Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:25

АЁҚШ раҳбарлари: Денов нефтебазасидан порасиз ёнилғи олиб бўлмаяпти


Сурхондарё вилояти Денов туманидаги хусусий АЁҚШлар бошлиқлари нефтебазадан порасиз ёнилғи олиб чиқишнинг имкони бўлмай қолди, деб шикоят қилмоқда. Бу хусусда Озодликка арз қилган тадбиркорлар ҳар бир тонна ёнилғидан 200 литрдан уриб қолинаётгани, бундай ноқонуний фаолият корхона раҳбарияти томонидан рағбатлантирилаётганини иддао қилди.​

"Денов нефть базаси" унитар корхонасидан ёнилғи оладиган хусусий АЁҚШлар эгаларининг Озодликка иддао қилишича, ёнилғи бериш учун олинадиган пора ставкаси кундан-кунга кўтарилиб кетяпти:

- Нефтебазадан ёнилғи олиш жуда қийинлашиб кетди. Ҳар литри 2030 сўм турадиган бензиннинг бир мошинасига 500 доллардан 1000 долларгача пора олиняпти. Шуни бермасанг, бензин ҳам бермайди, деб иддао қилади исми сир сақланаётган АЁҚШ эгаси.

Унинг даъвосича, корхонага 10 йилдан бери раҳбарлик қилаётган директорнинг қариндошлари барча олди-бердиларни назорат қилади:

- Мана қаранг, нефтебазани ўзини мошини бор, ташиб бергани учун 20 минг сўм олади. Лекин уларнинг ака-укаларини ҳайдовчи қилиб қўйган, бизнинг ёнилғини уларнинг бензовозларида ташиттиради, улар эса 150 минг сўмдан олади. Нефтебазани тамоман ўзлариники қилиб олишди, деб даъво қилди суҳбатдош.

АЁҚШ раҳбарига кўра, бундан ташқари ёнилғи олиб чиқишнинг бошқа харажатлари ҳам бор:

- Мошинни бир бало қилиб нефтебазага киритсангиз, қоровул мелисаси 5 литр, завсклад 20 литр, заправкачиси 10 литр бензин олади. Хуллас, ҳаммасини ўзининг долянкаси бор. Бу давлатнинг нефтебазаси бўлса, буни тартибга соладиган бирор киши борми? - дейди суҳбатдош.

Исми сир қолишини сўраган бошқа бир АЁҚШ бошлиғининг иддаосича, улар катта пора эвазига ёнилғи олгач, унинг нархини сунъий кўтаришга мажбур бўлишади:

“Мана тасаввур қилинг, 5 тонна бензинни нефтебазадан 500 доллар бериб олиб чиқдингиз. Энди, унинг харажатини қаердан чиқарасиз, албатта, бензиннинг нархига қўшишга мажбур бўласиз. Яна директор ўзига қарашли заправкаларга энг арзон бензинни чиқартиради, бизларни эса тижорат нархидаги бензинни олишга ундайди”, деб иддао қилди исмини сир сақлаган АЁҚШ бошлиғи.

Денов туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бири нефтебазадан ва унинг туманлардаги шохобчаларидан ҳеч қачон уларга берилган ёнилғининг тўлиғича олишнинг имкони бўлмаганини айтади:

“Фермерлар солярка олиш учун нефтебазага ёки унинг туманлардаги филиалларига борган фермер агар бир тонна ёнилғи олмоқчи бўлса, унга 1000 литр беради. Ваҳоланки, бир тонна солярка 1250 литр бўлади. Ҳеч ким додингга қулоқ солмайди, хоҳласан шу, хоҳламасанг ана катта кўча дейди”, деди фермер.

Озодлик кун давомида Денов нефть маҳсулотлари унитар корхонасининг директори Бахтиёр Янгибоев ва омбор мудири Нурзод Бойназаров билан боғланишга ҳаракат қилди. Директорнинг мобил телефони кун бўйи жавоб бермади.

Корхона диспетчери Озодликдан АЁҚШ раҳбарлари ва фермерларнинг иддаоларини обдон ёзиб олгач, дирпекторга етказишни ва директорнинг ўзи Озодлик билан боғланишини айтди. Лекин директордан дарак бўлмади.

АЁҚШ раҳбарлари бу муаммо юзасидан “Ўзбекнефтмаҳсулот” ҳиссадорлик компанияси раҳбариятига мурожаат қилгани, компаниядан икки вакил келиб улар билан учрашмай ва муаммони ҳал қилмай кетганини айтди.

Озодлик “Ўзбекнефтмаҳсулот” ҳиссадорлик компаниясининг юристи Тамара Зоҳидова билан боғланиб, компаниянинг шўъба корхонасига оид АЁҚШлар раҳбарлари иддаоларни билдирди.

Тамара Зоҳидова уларнинг мутахассислари ҳар бир шикоятни эътиборсиз қолдирмаслигини айтди:

“Бизнинг мутахассисларимиз шикоятни ўргангани борганда, ҳар бир шикоятчи билан албатта гаплашиб келишади. Бизнинг қоидамиз шунақа”, деди Тамара Зоҳидова.

Компаниянинг ишонч телефони эса кун давомида жавоб бермади.

XS
SM
MD
LG