Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:30

Афғонистонлик қочқин туркманлар Ашхободнинг ёрдамига умид қилмоқда


Афғонистоннинг Бодғис вилоятидаги этник туркманларнинг аҳволи жуда оғир: шу кунгача бир неча кишини дафн қилишди.

Озодлик радиоси туркман хизмати жорий ой бошидан буён Бодғис вилоятининг Марчак туманидаги уйларини ташлаб кетган туркманлар ҳақида хабар бериб келяпти. Қочқинлар Афғонистон билан Тожикистон ўртасидаги Мурғоб дарёсига етгач, мушкул аҳволга тушдилар.

Марчакда толиблар билан ҳукумат кучлари ўртасидаги жанг икки ҳафтадан бери давом этмоқда. Кейинги кунларда тўқнашувлар бир оз сусайди, лекин ҳар икки томон, фурсатдан фойдаланиб, навбатдаги жангга ҳозирланаётгани айтилмоқда.

Тўқнашувлар бўлаётган ҳудудни мингга яқин туркман тарк этди. Улар ҳозир дарё соҳилида егуликсиз, ичимлик сувисиз, қуруқ ерда ётиб кун кечирмоқдалар.

24 апрель куни Озодлик Ҳамид исмли киши билан суҳбатлашди. Телефонини бир амаллаб қувватлантиришга муваффақ бўлган Ҳамид марчаклик туркманлар аҳволини таърифлаб берди:

“Ҳеч кимдан ҳеч қанақа ёрдам олганимиз йўқ. Ичишга, ейишга ҳеч вақо йўқ. Уйимиз - очиқ дала”.

Ҳамид у ерда ёшу қари борлигини, лекин аёллар, қариялар ва болалар кўплигини айтди.

Ҳамид кейин телефонини ёнидаги аёлга берди. Исмини ошкор қилмаган ёши катта аёл дарё бўйидаги одамларнинг ейишга нони, ичишга чойи йўқлигини айтди. У аёл кейин одамлар ҳалок бўлаётганини айтиб, марҳумларни кўмиш учун ҳатто кафан йўқлигидан арзланди. Лекин неча киши ўлганини, нима сабабдан ўлганини очиқламади.

Қария аёл охирги марта қочишга мажбур бўлишдан аввал овқат еганларини айтди. У яна чанқоқ қийнаган болалар ифлос дарё сувини ичганини, ҳозир уларнинг кўпчилигининг ичи кетиб, қайт қилаётганини қўшимча қилди.

“Осмон узоқ, ер қаттиқ”, деди қария аёл.

Ҳамид телефонини қайтариб олиб, 19 апрель куни Туркманистон чегарачилари билан суҳбатлашиб, қариялар, болалар, касаллар ва яраланганларни чегарадан ўтказиб юборишларини сўраганини айтди.

Ҳамиднинг айтишича, чегарачилар бундай қарор қабул қила олмасликларини айтган.

“Юқоридан буйруқ келмаса, ҳеч нима қила олмаймиз”, деган туркман чегарачилари.

Афтидан, чегарачилар буйруқсиз ҳатто егулик ҳам бера олмайди.

Озодлик радиоси туркман хизмати мухбири Марчакдаги жанглар бир оз тинчиганини айтиб, Ҳамиддан бирор қишлоққа қайтиб бориб керакли жиҳоз, балким озгина сув ва егулик олишнинг иложи бор-йўқлиги ҳақида сўради.

“Бу хавфли, тўқнашувлар тугагани йўқ. Портламай қолган снарядлар кўп”, деб жавоб берди Ҳамид.

Жангарилар туркманларга яқин ерда жойлашган. Ҳукумат аскарлари ҳудудни улардан озод қила олмаяпти.

Афғонистон ҳукумати Туркманистондан марчаклик туркманларга, ҳеч бўлмаса, гуманитар ёрдам беришни илтимос қилмаса, афтидан ҳозирча қочқинларга ёрдам беришнинг бошқа йўли йўқ.

Ҳозир Афғонистон ёки Туркманистон ҳукуматининг марчаклик туркманлар аҳволидан ҳатто хабар топган ёки йўқлиги номаълум бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG