Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:15

4500 долларлик имзо, милицияга қўл кўтарган суд ходими


Америкадан келган пулдор аёлни ўлдирган қотил икки кунда ушланди. Интернетда фаришталар тасвири дея иддао қилинган видеолавҳа тарқалди. Амалдор кўзи ожизлар ишлайдиган корхонадан 4500 доллар пора олди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Амалдор кўзи ожизлар ишлайдиган корхонадан 4500 доллар пора олди”

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви расмийси Чустда жойлашган кўзи ожиз фуқаролар ишлайдиган корхонадан 4500 доллар пора олди (“Ҳуқуқ”, 28 май).

Исми ошкор этилмаган амалдор Чуст ўқув ишлаб чиқариш корхонаси “Пахтасаноат” уюшмасидан 150 тонна пахта линти ва 20 тонна тола олиб кетишига розилик хати бериш эвазига ана шундай миқдорда пора талаб қилган.

Марказий бошқарув расмийси айни шундай розилик мактуби эвазига Фарғона кўзи ожизлар жамияти вакилидан ҳам 1250 доллар пора сўраган.

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви амалдори пора устида қўлга олинган. Қайд этилишича, у 6 йил озодликдан маҳрум этилган.

“Ўзбекистон – Робинзон яшайдиган орол эмас”

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова қўшиқчи ва раққосаларнинг бачкана қилиқларини кескин танқид қилди (“Оила даврасида”, 28 май).

“Айрим хонандаларимизнинг турли ажнабий ва миллийликка ёт либосларни кийишлари, ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган саёз қўшиқ матнлари, қўпол, беҳаё ва беандиша ҳаракатлар акс эттирилган клипларнинг оила даврасида кўриладиган экранларга узатилаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?!” деган Бош вазир ўринбосари Тошкентда сенатор ва депутатлар, маданият ва санъат мутасаддилари, тўйхона ва ресторан раҳбарлари ҳамда хонандалар иштирокида ўтган тадбирда.

Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси Иқбол Мирзо эстрада санъати маҳсулотларининг маънавий савиясини қонун йўли билан тартибга солиш вақти келганини айтган.

Тадбирда Тошкентдаги 140 дан ошиқ тўйхоналарнинг айримларида тўйлар дабдаба ва мол-дунёни кўз-кўз қилиш, ҳаёсиз рақслар майдонига айланиб қолаётгани ҳам қораланган.

“Ўзбекистон Робинзон яшайдиган орол эмас, агар кимки бугун демократия, истаганимни қиламан деб ўйласа, халқ, жамият фикри билан ҳисоблашмаса, қаттиқ адашади”, деб ёзади газета.

“Наманганда суд ходими милиция вакилига ҳужум қилди”

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди котиби суд биносини қўриқлаётган милиция ходимига ҳужум қилиб, унга қайчи билан жароҳат етказган (“Диёнат”, 28 май).

Қайд этилишича, 25 ёшли суд котиби ИИБ қўриқлаш хизмати ходимига қўпол муомала қилган ва оқибатда ўзаро келишмовчилик келиб чиққан. Исми ошкор этилмаган суд ходими милиция вакилига канцелярия қайчиси билан жароҳат етказган.

Мазкур жиноятга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган. Маълум қилинишича, жиноят ишлари бўйича Мингбулоқ туман суди суд котибига тегишли жазо тайинлаган.

“Тошкентда боғча мудираси юлғичлиги учун қамалди”

Тошкент шаҳри Яшнобод тумани 149-мактабгача таълим муассасаси мудираси порахўрлик ва болалар ҳаққига хиёнат туфайли қамоққа олинди.

“Бозор ва истеъмолчи” газетаси жорий йил 10-сонида хабар беришича, мудира ходимларни ишга қабул қилиш эвазига пора талаб қилган. Масалан, тарбиячи ёрдамчисидан 200 минг сўм пора олган.

Бундан ташқари, мудира ҳар куни болаларга овқат қилиш учун ажратиладиган 20 кг гўшт, 9 кг шакар, 4 кг сарёғнинг ярмини ўзлаштирган.

Боғча мудирасига дастлаб 10 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси берилган, сўнг жазо 3 йил синов муддатига ўзгартирилган.

“Америкадан келган пулдор аёлни ўлдирган қотил икки кунда ушланди”

Тошкентда кекса аёлни ўлдириб тўнаб кетган қотил – жиззахлик Раҳматжон Ёқубов қўлга олинди (“Тошкент оқшоми”, 26 май).

Қайд этилишича, 24 ёшли Р.Ёқубов 40 ёшли Зарифа исмли аёл билан никоҳсиз эр-хотиндек яшаб келган. Зарифа Раҳматжон Ёқубовга Америкадан пулдор холаси келгани, унинг пулларига эга чиқиш лозимлиги айтган. Шундан кейин Р.Ёқубов Мамлакат Солиеванинг уйига бостириб кириб, уни ўлдирган ва 7000 доллар пулини ўмариб кетган.

Учтепа тумани прокурори ўринбосари Ўткир Даулановга кўра, ҳуқуқ тартибот ходимларини Р. Ёқубовни воқеа изидан икки кун ичида ҳибсга олган. Судланувчи 21 йилга озодликдан маҳрум этилган. Уни жиноятга ундаган никоҳсиз хотинининг тақдири маълум эмас.

“Интернетда қанотли фаришталар тасвири дея иддао қилинган видеолавҳа тарқалди”

Интернетда булут қоплаган осмонда учиб юрган қанотли мавжудотлар акс этган видео тарқалиб, юз минглаб одамларнинг эътиборини тортди (“Даракчи”, 28 май).

Мазкур видеолавҳада фаришталар акс этган дея иддао қилинган.

“Рост, кейинги пайтда илоҳий мўъжизалар дея таъриф бериладиган бундай суратлар ва видеолавҳалар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек бодраб кетди. Илоҳий калима битилган тухумлар, қовун-тарвузлар, илоҳий калималарни айтаётган шерлар, сигирлар, хўрозлар... Албатта, Яратганнинг қудрати чексиз. Буни барчамиз тан оламиз. Имон-эътиқоди бут одам учун эса бундай шубҳали лавҳаларнинг кераги йўқ” деб ёзади газета.

Таъкидланишича, муқаддас китобларда фаришталар нурдан яратилгани айтилади, аммо уларнинг қанотли одамлар кўринишида бўлиниши ҳақида маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG