Линклар

Шошилинч хабар
07 май 2021, Тошкент вақти: 21:04

Халқаро хабарлар

Арманлар геноциди тан олиниши ортидан Туркия Австриядаги элчисини чақиртириб олди

Aвстрия пaрлaментидa Усмонли Империяси бир aср aввaл aрмaнлaрни геноцид (қaтлиом) қилгaнини тaн олиш ҳaқидaги деклaрaция қaбул қилиниши ортидaн Туркия Венaдaги элчисини чaқиртириб олди.

Ҳужжат олтитa пaртия тaрaфидaн 22 aпрель куни қaбул қилинди. Шу куни пaрлaментдa қурбонлaр хотирaсигa бир дaқиқa сукут сaқлaнди.

“Бу дaҳшaтли воқеaлaрни геноцид деб тaн олиш вa қорaлaш бизнинг бурчимиздир, чунки Aвстрия-Венгрия қироллиги Биринчи Жaҳон урушидa Усмонли Империясининг иттифоқдоши бўлгaн”, дейилaди деклaрaциядa.

Туркия Тaшқи ишлaр вaзирлиги “Туркия вa турк хaлқи ўз тaрихигa отилгaн бу туҳмaт тошини ҳеч қaчон унутмaслигини” билдирди.

1915 йилдa Усмонли Империяси тaрaфидaн қaрийб 1,5 миллион aрмaнлaрнинг йўқ қилиниши вa яшaш жойидaн ҳaйдaлиши кўплaб тaрихчилaр вa aйрим дaвлaтлaр тaрaфидaн геноцид деб тaн олингaн.

Туркия қурбонлaр кўп бўлмаганини вa aрмaнлaр Усмонли ҳукумaтининг нaсронийлaргa нисбaтaн олиб боргaн сиёсaти туфaйли эмaс, бaлки фуқaролaр урушидa ҳaлок бўлгaнини aйтиб келaди.

Кун янгиликлари

Тихановская Беларусь бўйича халқаро конференция ўтказиш ташаббуси билан чиқди

Беларусь мухолифати лидери Светлана Тихановская

Беларусь мухолифати лидери Светлана Тихановская ўз мамлакатидаги инқирозни ҳал қилиш учун юксак даражадаги халқаро конференция ўтказишга чақирди.

Тихановская Twitter'даги ўз саҳифасида Беларусдаги демократик кучлар, Европа Иттифоқи, Россия, Британия ва АҚШдаги миллий ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда Александр Лукашенко режими вакиллари билан биргаликда бу каби конференцияни ўтказиш “ўта муҳим”лигини билдирди.

Тихановская 6 май куни Европа Иттифоқини Беларусь фуқаролик жамияти ва иқтисодиётига ёрдам бўйича комплекс режасини ёйинлашга чақирганди. У 4 май куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари ва ЕИга аъзо мамлакатларнинг халқаро алоқалар бўйича қўмиталарига талабномалар юборганини айтган.

Аввалроқ Тихановская АҚШ Конгресси комиссияси олдида онлайн чиқиш қилиб, уларни ҳам юқори даражадаги конференция ўтказишга чақирганди. У Қўшма Штатларни Лукашенкони “янада иҳоталаб қўйиш учун” дипломатиядан фойдаланишга чақирган. Мухолифатчига кўра, ҳозирда халқаро бирдамлик билан бир қаторда конкрет хатти-ҳаракатлар ҳам муҳимдир. У жаҳон ҳамжамияти Минск расмийлари “беларусликларни барча унутиши учун” ғайрат кўрсатаётган мамлакатдаги инқироз кўламини тушуниши лозимлигини қўшимча қилган.

Япония олимпиада арафасида фавқулодда ҳолат муддатини узайтириш масаласини кўриб чиқмоқда

Япониядаги Олимпия олови эстафетаси ўтадиган йўл бўйлаб ниқобларда турган одамлар, 2021 йил 25 марти

Япония ҳукумати 7 май куни коронавируснинг шиддат билан ёйилишини олдини олиш учун Токио ва бошқа учта префектурада фавқулодда ҳолат тартибини май ойи охиригача узайтириш имкониятини кўриб чиқади.

Япония пойтахтида Олимпия ўйинлари бошланишига уч ойдан камроқ вақт қолган. Айни пайтда ҳукумат томонидан таклиф этилаётган чеклов чоралари маъқулланиши кутилмоқда.

Ўтган йили пандемия туфайли қолдирилган Токиодаги мусобақаларда 11 мингдан зиёд спортчи иштирок этиши тахмин қилиняпти. Аввалроқ Япония хориждан томошабин келишини тақиқлашга оид қарор қабул қилган.

Япония бошқа мамлакатларга қараганда вирусдан камроқ зарар кўрган, бироқ мамлакатда эмлов кампанияси суст кетмоқда.

Тожикистон Қирғизистон билан низода ўлганлар ҳақида расмий маълумот берди

Тожикистоннинг Исфара туманида низодан зарар кўрган аёллар.

Тожикистон ҳукумати Қирғизистон билан чегарада 28,29, 30 апрель ва 1 май кунлари содир этилган низода 19 тожикистонлик ҳалок бўлгани 87 киши яралангани ҳақида расман маълум қилди. Шу кунгача Тожикистон ҳукумати ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида очиқ маълумот бермай келаётганди.

Озодлик радиоси тожик хизматининг ёзишича, низода ҳалок бўлган тожикистонликларнинг оилаларига умумий ҳисобда 700 минг сомони, яъгни тақрибан 61 минг 400 долларга чқин моддий кўмак кўрсатилади.

Мазкур тўқнашувда Қирғизистон томонидан 36 киши ҳалок бўлган ва 180дан ортиқ қирғизистонлик яраланган.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 6 май куни низода ҳалок бўлган ҳар бир қирғизистонликнинг оиласига 1 миллион сўмдан, яъни тақрибан 11 800 доллардан моддий ёрдам берилишини айтди.

