Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:18

Афғонистоннинг Бадахшонида тўпланаётган жангарилар орасида ўзбеклар ҳам бор


Афғонистон шимоли-шарқидаги Бадахшон вилояти Толибон ҳаракати ва хорижий жангарилар истеҳкомига айланаётгани маҳаллий расмийлар хавотирларига сабаб бўлмоқда. Вилоят расмийларига кўра, сўнгги ҳафталарда бу минтақада ин қурган хорижий жангарилар орасида Ўзбекистон, Тожикистон ва Чеченистон фуқаролари бор. Тожикистон билан чегарадош бу вилоятда жорий ҳафта бошида толиб жангарилари ҳукуматнинг камида 18 аскарини ўлдирган эди.

Толибон жангарилари Афғонистон шимоли-ғарбидаги Бадахшон вилоятида сўнгги кунларда уюштирган ҳужумлар натижасида ҳукуматнинг йигирмага яқин аскари ҳалок бўлди.

13 апрель куни Афғонистон мудофаа вазирлиги эълон қилган баёнотда камида 33 нафар аскар “шаҳид бўлди, жароҳатланди ёки бедарак кетди”, дейилади.

Вилоят ҳокимлиги матбуот вакили Аҳмад Навид Фрутан аскаралрининг камида 18 нафари ўлдирилган, улардан саккиз нафарининг бошлари танасидан жудо қилинган, дея билдирди.

Жангарилар билан ҳукумат кучлари ўртасидаги тўқнашувларнинг катта қисми вилоятнинг Журм туманида 200га яқин толиб жангариси ҳарбий қисмларга ҳужум қилиши ортидан рўй берди.

Тожикистоннинг жанубий қисми билан чегарадош Бадахшон вилояти кейинги пайтларда жангариларни ўзига тортаётган минтақага айланаётгани хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Бадахшон вилояти ҳокимнинг ўринбосари Гулмуҳаммад Бедор Озодлик билан суҳбатда, жангарилар, жумладан хорижликлар оила аъзолари билан бу ерга келиб, қўним топмоқда, дея таъкидлади.

- Вилоятнинг шимолий ҳудудлари Толибон жангарилари томонидан эгалланмоқда. Кейинги пайтда 400 нафар хорижий жангари, ҳамда бошқа вилоятлардан келган толиблардан 600дан ошиғи шимолий ҳудудларда ўзларига истеҳком ясамоқда. Улар ўз оилаларини ҳам олиб келишмоқда,- дейди Бадахшон вилояти расмийси.

Толибонга яқин хорижий жангари гуруҳлари орасида ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳам айтилмоқда. Бадахшон вилояти ҳокими вазифасини вақтинча бажараётган Шовалиуллоҳ Адиб 14 апрель куни Озодликка берган интервьюсида ҳаво исиган сари жангарилар сони янада ошиши мумкинлигидан огоҳлнатирди.

- Ҳозирча уларнинг сони 200 нафар атрофида, деб тахмин қилинмоқда. Лекин кунлар илиб бориши билан уларнинг сони ошишини башорат қилиш мумкин. Қўлимиздаги маълумотларга кўра, хорижий жангарилар Ўзбекистон, Чеченистон ва Тожикистон каби мамлакатлар фуқароларидир. Бундан ташқари Афғонистонга чегарадош бошқа мамлакатлар вакиллари ҳам бор,- дейди вилояти ҳокими.
У ўзбекистонлик жангарилар қайси гуруҳга доир эканини аниқлаштирмади, лекин Афғонистон шимолида Ўзбекистон Исломий Ҳаракати кейинги пайтларда фаоллашганига доир маълумотлар бор.

Ўтган ой охирида ўзини ЎИҲ матбуот вакили, деб таништирган шахс Озодлик радиосига, ўзбек тилида гапирган икки жангари Афғонистон ҳукумат аскарини бошини танасидан жудо қилгани тасвирланган видеони тақдим этган эди. Бу ҳодиса ҳам Афғонистоннинг шимолий вилоятларидан бирида рўй бергани тахмин қилинмоқда. Улар яна 29 нафар афғон аскарини асирликда ушлаб турганларини иддао қилиб, уларни ҳам ўлдириш билан таҳдид қилди.

Озодликнинг Кобулдаги мухбирига кўра, ўтган ой Толибон таълимини олган уч юзга яқин оила Афғонистон шимолига жойлаштирилган. Бу оилалардан 80 нафари ўзбек мужоҳидлари экани ҳам айтилади.

Афғонистон расмийлари ҳафта бошида рўй берган тўқнашувларда Бадахшоннинг Журд туманидан жангарилар сиқиб чиқарилгани, лекин позицияларни сақлаб қолиш учун қўшимча кучлар кераклигини айтишмоқда.
“Вазият ҳозирча назорат остида, лекин тоғли ҳудудларга қочган толиблар хавфсизлик кучларини нишонга олмоқда”, деди вилоят ҳокимлиги матбуот вакили.

Унинг айтишича, тўқнашувлар натижасида 19 нафар жангари ўлдирилган. Уларнинг 11 нафари хорижий жангарилардир, дея қўшимча қилди Фрутан.

XS
SM
MD
LG