Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:30

Блог: Суратга олинмаган уруш киноси


Болалигим уруш ҳақидаги киноларни кўриш билан ўтди. Иккинчи Жаҳон Уруши мен учун "Сигнал" деб аталган оқ қора телевизор ойнагидан кўринадиган шоу эди.

Бунинг баробарида Валентин Катаевнинг "Полк ўғли" деган китобини ўқиб, "Уруш катта бир томошахона" деган фикрда эдим.

Гарчи “Полк ўғли” китобида ҳам урушнинг даҳшатли бир нарса эканига ишоралар бўлса-да¸ мен учун бу муҳораба "Тўрт танкист ва бир кўппак" киноси каби мафтункор ва жозибали эди.

Асарда уруш бир норасиданинг кўзи билан "Солдат отаси" фильмида эса гуржи чол Махарашивилининг кўзи билан романтик ранглардаги мафтункор бир манзарани касб қилган эди.

Аммо Совет медиаси маҳсули бўлган бу мафтункорликка ëн-атрофимдаги реал ҳаëт манзаралари ҳалақит қиларди.

Қўлтиқтаëқлар

Мен олтмишинчи йиллар охирини элас-элас¸ етмишинчи йилларни эса аниқ-тиниқ эслайман.

Ўша йиллари отам билан жамоатчилик ҳаммомига борганимда уруш майиб-мажруҳ илган элдошларим тасвирини ретушсиз кўрган эдим.

Маълул¸ танаси илма-тешик одамларнинг яланғоч қиëфаси урушнинг мен учун ғайри табиий манзараси эди.

Уларнинг кўпи оëқсиз эди. Қорайиб кетган қўлтиқтаëқларда юришарди.

Отамнинг яқини бўлган кекса шоир Раҳим Бекниëз уйимизга келиб йўғон овозда шеър ўқиганини эслайман:

Паст кўчадан келар овоз тақир туқир

Рост кўчадан келар овоз тақир туқир

Қўлтиқтаëқлар¸ беҳуда кетган оëқлар...

Шаҳардаги уйимиз ëнидан ўтган "Қирғиз канал" бўйидаги йўл Урганчдаги қизил майдонга элтар эди.

Биринчи май ва еттинчи ноябрь кунлари бу майдонда парад бўларди.

Бу парадга кетаëтган йўл бўйлаб қўл-оëқсиз майиб-мажруҳ тиланчиларни кўрардим.

Умумий байрамнинг шоëн манзарасига футур етказган бу оëқсиз тиланчилар иккинчи жаҳон урушининг иштирокчилари эди.

Уларнинг тушкун қиëфаси плакатлардаги ҳалоскор рус аскарига сира ўхшамасди.

Байрам куни ҳукуматнинг махсус гуруҳи бу тиланчиларни шафқатсизларча йиғиштирилиб олганига бир неча марта гувоҳ бўлганман: йўл бўйида ўтирган оëқсиз чолни икки барзанги йигит қўлтиғидан кўтариб машинага отиб юборишгани манзараси даҳшат эди.

Бу амаки миниб юрадиган тўртта подшибник ўрнатилган қўлбола аравани уни орқасидан машинага ирғитишди. Уни ортидан қўлтиқ таëқлар машинага қараб учди.

Юк машинаси кузови эса аллақачон чолга ўхшаган маълуллар билан тўлганди.

Улар “Сволочи” деб бақиришиар¸ кайф қилиб олганлари эса кулиб ўрисча қўшиқ айтарди.

Иккинчи жаҳон урушига мажбуран олиб кетилган ва ногирон бўлиб қолган бу кишилар Советча байрам манзарасини бузмасликлари учун шаҳар четидаги "Обдол банги" мавзесига ëки "Ботир калнинг майдони" деб аталган ерга олиб бориб ташланарди.

Урушда иккки оëғини йўқотган урганчлик чол расмини чизганимда институтдаги донишманд ўқитувчиларим оғир сукутга чўкканини ҳамон эслайман.

Тут тагидаги яйдоқ бир ерда тўртбурчак тахтага тўртта темир ғилдирак ўрнатилган "арава" устида оëқсиз чол ўтирибди. Арава занжир билан яйдоқ саҳндаги темир қозиққа бойланган. Чол қўли билан ерни эшкак каби эшиб, қозиқ атрофида доира бўйлаб ҳаракатланади.