Жонс Хопкинс университети: Жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 155 миллиондан ортди

Коронавирус пандемияси бўйича мустақил статистикани олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университетининг маълум қилишича, 6 май ҳолатига кўра, жаҳонда коронавирус юққанлар сони 155 миллион 203 мингдан ортди. Беморлардан 3 миллион 241 мингдан ортиғи вафот этган.

Коронавирус тарқалиши бўйича биринчи бешталикни ҳамон АҚШ (32,123 миллиондан ортиқ), Ҳиндистон (20,665 миллиондан ортиқ), Бразилия (14,779 миллиондан ортиқ), Франция (5,590 миллиондан ортиқ) ва Туркия (4,929 миллиондан ортиқ) эгалламоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг билдиришича, бир сутка давомида АҚШда 39 480, Ҳиндистонда 382 315, Бразилияда 24 619, Францияда 23 116, Туркияда эса 28 997 кишида коронавирус аниқланган.

SpaceX кемасининг прототипи бўлган Starship илк маротаба муваффақиятли қўнишни амалга оширди (ВИДЕО)

Starship прототипи синов парвозини амалга ошириш арафасида.

SpaceX ширкати ишлаб чиққан бошқариладиган коинот кемасининг прототипи бўлган Starship кемаси 6 май куни Ерга илк маротаба муваффақиятли қўнишни амалга оширди.

Starship SN15 Техас штатидаги Бока-Чика полигонидан синов мақсадида осмонга учирилди. Синов жараёнида ракета 10 километр юқорига кўтарилди ва аэродинамик тўхташни амалга ошириб, двигателларини ўчирди. Кейин двигателлар яна қайта ишга туширилиб, ракета вертикал ҳолатга қайтарилди ва старт майдонига юмшоқ қўнишни амалга оширди. Синов парвози 6,5 дақиқа давом этди.

Бу ракета прототипининг илк марта муваффақиятли амалга оширилган парвози бўлди. Масалан, 30 март куни учирилган прототип ҳавога кўтарилганида портлаб кетган. Март ойининг бошларида парвоз қилган ракета эса Ерга қайтганидан сўнг ёниб кетди. Декабрь ва февраль ойларида ўтказилган синовлар ҳам муваффақиятсиз якунланган эди.

Апрель ойи охирларида SpaceX раҳбари Илон Маск коинот кемасининг сўнгги прототипи “юзлаб конструктив ўзгартиришлар билан мукаммаллаштирилгани”ни эълон қилган эди.

Starship лойиҳаси 2019 йилда жамоатчиликка эълон қилинган. Лойиҳадан мақсад “Супер Хэви” деб аталадиган биринчи кўп босқичли ва иккинчи кўп босқичли ҳамда Starshipнинг ўзидан иборат бўладиган ўта оғир ракетани яратишдир. Мазкур ракета одамларни ва юкларни Ер орбитаси, Ой ва Марсга олиб чиқишда қўлланилиши режалаштирилмоқда.

Байден COVID-19 вакциналарига оид патентларни ҳимоя қилмаслик ғоясини дастакламоқчи

АҚШ президенти Жо Байден Жаҳон савдо ташкилотининг COVID-19 вакциналари муаллифлари интеллектуал мулкини ҳимоя қилишни рад этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлаган.

АҚШ савдо вакили Кэтрин Тэй 5 май куни берган баёнотда соғлиқни сақлаш тизимидаги глобал инқироз ҳамда коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазият “фавқулодда чоралар кўришни тақазо этиши” ҳақида сўз борган.

Байден маъмурияти, баёнотда қайд этилишича, интеллектуал мулк ҳимояси зарурлигига ишонади, бироқ пандемияга қарши кураш йўлида COVID-19 вакциналарига оид патентларни ҳимоя қилишни рад этиш ғоясини дастаклашга тайёр.

Юздан ортиқ давлат, жумладан пандемиядан кўп зарар кўрган Ҳиндистон ва Жанубий Африка Республикаси (ЖАР) уларга юз минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиши мумкин бўлган вакцина ва дори-дармонларни ишлаб чиқариш имконияти берилишига чақирмоқда.

ЖАРнинг ЖССТдаги вакили интеллектуал мулк ҳуқуқи вакцина билан бир хилда таъминланиш йўлида жиддий тўсиқ бўлаётганини айтган.

ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус АҚШ президентининг мулоҳазасини олқишлаб, уни “коронавирус пандемиясига қарши курашдаги тарихий палла” деб атаган.

Америка фармацевтика саноати манфаатларини ифода этувчи гуруҳ президент Байденнинг бу фикрини танқид қилиб, бундай қадам “пандемияга қарши глобал курашга путур етказиб, дори-дармонлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин”лигини таъкидлаган.

Гуруҳнинг огоҳлантиришича, оқибатда вакциналарни ишлаб чиқариш ва тарқатиш тизими зарар кўриб, қалбаки вакциналар пайдо бўлишига имкониятлар яратилади.

Меркель АҚШнинг фаол ўйинчи ўлароқ “қайтиши”ни олқишлади

Германия канцлери Ангела Меркель

Ангела Меркель АҚШнинг халқаро сиёсатнинг фаол ўйинчиси сифатида “қайтиши”ни олқишлади. Германия канцлери буни келгуси трансатлантика алоқаларига бағишланган Берлин конференциясида сўзлаган нутқида айтиб ўтган, дея хабар қилди Reuters агентлиги.

Меркель Россия ва Хитой билан зиддиятларда кўмаклашгани учун Жо Байден маъмуриятига миннатдорлик билдириб, Вашингтонни “Европанинг энг муҳим иттифоқчиси” деб атаган.

Шу билан бирга, у Германия дунёни икки ёвлашган лагерга ажратиши мумкин бўлган совуқ уруш даврининг қайтишидан манфаатдор эмаслигини таъкидлаган.

Германия ҳукумати раҳбари ЕИ билан Америка ўртасида савдо шартномаси имзоланишига қаратилган ташаббусни юқори баҳолаган. Февраль ойида канцлер аппаратининг трансатлантика алоқалари масалалари бўйича координатори Питер Байер Пекинга босимни кучайтириш мақсадида саноат тарифларини бекор қилиш ва Жаҳон савдо ташкилотини ислоҳ этишни назарда тутувчи Америка-Европа савдо шартномасини тузишга чақирганди.

ЕИ ва Хитой ўртасидаги муҳтамал инвестиция битими юзасидан изоҳ бераркан, Меркель мазкур ҳужжатни “жуда муҳим” деб атаган, айни чоғда ХХРга оид “барча масалалар спектри”ни, жумладан унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги иззат-эътиборини қайта кўриб чиқиш фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Яқинда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Германия ТИВ раҳбари Хайко Маас билан Лондонда кечган учрашувида Америка ҳукумати “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилишига қарши эканини яна бир карра урғулаб, “Россия Хитой ва Эроннинг беқарорлаштирувчи фаолияти”га қарши туриш муҳимлигини эслатган эди.

COVID-19: Қозоғистонда бир кунда коронавирусдан 39 киши вафот этди

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда бир сутка ичида 2 298 та COVID-19 юқтириш ҳолати қайд этилган, 39 одам касаллик туфайли нобуд бўлган.

Ўтган йилнинг мартидан бери расман тасдиқланган коронавирус юқтириш ҳолатларининг умумий сони 332 369 тага етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўтган йилнинг августидан бери «ковидга ўхшаш пневмония» тўғрисида алоҳида статистика эълон қилиб келади. Бугунга қадар ушбу ҳолат 53 122 одамда аниқланган, уланинг 817 нафари вафот этган.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган йилнинг мартидан бери мамлакатда COVID-19 касаллигидан 3 796 нафар киши вафот этган. Мингга яқин одам коронавирус юқтиргани тасдиқланган, аммо махсус комиссиялар улар бошқа касаллик туфайли вафот этганини хулоса қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, ҳозирги кунда Қозоғистонда коронавирус инфекциясини юқтирган 44 572 киши даволанмоқда. Уларнинг 784 нафари оғир, 196 нафари ўта оғир аҳволда бўлиб, 117 нафари нафас олиш аппаратига уланган.

Тожикистон томони ўғирланган икки автомобилни Қирғизистонга қайтариб берди

Тожикистон-Қирғизистон низосида зарар кўрган бинолардан бири.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 5 май куни маълум қилишича, айни дамда қирғиз-тожик чегарасида вазият барқарор.

Чегара хизмати тўқнашувлар давомида ўғирланган Қирғизистон фуқароларига тегишли икки машина қайтариб берилганини маълум қилди.

5 май куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев зарар кўрган чегара пунктларини кўздан кечирмоқда.

28-30 апрель кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувда 36 нафар қирғизистонлик нобуд бўлди, 189 киши жароҳат олди.

Тожикистон ҳукумати қурбонлар сонини расман эълон қилгани йўқ. Озодлик радиосининг тожик хизмати тўплаган маълумотларга кўра, тўқнашувда камида 20 одам ҳалок бўлган, 90 киши жароҳат олган.

Қирғизистон ҳукумати маълумотларга кўра, чегарадаги тўқнашувларда 136 уй бутунлай вайрон бўлган. Уларнинг 46 таси Боткен туманида, 93 таси Лайлак туманида жойлашган.

Бундан ташқари, бешта умумтаълим мактаби, иккита фельдшерлик пункти, учта болалар боғчаси, иккита полиция участкаси, 24 ёқилғи қуйиш шохобчаси, 60 тижорат объекти, иккита чегара пости ва бир клуб зарар кўрган.

Германияда терроризмни молиялаштиришда айбланаётган Ansaar гуруҳи тақиқланди

Аввалроқ Германия ҳукумати мамлакатдаги 10 штатда ташкилот мулкларини тинтув қилган эди.

5 май куни Германия Ansaar International исломий ташкилоти бутун дунё бўйлаб терроризмни молиялаштиришга ёрдам бериш учун хайрия тўплаб келаётганини айтиб, ташкилот фаолиятини тақиқлади.

Аввалроқ Германия ҳукумати мамлакатдаги 10 штатда ташкилот мулкларини тинтув қилган эди.

5 май куни Ички ишлар вазири Хорст Зихофер:

«Агар сиз терроризмга қарши курашмоқчи бўлсангиз, уни молиялаштирувчи манбаларни қуритишингиз керак», - деди.

Дюссельдорфда жойлашган Ansaar низомида мақсади бутун дунё бўйдаб мусулмонлар лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш экани айтилган.

Ташкилот раиси сўзларига кўра, ташкилот биргина 2018 йилда 10 миллион еврога яқин хайрия маблағини тўплаган.
Германия Ички ишлар вазирлигининг таъкидлашича, маблағлар аслида Фаластиндаги ҲАМАС ҳаракати, шунингдек, Ал-Қоида билан алоқадор Аш-Шабааб ва Жабҳат ан-Нусра каби хорижий гуруҳларни молиялаштириш мақсадида тўпланган.

Путин билан Раҳмон қирғиз-тожик чегарасидаги можарони муҳокама қилади

Путин ва Раҳмон Душанбеда сўнгги марта 2018 йил 28 сентябрда учрашган эди.

Россия президенти Владимир Путин ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 8 май куни Москвада бўлиб ўтадиган учрашув чоғида қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган можарони муҳокама қилади. Бу ҳақда «РИА Новости» агентлиги Кремль матбуот котиб Дмитрий Песков сўзларига таянган ҳолда хабар берди.

Хабарда айтилишича, Тожикистон президенти Қизил майдонда бўлиб ўтадиган Ғалаба парадида ҳам иштирок этади.

Раҳмон ва Путин ўртасидаги музокаралар қирғиз-тожик чегарасидаги можародан олдин режалаштирилган. Песковнинг айтишича, Қирғизистон президенти Садир Жапаров Ғалаба парадида қатнашиш учун Москвага бормайди.

