Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:36

Жиззахда камёб маҳаллий уннинг бир қопи 96 минг сўмга чиқди


Жиззах вилоятидаги икки йирик ун заводи - Жиззах ва Дўстлик дон маҳсулотлари корхоналарида чиқарилган уннинг 50 килограмлик қопи нархи 96 минг сўмга чиқди. Мутасаддилар икки корхона маҳсулоти нега камайгани ва қимматлагани сабабини изоҳлаб бера олмади. Республика бўйлаб аҳолига арзон нархида сотилаётган бир қоп унга белгиланган давлат нархи эса 52 минг 500 сўмдир.

Озодликка келаётган маълумотларга кўра, Жиззах вилоятида маҳаллий 1-навли уннинг нархи бозорда 1 минг 850 - 1 минг 920 сўмга чиқиб кетган. Айрим чекка туманларда 2 минг 200 сўмдан ҳам сотилаётгани ҳақида маълумотлар бор.

11 май куни Дўстлик туманидаги озиқ-овқат бозоридан бир қоп ун харид қилган тингловчи нарх муттасил равишда ошиб бораётганидан нолиди:

"Ўзимизнинг Дўстликда чиққан унлар яқинда 90 мингга кўтарилган эди, бугун мана 96 минг сўмга чиқариб қўйишибди. Одамларга талонга арзон бериладиган ун 3 килодан, лекин танқис, етмайди. Дўстликда чиқадиган ун 75-85 минг сўм эди қопи. Ҳозир бозорда йўқ, ҳар замонда келса ҳам, бир пасда сотилиб кетаяпти", дейди исмини ошкор қилишни истамаган тингловчи.

Шу кунда Озодликка Дўстлик туманидан мактуб ёзган яна бир муштарий вилоятнинг айни туманидаги "Дўстлик дон маҳсулотлари" заводидан чиқаётган биринчи навли ун нархи 110 минг сўмга чиқиб кетганини иддао қилди.

"Un yo'g'da sotuvda boriyam qandaydir yashirib sotyapti Fermerlarga kelgan ekan ishchilarga berish kerak ekan fermerlar ishchilariga bermay sotyapti ular 75000 sum sotyaptu", деб ёзди манба. Аммо, ундан олинган 50 килограммлик бир қоп ун нархи 110 минг сўмга чиққанига оид маълумот бошқа манбалардан тасдиқланмади.

Жиззахнинг Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи Набижон Жўрбоев ҳам 8-9 май кунлари туман марказидаги бир неча дўконга кириб, ун ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари нархи билан қизиққанини айтади:

- Жиззахда чиқадиган ун йўқ. Мустақилликка 25 йил бўлганидан бери бизда талонга ун берилади. Ғаллаоролда маҳаллий тадбиркорлардан 24 тасига бириктирилган. Улар олиб келиб, киши бошига 2 килодан талонга сотаяпти, "Жиззах-8" деган унни. Буниям нархи ошган, "Складдан пул бериб олдик", "Машинада олиб келиш учун пул бердик"ка ўхшаган гаплар билан сотиб ётибди, - дейди Набижон Жўрабоев.

Озодликка маҳаллий уннинг эркин савдодаги нархи ошиб кетгани ҳақида яқинда ҳам шикоят тушган ва унда бир қоп ун 90 минг сўмга чиққан эди. Озодлик бу шикоятлар ортидан "Дўстлик дон маҳсулотлари" акциядорлик жамиятига мурожаат қилди, аммо жавоб ололмади.

Ун республикада аҳолига арзонлаштирилган нархда сотилаёган 3 маҳсулотнинг биридир ва давлат томонидан киши бошига 3 килодан талонга ажратилаётган маҳаллий 1-навли уннинг бир килоси нархи 1 минг 50 сўм қилиб белгиланган. Олинган маълумотларга кўра, баъзи ҳудудларда талонга берилган ун ҳам қиммат сотилмоқда ва муҳими, камайиб кетмоқда.

Жумладан, Пахтакор туманида истиқомат қиладиган яна бир тингловчи куни-кеча талонга тарқатиладиган ундан 44 килограм харид қилгани ва унинг нархи давлат белгилаган нархдан бироз қиммат тушганини айтди:

"Икки ойлигини бир қилиб олдик, 44 кило. Шу 50 минг сўмга тушди-да. Шу нархда деди, олдик. Бозорда 90-95 минг сўмдан турибди шу "Жиззах 8" деган ун", деди пахтакорлик тингловчи.

Жиззах вилояти ҳокимлигининг аҳолини арзонлаштирилган озиқ-овқат билан таъминлашга масъул департаменти вакили мухбир билан микрофонсиз суҳбатда маҳаллий ун таъминотида муаммо борлигини инкор қилди.

"1-навли маҳаллий ун килоси 1 минг 50 сўмдан республика заҳирасидан ажратилади. Киши бошига ойига 3 килодан. Бу ҳар ойда республикадан тасдиқланади ва вилоятларга ҳокимиятларга тарқатилади. Ҳозир 3 тур маҳсулот қолган - ун, шакар, ёғ", деди исмини ошкор қилишни истамаган мулозим. У вилоят бозорларида маҳаллий ун маҳсулотлари камайгани ва унинг нархи ошиб бораётганига оид вазиятга ҳокимият масъул эмаслигини таъкидлаб: "Бу эркин бозор, биз бунга аралашмаймиз", деди.

Жиззах вилояти бўйлаб аҳолига арзон нархларда ажратилаётган маҳаллий ун вилоятдаги "Дўстлик дон маҳсулотлари" акциядорлик жамияти ва "Жиззах дон маҳсулотлари" ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмасида чиқарилган.

Аҳоли ўртасида "Дўстлик дон" ва "Жиззах 8" деб юритиладиган 1-навли маҳаллий унни ҳам арзонлаштирилган нархда талонга олиш учун айрим туманларда навбат кутишга тўғри келаётгани ҳақида маълумотлар бор. Бундан ташқари, баъзи туманларда талонга 3 килодан, баъзи туманларда эса 2 килодан сотилаётгани ҳақида ҳам маълумот бор.

Озодлик номи тилга олинган ҳар икки завод маъмурияти билан боғланишга уринди, аммо жавоб олишга муваффақ бўлмади.

XS
SM
MD
LG