Агар тепадан қаралса, қозиқ атрофида арава изидан иборат айлана сўқмоқ кўринади.

Адашмасам бу чолнинг исми Марим бово эди. Курск ëйида оëғидан айрилганди.

1983 йилда мен бу чолнинг бир неча расмларини чизиб, семестр якунига оид просмотрга қўйдим.

Расм чизиш маҳорати¸ линия¸ прапорция ҳақида гапириши ва ҳатоларимни кўрсатиши керак бўлган домлалар санъатни унутиб, мен чизган ўртамиëна наброскалардаги ҳаëт ҳақиқатидан шокка тушгани эсимда.

Бу расмим учун ўшанда домлаларим мени койимаган¸ билъакс балли дейишган.

Кейинчалик бу образни мен “Эски машина” деган картинам ичига жойлаштирдим.

Матназар бобо

Укам Ғайратнинг ўғли Муҳаммадназар 21 ëшда.

Унга бобом номи қўйилган.

Этикдўз косиб бўлган Матназар бобо урушдан яраланиб қайтган ва Урганчда тупроққа қўйилган.

Матназар бобонинг беваси бўлган бувим Марямжон онамдан бир неча бор эшитган ҳикоям асосида киносценарий ëзиб¸ бунинг ўрисча синопсисини Москвадаги рассом дўстим Звездочетовга берган эдим. (Звездочетов ўша пайтда уруш ҳақида кино олиш иддаосида юрганди)

Мендан фарқли Звездочетов сўнгги 30 йилда Москвадаги квартирасида ўтроқ яшайди. Мендан фарқли Звездочетов саранжом-саришта ва интизомли.

Хуллас, яқинда бу юлдузсанар дўстим билан ижтимоий тармоқда гаплашиб ўтирсам¸ ўша синопсис ҳали ҳам китоб токчасида турганини айтиб қолди.

Мен қизиққанимни кўрган Звездочетов синопсис матнини расмга олиб ватсапга ташлади.

Сарғайган бир варақ қоғозга машинкада ëзилган ўрисча матн.

"Смерть последного солдата в большой войне" дея иддаоли сарлавҳа қўйилган.

Бу сарғайган матн мен ва дўстим Звездочетовнинг кино соҳасида амалга ошмаган орзуси эди.

Амалга ошган орзудан кўра амалга ошмагани гўзал, деб Гёте айтмаганмиди.

Суратга олинмаган уруш киноси ëки катта урушдаги сўнгги аскарнинг ўлими

Камера 1946 йилдаги Урганчдаги эски шаҳар манзарасини тинимсиз кўрсатади. Мусиқа ўрнига пашшаларнинг ғужғон ғувиллаши ва арпа янчаëтган қўл тегирмонининг бир маромдаги ғижиллаши янграйди.

Камера тўхтамайди. Перебивкасиз узууун тасвир. Эски шаҳарнинг маҳзун ва турғун қиëфаси. Томи очилиб, ëғочи ўтин учун олинган лойдан бўлган уйлар¸ оғзи гўрдек очилиб, осмонга қараган тандирлар тасвири.

Камера нигоҳи иккита юмалоқ тошдан бўлган қўл тегирмонини айлантираëтган қашшоқ бир кампирга йўналади.

Тасвир ипга уланган консерва банкасини судраб кетаëтган ақли ноқис бир девонанинг пажмурда қиëфаси билан алмашади.

Кўчада ланги тепаëтган кир-чир болалар. Ëғоч товоққа жийдаларни саралаб солаëтган муштипар аëл.

Икки дақиқа давом этаëтган бу тушкун манзара худди яна минг йил давом этадигандек туюлади.

Бирдан бу сукунатни югуриб келаëтган болакайнинг қичқириғи бузади.

Худди рассом Мункнинг "Қичқириқ" асаридаги каби.

"Матназар оға қайтиб келëтир¸ Чолиш пристанига паром келди," - деб бақиради болакай.

Кейинги кадрда бу хабардан шокка тушган аëл қиëфаси. Унинг қўлидаги ëғоч товоқ тушиб кетиб¸ жийдалар тўрт тарафга сочилади.

Кейинги кадр.

Тасвирда Амударë бўйлаб сузиб келаëтган баржа.

Баржани судраëтган катернинг мотори патиллайди. Ундан чиқаëтган қоп- қора тутун ўта хунук кўринади.

Камера баржа ичидагиларни бирма-бир кўрсатади. Булар урушдан қайтиб келаëтган урганчлик аскарлар.

Уларнинг юзлари қорайиб¸ соч соқоллари ўсиб битлаб кетган.

Камера уларнинг юзларига яқинлашади. Булар Европани фашизмдан қутқарган халоскор ва музаффар аскардан кўра уйсиз, элсиз бомжларга менгзарди.

Тинимсиз кечиккан юк поездларида Чоржўйгача етиб келган аскарлар паром орқали Чолиш пристанига бормоқда.

Кейинги кадр

Паром қирғоққа бориб урилади. Соҳилда эса уларни юк машинаси кутиб турибди.

Паром соҳилга урилиши билан учкаридаги оломон илкис ҳаракатга келади. Ҳамма тезроқ уйига етиб боришга ошиқади.

Худди Италия киночиси Антонионининг илк фильмидаги каби саросима.

Жангоҳлар руҳиятини ўзгартирган бу собиқ саллотлар - бир-бирини итариб¸ тепиб, сўкиниб - юк машинасига чиқиб олиш учун чирпанади.

Қўлтиқ таëққа суянган ҳолда машинага тирмашмоқчи бўлган йигитни кўкрагидан итариб юборишади.

Шафқатсизлик бу аскарларнинг фитратига айланиб улгирганди.

Хуллас, бу майиб йигит машинага чиқа олмай, соҳилда қолиб кетади.

Кадрда қўлтиқ таëққа суянган йигит. Иккинчи планда эса тобора узоқлашаëтган юк машинаси.

Кейинги тасвир

Урганчнинг кўҳна қалъаси ëнидан кузови аскарлар билан тўла юк машинаси ўтиб кетяпти. Машина устидаги аскарлардан бири йўл четидаги хотин-халажга қараб: "Матназар Чолишда қолиб кетди," - деб бақиради. Машина зув этиб ўтиб кетади. Ундан кўтариган чанг бутун кадрни қоплайди.

Кейинги манзара

Чолишни Урганч билан боғловчи йўлдан қўлтиқ таëққа суяниб кетаëтган аскар қиëфаси силуэт каби кўринади.

Кейинги кадрда эса бу аскарга қарама-қарши келаëтган аëллар тасвири.

Тасвир алмашиб туради. Икки тараф бир бирига яқинлашмоқда.

Ҳеч қанақа мусиқа йўқ¸ фақат ҳансираш ва оëқ овозлари эшитилади.

Финал

Урушдан қайтган аскар билан уни кутиб олган аëллар ораси бир неча сантиметр қолган. Бирдан аскар йиқилади. Уни кутган рафиқаси Марямжон¸ қизи Шукуржон урушнинг сўнгги аскарини суяб қучоқлаб туришибди.

Аскарнинг жони узилади.

Танбур торинингг узилганига ўхшаш мудҳиш сасни ундан-да мудҳиш йиғи овози босиб кетади.

Кейинги кадр.

Аскар жасадини нарвон устига ëқтизиб, қабристонга элтишмоқда.

Жаноза номози ўқилади.

Кадр алмашади

Аскарга тобут бўлган нарвонни у кўмилган жойга тикиб қўйишади.

Ботаëтган қуëш нури фонида қабристон узра қад кўтарган нарвон силуэти кўринади.

Титрлар тушади.

Биринчи ëзув: Бу фильм бобом Матназар Мадраҳимов хотирасига бағишланади.

Кейинги титрларда Урганчдан кетиб, иккинчи жаҳон урушида бедарак кетган ёда ўлган 100 дан ортиқ кишининг номи қайд қилинади.

Мен ва дўстим Звездочетов 1984 йили суратга ола олмаган фильм шу тариқа тугаши лозим эди.

XS
SM
MD
LG