Тожикистон президентининг матбуот хизмати Тожикистон ва Россия раҳбарлари чегара можаросини муҳокама қилишини Озодликка тасдиқлади.

Қирғизистон президент Садир Жапаров Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этиш-этмаслиги тўғрисида расмий маълумот берилгани йўқ.

28-30 апрель ва 1 май кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир бўлган қуролли тўқнашувда 36 нафар қирғизистонлик нобуд бўлди, 189 киши жароҳат олди.

Тожикистон ҳукумати қурбонлар сонини расман эълон қилгани йўқ. Озодлик радиосининг тожик хизмати тўплаган маълумотларга кўра, тўқнашувда камида 18 одам ҳалок бўлган, 90 киши жароҳат олган.

Германия "Шимолий оқим-2" газ қувурини қуришга берилган рухсатни вақтинча бекор қилди

Россия қувур ўрнатувчи кемаси Германия соҳилида.

Федерал Денгизчилик ва гидрография агентлиги Nord Stream-2 («Шимолий оқим-2») қувурини якунлаш учун берилган рухсатни вақтинча бекор қилди. Бу ҳақда DW нашри хабар бермоқда. Ушбу қарорга лойиҳага қарши экологларнинг судга юборган шикояти туртки бўлган.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш билан шуғулланувчи Биологик хилма-хилликни сақлаш иттифоқи Гамбург маъмурий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Шикоят қувурнинг эксклюзив иқтисодий зонадаги ҳали тугалланмаган қисми билан боғлиқ экани айтилмоқда.

Экологлар бошидан бери лойиҳани танқид қилиб келади. Уларнинг фикрига кўра, бешта денгиз қўриқхонаси орқали ўтадиган қувур Болтиқ денгизига тузатиб бўлмайдиган зарар етказмоқда.

Апрель ойида яна бир экологик ташкилот – Deutsche Umwelthilfe Nord Stream-2 устидан судга шикоят қилган эди.

АҚШ узоқ йиллардан бери Nord Stream-2 қурилишига қарши чиқиб келади. Вашингтонга кўра, лойиҳа Германияни Россия газига қарам қилиб, Европа хавфсизлигига таҳдид солади.

2019 йилнинг декабрида Вашингтон Болтиқ денгизи тубида лойиҳа қувурларини ётқизишга кўмаклашадиган ҳар қандай ширкатга қарши санкция жорий қилган.

Чехия матбуоти: Бош вазир ўринбосари Ян Гамачек Россия билан яширинча келишишга уринган

Чехия бош вазирининг биринчи ўринбосари Ян Гамачек

Чехия матбуоти 4 май куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ян Гамачек 15 апрелда Россия элчиси ҳамда Чехия махфий хизматлари вакиллари билан биргаликда Москва билан яширинча келишиш имкониятларини муҳокама қилгани ҳақида ёзиб чиқди.

Айтилишича, Гамачек гўё Врбетица қишлоғи яқинидаги ҳарбий омборларда юз берган портлашлар бўйича тергов натижаларини ошкор қилмасликка тайёрлигини билдирган, бунинг эвазига Россиянинг “Спутник V” вакцинасидан бир миллион доза сўраган. Яна бир тахминга кўра, бош вазир ўринбосари келишув шарти сифатида Прагада Россия ҳамда АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байден учрашуви ўтказилишини ваъда қилган эмиш.

Чехия оммавий ахборот воситалари ушбу маълумотларни эълон қилганидан сўнг мухолифат вакиллари Ян Гамачекни истеъфога чиқишга чақиришган, шунингдек маълумотлар рост ёки ёлғонлигини унинг ўз оғзидан эшитиш учун парламентнинг Депутатлар палатаси ёпиқ йиғилишини ўтказишни талаб қилишган.

Seznamzpravy.cz портали хабарига кўра, учрашув Гамачек Москвага сафар қилиши ҳақида эълон қилганидан кейиноқ Чехия ички ишлар вазирининг хизмат хонасида бўлиб ўтган.

Москвага ташриф бир ҳафтадан кейин амалга оширилиши керак бўлган, лекин амалга оширилмаган.

Учрашувда Гамачекдан ташқари, Чехиянинг Россиядаги элчиси Витезслав Пивонька, Чехия разведкасининг Ташқи алоқалар ва ахборот бошқармаси директори Марек Шимандл, ҳарбий разведка раҳбари Ян Бероун ҳамда полиция бошлиғи Ян Швейдар қатнашганлар.

Кейинроқ Гамачекнинг офисига Чехия бош прокурори Павел Земан келган. Чехия ОАВлари учрашувда 2014 йилда Врбетица қишлоғи яқинида юз берган портлашларни тергов қилган Чехия Хавфсизлик хизмати вакиллари бўлмаганини хабар қилганлар.

Коалицион ҳукуматда аҳамиятига кўра бош вазирдан кейин турадиган лавозимни эгаллаб турган Гамачек 19 апрель куни Москвага келишга ҳозирланаётганди ҳамда Словакия ортидан Россиянинг “Спутник” вакцинасини сотиб олиш истагини билдирган эди.

Бироқ 17 апрель куни у кутилмаганда сафардан воз кечган. Ўша куниёқ Чехия Врбетицадаги ҳарбий омборларда содир бўлган портлашлар учун Россия ҳарбий разведкаси ходимларини айблаган ва 18 нафар россиялик дипломатни бадарға қилган. Бу икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида улкан дипломатик жанжалга сабаб бўлиб, Прага ҳамда Москвада консуллик хизматлари иши тўхтаб қолишига олиб келган.

Қирғизистон президенти ўз ваколатларини кенгайтирадиган янги Конституцияни имзолади

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 5 май – Конституция кунида шу йил апрель ойида ўтказилган референдумда қабул қилинмиш Конституция лойиҳасини имзолади. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, “Ала-Арча” давлат қароргоҳида ўтказилган имзолаш маросимида парламент депутатлари, судьялар корпуси, ҳукумат вакиллари ва жамоатчилик арбоблари иштирок этган.

Янги конституцияда президент ваколатлари кенгайтирилган, Халқ қурултойи институти киритилган, ҳукуматни шакллантириш ва унинг фаолияти учун масъулият эндиликда президент зиммасига юклатилган, ҳукуматни эса бундан буён президент маъмурияти раҳбари бошқарадиган бўлган. Ҳужжатда парламент депутатлари сонини 120 нафардан 90 нафарга тушириш ҳам кўзда тутилган.

Қирғизистонда янги конституция қабул қилиш бўйича референдум шу йил 11 апрелида бўлиб ўтган. МСК маълумотига кўра, янги қомус лойиҳасини сайловчиларнинг 79,3 фоизи ёқлаган, 13,7 фоизи эса унга қарши овоз берган. Референдумда сайловчилар давомати 36,9 фоизни ташкил қилган.

Қирғизистондаги мустақил ҳуқуқшунос ва экспертлар аввалроқ бир неча бор Конституциянинг янги таҳрири юзасидан танқидий хулосаларини баён қилишиб, янги Конституция мамлакатни авторитаризмга олиб бориши мумкинлигини қайд этишган.

RFI: Россия ёлланма аскарлари Африкада қотиллик, қийнаш, зўрлаш каби жиноятларни муттасил содир этади

Франциянинг RFI нашри россиялик ёлланма аскарларнинг Марказий Африка Республикасидаги (МАР) фаолиятига оид тадқиқотини ёйинлади. Унда ҳарбийлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ўнлаб тирик гувоҳлари келтирилган.

Гап МАРда ҳукумат армияси томонида жанг қилаётган Вагнер хусусий ҳарбий ширкати, Sewa Security Services ҳамда Lobaye Invest SARLU каби уч ҳарбийлашган тузилма ҳақида бормоқда. RFI маълумотига кўра, бу тузилмаларнинг ҳарбийлари тинч аҳолини қийноққа солиш ва ўлдириш, гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаш ва талаш билан шуғулланади.

Тадқиқот учун БМТ махсус ишчи гуруҳининг Африкада ёлланма аскарларнинг қўлланишига оид ҳисоботи асосий ахборот манбаи бўлиб хизмат қилган. Унда айтилишича, жорий йилнинг январидан апрель ойи ўрталарига қадар Россия ҳарбий мутахассислари томонидан 26 киши судсиз қатл қилинган, 5 киши гуруҳ бўлиб жинсий зўрланган ҳамда 27 та ҳолатда аҳоли вакиллари ноқонуний ҳибс этилиб, сўроқ чоғида қийноқларга дучор қилинган.

Мақолада айрим жиноятлар батафсил баён қилинган: январь ойи бошларида озиқ-овқат олиб кетаётган юк машинасининг ўққа тутилиши (натижада тинч аҳолидан уч киши ўлган), февраль ойи ўрталарида масжидда уч нафар маҳаллий аҳоли вакили қатл этилиши, 25 февраль санасида бир ёш аёлнинг гуруҳ бўлиб зўрланиши шулар жумласидандир.

Россиянинг МАРдаги элчихонаси RFI тадқиқоти юзасидан изоҳ бергани йўқ, аммо аввалроқ БМТ ишчи гуруҳининг ҳисоботи бўйича баёнот бераркан, унда мавжуд маълумотларни “сафсата” деб атаган. Шунингдек, Россия дипмиссияси БМТ экспертлари “рад этиб бўлмас исбот-далиллар”ни тақдим этмаган, деб ҳисоблайди.

Марказий Африка Республикасида 2013 йилдан бери исёнчилар ва амалдаги ҳукумат ўртасида қуролли кураш давом этиб келмоқда. Россия республика президентини дастаклаш мақсадида МАРга ҳарбий маслаҳатчилар ва ёлланма аскарлар, оғир қуроллар ҳамда зирҳли техника юбориб туради. Ғарб матбуоти хабарларига кўра, россиялик ёлланма ҳарбийларнинг умумий сони қарийб 2 минг кишини ташкил этиши мумкин. Улар ҳукумат кучлари тарафида урушади, шунингдек муҳим назорат масканлари ва стратегик объектларни қўриқлайди. Кремль бу маълумотларни инкор этиб келади. Россиянинг МАРдаги элчиси мамлакатда атиги 535 нафар россиялик “йўриқчилар” борлигини иддао қиларкан, улар “агар ўзлари ҳужумга йўлиққан вақтда жанг қилишмаса, ҳарбий ҳаракатларда умуман иштирок этмайди”, деганди.

2018 йил 30 июлида МАРда россиялик журналистлар Ўрхон Жамол, Александр Расторгуев ва Кирилл Радченко ўлдирилган эди. Улар “Вагнер хусусий ҳарбий ширкати” ёлланма аскарлари фаолияти ҳақида тадқиқот-фильм суратга олишаётганди. Вагнер ХҲШ Россиянинг норасмий ҳарбий бўлинмаси бўлиб, ҳарбий муассасалар қайдномаларига ва юридик шахслар реестрига тиркалмаган, бироқ, журналистик суриштирувларда аниқланган маълумотларга кўра, унинг жангчилари Суриядаги ҳарбий амалиётларда ҳамда Украина шарқидаги урушда иштирок этган. “Вагнер ХҲШ”га Владимир Путинга яқинлиги билан машҳур петербурглик тадбиркор Евгений Пригожин ҳомийлик қилиши айтилади.

Россия Тергов қўмитаси журналистлар араб тилида сўзлашувчи номаълум бандитлар томонидан талаш мақсадида ўлдирилган, деб ҳисоблайди. “Досье” мустақил тадқиқот маркази ушбу тахминни рад этади. Унинг маълумотларига кўра, Ўрхон Жамол, Александр Расторгуев ва Кирилл Радченкони яхши тайёрланган махсус амалиёт натижасида онгли равишда тузоққа туширишган. Тадқиқотчилар, россиялик журналистлар МАРга етиб келишлари билан кузатувга олинган ва бунда “Вагнер ХҲШ” раҳбариятига алоқадор одамлар қатнашган, деб хулоса қилишган. Бундан ташқари, “Досье” маркази Евгений Пригожинга дахлдор мутахассислар, чунончи МАР президентининг хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Валерий Захаров журналистлар гўё оддий талончилик натижасида ўлдирилгани тўғрисидаги тахминни атай матбуотга чиқарганини исботлашга муваффақ бўлган.

Байден Путин билан июнь ойида Европага сафар қилган пайтда учрашишни режаламоқда

АҚШ президенти Жо Байден

АҚШ президенти Жо Байден ўзи томонидан таклиф қилинган Россия-Америка саммитини июнь ойида Европага сафар қилган пайтда ўтказишга тайёр эканини билдирди.

“Мен бунга умид қиламан. Биз бунинг устида ишлаяпмиз”, деган президент Байден сешанба куни журналистлар саволларига жавоб берар экан.

Жо Байден АҚШ президенти ўлароқ ўзининг илк хорижий сафарини Буюк Британиядан бошламоқда. У мазкур мамлакатда Катта еттиликка (G-7) аъзо мамлакатлар раҳбарларининг шу йил 11 июнидан 13 июнигача бўлиб ўтадиган учрашувида иштирок этиши кутилмоқда. 14 июнь куни у Брюсселда бўлиб ўтажак НАТОга аъзо мамлакатлар саммитига йўл олади, сўнгра эса Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар лидерлари билан учрашади.

АҚШ-Россия саммитини ўтказиш ғоясини президент Байден апрель ойида олға сурган бўлиб, бу таклиф америкалик кузатувчилар учун кутилмаган бўлган. Жо Байден Россия президенти Владимир Путин билан учинчи мамлакатда учрашишга ҳамда икки давлат ўртасидаги алоқалар таранглашишига сабаб бўлаётган муаммоларни муҳокама қилишга ҳозирлигини билдирган. Мазкур муаммолар орасида Россиянинг Украинага таҳдиди, Россиянинг АҚШ компьютер тармоқларига қарши уюштирган киберҳужумлари, Россияда Алексей Навальний ва тарафдорларининг таъқиб қилиниши кабилар бор.

Россия президенти Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Юрий Ушаковга кўра, икки президентнинг учрашувига ҳозирлик тўла қувватда давом этяпти, июндаги учрашувнинг аниқ санаси юзасидан муҳокамалар олиб бориляпти.

Сўнгги бир сутка ичида жаҳонда коронавирусдан деярли 12 минг киши вафот этди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 3 май куни жаҳонда 721 896 кишига коронавирус юққани ва беморлардан 11 711 нафари вафот этгани тўғрисида маълум қилди.

Ташкилотнинг билдиришича, бу билан дунёда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 152 миллион 534 мингдан ортиқни ташкил этмоқда. Ўлганлар сони эса 3 миллион 198 мингдан ошган.

Коронавирус пандемияси бўйича мустақил статистикани олиб бораётган АҚШдаги Жонс Хопкинс университети 4 май ҳолатига кўра, коронавирусдан ўлганлар сони 3 миллион 210 мингдан, вирус юққанлар сони 153 миллион 193 мингдан ошганини билдирмоқда.

Коронавирус тарқалиши бўйича жаҳонда АҚШ биринчи ўринда турибди. АҚШда 32 миллиондан кўпроқ бемор қайд этилди.

Иккинчи ўринда Ҳиндистон (20 миллиондан ортиқ), учинчи ўринда Бразилия (14,725 миллиондан ортиқ), тўртинчи ўринда Франция (5,563 миллиондан ортиқ), бешинчи ўринда эса Туркия (4,875 миллиондан ортиқ) бормоқда.

Ҳиндистонда коронавирусга чалинганлар сони расман 20 миллиондан ошди

Нью-Деҳлидаги касалхоналардан бири.

Ҳиндистонда 4 май куни яна 357 минг кишида коронавирус аниқланди ва бу билан мамлакатда вирус юққанлар сони 20 миллиондан ошди. Ҳиндистон жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони бўйича АҚШдан кейинги иккинчи ўринда бормоқда.

Ҳиндистонда сўнгги учу ой ичида COVID-19га чалинганлар сони деярли икки баробарга кўпайди. Коронавирусдан ўлганлар сони расман 220 мингдан ошди.

Бироқ мутахассислар коронавирусга чалинганлар ва ўлганлар сони расман билдирилаётганидан кўп эканини айтмоқдалар. Чунки уйидан касалхонага кела олмай вафот этган юзлаб одамлар расмий статистикага киритилмаяпти.

Ҳиндистонда коронавирус беморлари учун касалхоналар, дори-дармонлар ва сунъий нафас олдириш аппаратлари етишмаяпти. Мутахассисларга кўра, 1 миллиард 400 миллион аҳолиси бор Ҳиндистонда вазият янада мураккаблашиши кутилмоқда.

Афғонистонда селдан 14 киши ҳалок бўлди

Ҳирот манзараси.

Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида кучли ёмғир ортидан юрган сел пайтида камида 14 киши ҳалок бўлди.

Вилоят ҳокимиятининг билдиришича, Ҳиротнинг Адрасқон туманида селдан ҳалок бўлганларнинг 4 нафари ўсмирдир. Ҳалок бўлганлардан икки нафарининг шахсини аниқлаш имконияти бўлмаяпти.

Афғонистон туманларида вақти-вақти билан сел ва сув тошқинлари юз бериб туради. Бунинг оқибатида уй-жойлар, экин ерлари ва жамоат инфраструктураси зарар кўради.

Ўтган йилнинг августида Афғонистоннинг 13 вилоятида сел юриб, унда жами 150 киши ҳалок бўлган эди.

2019 йилдаги сув тошқинида эса 180 минг одам зарар кўрган, 10 мингга яқин уй-жой вайрон бўлган эди.

