хали уй куриш учун ер хам бергани йук", деб иддао қилди мактуб йўллаган манба.

У мажлис бўлаётган кезда мактаб ҳовлисидан олинган суратни мактубига илова қилди ва "мажлис мактаб олдида турган навесда булди" деб қўшимча қилди.

Озодлик мухбири номи тилга олинган мактаб ва Андижон шаҳар ҳамда вилоят ҳокимликларидан бу шикоят ҳақида ҳозирча расмий муносабат олишга муваффақ бўлмади.

Аммо, шаҳарнинг бу қисмида яшайдиган айрим тингловчилар таҳририятга йўлланган шикоятда тилга олинган муаммоли вазият мавжудлигини тасдиқлади.

Хусусан, яқинлари 15тача хонадон бузилган Шаҳрихон кўчасида истиқомат қиладиган бир манбанинг микрофонсиз суҳбатда айтишича, бузилган уйи ўрнига на ер, на пул берилган бешга яқин оиладан хабари бор:

"Шу Шархон кўчасида яшашяпти ҳалиям. Бир-иккитасининг уйини ярми бузилган, ярмида яшашяпти. Яна иккитамикин-учтамикин оилага пул берилгану, лекин ер берилмаган ҳали. Ҳозир шулар юришибдийкан, деб эшитдим мен ҳам", деди андижонлик тингловчи.

Унинг айтишича, бу маҳаллада бузилган 10 га яқин хонадон эгаси уйи ўрнига берилган пул ва ерга рози бўлган:

"Шаҳар марказидан эмас, сал чеккароғдан ер беришди - камида 4 сотихдан. 8-10 миллион сўмдан пул беришди. Бузилган уйларининг ёғочлари, бошқа строй материалларини қўшиб, кимдир 1 хонали, кимдир 2-3 хонали уй солиб, яшашяпти энди. Ҳар холда, рози бўлишгандирки, шунчалик уй қуришгандир энди", дейди андижонлик тингловчи Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Шаҳарда яшайдиган яна бир тингловчи эса 3-микрорайон ҳудудидан ўтаётган эни 80 метрлик магистрал йўл қурилиши анчадан буён давом этаётгани ва шаҳарликлар орасида ҳали яна анчагина уй бузилиши ҳақида хавотир борлигидан гап очди:

"Ҳали яна анча уй бузилади, деган гап бор опа. Энди уйи бузилаётганларга пул бериб, рози қилишаяпти. Унақа кимдир норози бўлиб, кўчада қолибди, деб эшитмадим мен опа. Давлат унақа одамларни кўчада қўймайди-эй", деб ишонч билдирди андижонлик тингловчи.

Расмий маълумотга кўра, 2015 йилда вилоятда "Андижон-Пойтуғ-Халқобод" йўналишидаги магистрал йўлнинг бир қисмини таъмирлаш, бир қисмини янгидан қуриш режалаштирилган. "Туркистон-пресс" миллий агентлиги берган хабарга кўра, бу йўлнинг 2 километри республика миқёсидаги, қолгани "Мойгир-Сиза" йўналишига туташувчи вилоят миқёсидаги ички йўлдир.

XS
SM
MD
LG