Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:22

ЧСваХКСНХВМЙ ҚУНҚҚМТТЭдан эҳтиёт бўлинг!


Мустақилликни бошига ураяптими ўзбек?! Ё пишириб еяптими уни?! Қайтанга ўриснинг остида яшайвергани дуруст эмасмиди?!

Бу саволлар яқиндан бери, томоғимни тарк этмаётган зардадай, ўй-хаёлимдан кетмай қўйди.

Мустақил бўлмагандайди ўзбек, унинг шоирлари Онасининг Тилига куюниб пардали шеърлар битган бўларди.

Ақлимиз етганича ўша пардани кўтарган, шоирнинг айтганини эмас, айтмоқчи бўлганини илғаб суюнган бўлардик, мустақилликни орзулаган бўлардик.

Ахир тўйнинг ўзидан кўра тўйнинг арафаси – тўйни кутиб тамшанган ширинроқку, тўғрими?

Ўзбек мустақил бўлдию Онасининг Тили билан бировнинг иши бўлмай қўйди.

Чулчит тили бўлиб кетди мустақил ўзбекнинг тили.

Онамиз Тилининг ўзига хос хусусиятларини назарга илмай ўрисча андоза билан бичиб қўя қолинган АЁҚШларигаям, ФҲДЁларигаям тишимни тишимга қўйиб чидаб келаётгандим.

“Оперативный сотрудник”ни сунъийдан сунъий қилиб “Тезкор ходим”, деб ўгирмай, “Изқувар ходим”, деб қўя қолса, тилига тирсак чиқармиди мустақил ўзбекнинг, деб ғижинардим.

WhatsAppдан келган мана бу сурат-ёзувни кўрдиму миям яқинда замбаракдан отилган Шимолий Корея мудофаа вазирининг миясидай портлаб-сачраб кетди.

Бироз нафасимни ростлаб олгач, ҳазил суратдир бу, биронтаси ўзича ёзиб, ҳожатхонаси эшигига ёпиштиргану суратини олиб тарқатворгандир, дедим.

Ва ҳар эҳтимолга қарши текшириб кўрдим.

Йўқ, воқе экан шунақа ёзув ва ёзув ортида шунақа идора.

Ислом Каримов 2013 йилнинг 24 январида “Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳисоб-китоблар механизмини янада тартибга солиш тўғрисида” қарор қабул қилганини аниқладим.

Ўша ҳужжатга биноан Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида хорижий валюта муомаласига йўл қўймаслик устидан назорат қилиш, қисқа муддатли текширишларни ташкил этиш бўйича махсус бошқармаси тузилганини аниқладим.

Шу бошқарма бўлимининг қисқартма номи экан :

ЧС ва ХКСНХВМЙҚУНҚҚМТТЭ

Қисқартма отларни нафақат бош ҳарфлардан, балки сўзларнинг биринчи бўғинларидан ҳам тузиш мумкин. Масалан мана бундай:

ЧакСавХизКўрСоҳХорВалМуЙўлҚўйУстНазҚилҚисМудТек

ТашЭтБўйМахБош

Азиз муштарий, Сиз ҳам Онамиз Тилини янги ва янги қисқартма номлар билан бойитишга ҳисса қўшишингиз мумкин.

Бу соҳада тажриба орттириш учун қуйидаги идоралар номини қисқартиришни таклиф қиламан:

Суд департаменти Суд қарорларини ижро этиш бошқармаси солиқ, божхона ва бошқа органлар қарорларини ижро этиш бўлими.

Адлия бошқармаси Кичик ва ўрта тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш бўлими.

Маҳсулотни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш балансларини шакллантириш ва бажариш бошқармаси.

Қўқон ўлкашунослик ва тарихий обидалар қўриқхонаси.

Мустақил ўзбекнинг тилини янги ва янги қисқартма отлар билан бойитишга оид юқоридаги таклифимни эълонларини ўрисча ёзадиган “Тошшаҳартрансхизмат” раҳбарияти қабул қилмайди.

Улар учун ўзбеклар ё “уважаемый” эмас, ёки “уважаемый” бўлса-да, мамлакатнинг Давлат тилида “извинения приносить” қилиш шарт эмас.

Балки шунинг учун ҳаммаёқни ЧС ва ХКСНХВМЙҚУНҚҚМТТЭ босиб кетгандир?!

Шунинг учун айтаяпманда, Мустақилликни бошига ураяптими ўзбек, деб...

XS
SM
MD
LG