Мексикада метро кўприги қулади. Камида 20 киши ҳалок бўлди

Мексика пойтахти Мехикода кўприк метро поезди ўтаётган пайтда қулаб тушди. Оқибатда камида 20 киши ҳалок бўлди, 70 киши жароҳатланди. El Universal нашрининг Мехико мэри Клауди Шейнбаумга таяниб хабар беришича, ҳалок бўлганлар орасида балоғатга етмаган болалар ҳам бор.

Мэрнинг айтишича, қутқарув ишлари кўприк конструкциясининг бир қисми яна қулаб тушиши хавфи мавжуд бўлгани учун вақтинча тўхтатилди. Кўприк, шунингдек, бир нечта автомобилни ҳам босиб қолган.

Дастлабки таҳминларга қараганда кўприк тўсинларидан бири дарз кетгани ортидан қулаган. El Universal нашри маҳаллий аҳоли 2017 йилдаги зилзиладан сўнг тўсинларда дарз пайдо бўлгани оқибатида кўприк қулаб тушишидан хавотир билдириб келганларини ёзган.

Мьянма: Исёнчилар шимолда хунтага қарашли вертолётни уриб туширди

Мьянма шимолидаги жанговар ҳаракатлардан қочиб, ўрмонда жон сақлаётган маҳаллий аҳоли вакиллари, 2021 йил апрели

Мьянмада исёнчилар армия вертолётини уриб туширишгани ҳақида эълон қилишди. Reuters агентлиги хабарига кўра, мамлакатнинг шимолий ва шарқий чегара ҳудудларида хунтага қуролли қаршилик сезиларли даражада кучайган.

Хунта, яъни ҳарбийлар бошқаруви жорий йилнинг 1 февралида давлат тўнтариши натижасида ўрнатилганди.

“Качин мустақиллик армияси” (Качин — Мьянманинг энг шимолий округи) вакили вертолёт 3 май куни армия авиациясининг давомли рейдларидан сўнг уриб туширилганини айтган.

Бирма (Мьянманинг иккинчи номи) матбуоти сўнгги кунларда Янгон шаҳрида юқори мартабали амалдорнинг ўлдирилишини ҳам қаршилик кўрсатиш ҳаракатига оид воқелик сифатида баҳолаган.

Reuters қайдича, Мьянмада фитначилар ҳокимият тепасига келганидан сўнг ўтган уч ой давомида қарийб 770 нафар одам зўравонлик қурбони бўлган.

Мамлакатнинг шимоли ва шарқидаги қишлоқ ва шаҳарларда ҳарбийларга маҳаллий этник гуруҳлар қуролли қаршилик кўрсатмоқда.

БМТ баҳосига кўра, Мьянма қуролли кучлари билан исёнчилар отрядлари ўртасида ҳарбий тўқнашувлар бўлиб ўтган туманларни ўн минглаб аҳоли тарк этган.

Билл ва Мелинда Гейтс ажрашишга қарор қилишди

Билл ва Мелинда Гейтс Давосдаги анжуманда, 2015 йил 23 январи

Билл Гейтс Твиттердаги ўз саҳифаси орқали хотини Мелинда билан биргаликда ажрашишга қарор қилганлари ҳақида эълон қилди.

Жуфтлик ўзаро муносабатларига оид узоқ давом этган мулоҳазалардан кейин биргаликдаги турмушларига барҳам бериш қарорига келганларини билдирган.

“Сўнгги 27 йил давомида биз ажойиб фарзандларни вояга етказдик ва бутун дунё бўйлаб одамларга соғлом ва самарали турмуш кечиришда кўмаклашиб, фаолият юритаётган жамғармани барпо этдик. Бизни миссиямизга ишонч бирлаштиришда давом этади ва биз жамғармада биргаликда ишлашда давом этамиз. Аммо биз никоҳни сақлаб қолиш ҳар биримизнинг ўсишимизга ёрдам беришига ишонмаймиз. Янги йўлга чиқаркан, биз шахсий ҳаётимизга ҳурмат билан ёндашилишини сўраб қоламиз. Мелинда Гейтс ва Билл Гейтс”, дейилган постда.

Биргаликда турмуш кечирган пайтларида жуфтлик уч фарзандни вояга етказган - Женнифер Катарин 1996 йили, Рори Жон 1999 йили, Фиби Адель эса 2002 йили туғилган.

Microsoft ширкати дунёда энг оммалашган операцион тизим — Windows’ни ишлаб чиқарган компания бўлиб ҳисобланади.

Билл Гейтс шу кунда бойлиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради. Forbes журнали унинг бойлигини 124 миллиард долларга баҳолаган.

АҚШ ҳарбий разведкаси: Россия яқин йилларда Қўшма Штатларнинг асосий рақиби бўлиб қолади

Россиянинг стратегик ядровий сувости кемалари

АҚШ Мудофаа вазирлиги Разведка бошқармаси Сенатда тингланиши учун 2021 йилдаги глобал таҳдидлар тўғрисида ҳисобот тайёрлади.

Сенатнинг қуролли кучлар ишлари бўйича қўмитаси сайтида ёйинланган ҳисоботда асосий эътибор Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларига Хитой ҳамда Россия томонидан бўладиган хавф-хатарга қаратилган.

Ҳужжатда дунёнинг “глобал стратегик мусобақа” даврини кечираётгани, унда Хитой билан Россия АҚШнинг ҳарбий устунлигига қарши ўз чора-тадбирларини кўраётгани айтилган.

Бу ерда ҳарбий тадбирлардан ташқари, прокси-қўшинлар ва ёлланма аскарлардан фойдаланиш, киберҳужумлар, ахборот билан манипуляция қилиш, рақибларнинг иқтисодий қудратига путур етказиш сингари ҳаракатлар хусусида сўз борган.

Россия қуролли кучлари ҳужжатда АҚШ мавжудиятининг ўзига потенциал таҳдид ўлароқ кўрилган.

“Москва АҚШ билан НАТОни ўз хавфсизлиги, геосиёсий амбициялари ва ҳозирги ҳукмрон режимига таҳдид, деб билади. Москва тўғридан-тўғри тўқнашувдан қочган ҳолда, Ғарб билан мусобақалашиш учун турли-туман воситаларни ишга солмоқда”, дейилган ҳисоботда.

Ҳужжатда яқин йилларда Россия ядровий қудратини ошириши айтилган. Шунингдек, мамлакат асабларни фалажловчи “Новичок” моддаси каби эълон қилинмаган кимёвий қурол захирасига эгалик қилиши мумкинлиги қайд этилган.

Таъкидланишича, Россия Тоғли Қорабоғ ҳамда Беларусни тўғридан-тўғри босиб олишга жазм қила олмаган бўлса-да, бошқа усуллар орқали минтақада таъсирини сақлашга интилмоқда. Жумладан, Қорабоққа рус тинчликпарвар кучларининг жойлаштирилиши Москванинг Кавказда таъсир кучи ортиши ўлароқ баҳоланган.

Ҳарбий куч билан таҳдид қилиш Россиянинг Украинага ўз таъсирини ўтказиш қуроли бўлиб қолаётир.

Ҳисобот муаллифлари хулосасига кўра, Россия Қўшма Штатлар билан очиқ тўқнашувдан манфаатдор бўлмаса-да, конфронтациядан воз кечмайди. “Кремль Вашингтон билан ўчакишмасликка ҳаракат қилиши эҳтимоли юқорироқ, бироқ АҚШ унинг ички ишларига аралашаётганига ёки стратегик манфаатларига хавф солаётганига ишончи комил бўлган тақдирда, бу ишдан тоймаслиги мумкин”, дейилган ҳисоботда.

Ҳужжатда Россиянинг ўз қўшнилари ва НАТОга аъзо мамлакатлар ички сиёсатига аралашишга уринишларига, шунингдек коронавирус эпидемияси манзарасида Ғарбга қарши амалга оширган ахборот хуружларига алоҳида ўрин берилган.

Қирғиз-тожик чегарасининг можаро чиққан участкасига халқаро журналистлар олиб борилади

Боткен вилоятидаги ёниб кетган уйлардан бири, 2021 йил 2 майи

Қирғизистон расмийлари журналистлар учун Боткен вилоятига пресс-тур ташкил этишади. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига Қирғизистон президентининг матбуот котиби Галина Байтерек билдирган.

Мулозимага кўра, журналистлар Қирғизистон ва Тожикистон чегарасининг можарога саҳна бўлган жойларига ташриф буюришади.

Биз жаҳон ҳамжамиятига ҳаққоний маълумотни етказиб бериш учун журналистларни у ёққа олиб борамиз. Соат 16:00 да биз Боткенга учиб кетамиз. Барчасини ўша жойнинг ўзида журналистларга кўрсатиб, гапириб берамиз. Улар ҳаммасини ўз кўзлари билан кўриб, ўзлари хулоса чиқарадилар”, деган Г. Байтерек.

Унга кўра, Боткенга бориш учун 20 та оммавий ахборот воситасидан 26 нафар журналист аккредитациядан ўтган бўлиб, улардан 10 чоғлиси халқаро ОАВ вакилидир.

Жорий йилнинг 28-29 апрель кунлари Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида қуролли тўқнашув бўлиб ўтган. Расмий Бишкек тарқатган маълумотга кўра, тўқнашувларда 35 нафар қирғизистонлик ҳалок бўлган. Тожикистон расмийлари жабрланганлар тўғрисида расмий маълумот берган эмас, бироқ Озодликнинг тожик хизмати можаро чоғида 16 нафар тожикистонлик қурбон бўлганини аниқлаган.

Тўқнашув натижасида Боткен вилоятидаги қишлоқларда 78 та уй, 2 та мактаб, фельдшерлик-акушерлик маскани, 3 та чегара заставаси, болалар боғчаси, 10 та АЁҚШ, ички ишлар бўлими биноси ва 8 та дўкон ёниб кетган. Тожик расмийлари ҳали шикаст етган объектлар тўғрисида бирор маълумот берганлари йўқ, бироқ жабрланган қишлоқларда бўлган тожикистонлик журналистлар Хўжаи Аъло қишлоғида вайрон бўлган кўплаб бинолар ва ёнган уйларнинг фотосуратларини ёйинлаганлар.

Тожикистон Қирғизистон билан чегара жанжалида кўрилган зиённи эълон қилди

Тожикистонда вайрон бўлган уйлардан бири.

Тожикистон ҳукумати Сўғд вилояти Бобожон Ғофуров туманидаги Сурх, Ворух, Чорку ва Овчи-Қалъача қишлоқларида Қирғизистон билан тўқнашувлар чоғида 14та уй тўлиқ вайрон бўлгани, 2та турар жой қисман зарарлангани ҳақида маълум қилди.

Тожикистон ҳукуматига қарашли «Ховар» агентлиги Сўғд вилоят расмийларига таянган ҳолда Овчи-Қалъача қишлоғида бир мактаб биносига зиён етганини ҳам билдирди.

Хабарда таъкидланишича, Тожикистон томони низо ҳудудидан 15 мингга яқин одам эвакуация қилинганини ёзди.

Озодлик радиоси тожик хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда низода Тожикистоннинг 16 фуқароси ҳалок бўлгани ва 90 нафари жароҳатланганини маълум қилган. Тожикистон ҳукумати ўлганлар ва яраланганлар тўғрисида шу кунгача маълумот бермади.

Қирғизистон ҳукумати аввалроқ 28,29,30 апрель ва 1 май кунлари давом этган отишмаларда Қирғизистон томонидан 34 киши, жумладан, 13 ёшли қизалоқ ҳалок бўлганини, 180дан ортиқ одам яраланганини эълон қилган.

Қирғизистон ҳукуматининг билдиришича, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, низо оқибатида Боткен вилоятида 78 та турар жой, 2 та мактаб, 1 фельдшерлик пункти, 1 болалар боғчаси, 1 ИИБ биноси, 3 та чегара заставаси, 10 АЁҚШ, 8та магазин ёниб кул бўлган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG