Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:51

Модел қизларни қувиб солган масжид қўриқчиси ишдан олинди


Тошкентдаги “Минор” масжиди олдида фотосессия қилмоқчи бўлган модел агентлиги қизларини қувиб солган қўриқчига танбеҳ берилиб, вазифасидан четлатилган.

“Минор” масжидининг исми сир қолишини истаган мутаваллиларидан бири Озодликка Тошкентдаги модел агентлиги ходимларининг “Минор” масжиди олдида қувиб солингани ҳақидаги хабарлар Интернетда тарқалиши ортидан масжидда махсус йиғин ўтказилгани ва ўша йиғинда 3 июнь кунги ҳодиса муҳокама этилиб, модел агентлиги ходимларини қувиб солган қоровул ишдан олинганини айтди:

–Унинг ўрнига бошқа қўриқчи қўйиладиган бўлди, - деди масжид мутаваллиси.

Тошкентдаги модел агентлиги ходимлари чоршанба куни Минор масжиди олдида реклама учун фотосессия ўтказаётганларида “Минор” масжиди қўриқчиси уларга камерасини синдириш билан таҳдид қилгани ҳақда Озодлик аввал хабар берган эди.

Ушбу хабар матбуотда эълон қилиниши ортидан “Минор” масжиди олдида суратга тушишга рухсат берилмагани ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали хабар берган фотоссессия иштирокчилари ҳам¸ Озодлик манбаларига кўра¸ қаттиқ босимга учраган.

Бу босим остида Facebook тармоғига жойлаган бу ҳақдаги хабар ва фотосуратларни олиб ташлашга мажбур бўлганлар.

Шунингдек, Facebookдаги “Потребитель.уз" саҳифаси орқали эълон қилинган хабар ҳам ғойиб бўлди.

Қизларга айнан қайси тизим ва шахсларнинг босим қилгани Озодликка аниқ мацлум эмас.

Масжид олдидан ҳайдалган модел қизлар бир кун аввал “Потребитель.уз" орқали мана бу хабарни қолдиришган эди:

"Суратга олиш мумкин эмаслиги борасидаги ҳужжатни сўраганимизда, у бизни қўрқитди; бошимизга муаммолар ёғдиришини айтди. Участка нозирини чақиришга ва машинамиз рақамини ёзиб олишга ҳаракат қилди. Камерани синдиришини айтиб, пўписа қилди", дейилади Facebookдаги “Потребитель.уз" гуруҳи орқали тарқатилган ва кейин олиб ташланган хабарда.

“Минор” масжиди олдида фотосессия қилмоқчи бўлган модел агентлиги ходимларининг қувиб солингани айни пайтда ижтимоий тармоқларда қизғин мунозара мавзусига айлпнаган.

Озодликнинг Facebook саҳифасидаги мунозара қатнашчиларининг аксари масжид қоровули фотосессия ўтказмоқчи бўлган қизларни қувиб, тўғри қилган, деган мазмунда изоҳ қолдиришган:

- Ўзи умуман аёл кишига нима бор масжидда? Очиқми, ёпиқми, аёл киши бормайдику масжидга, - деб ёзган Зафар Пўлатов исмли Facebook фойдаланувчиси.

Тармоқнинг Ихтиёр исмли фойдаланувчиси эса:

- Ҳалиям қўриқчи улар билан мулойим муносабатда бўлибди, мен уларни умуман масжиднинг ёнига келмайдиган қилиш учун бошқачароқ йўл тутган бўлар эдим, - деган изоҳни қолдирган.

Тармоқнинг Ҳамдамбек Юнусов исмли аъзоси эса:

- Масжидми ё черковми, синагога ёки оташкадами - ҳар қандай ибодатхонанинг ҳам ўзига яраша зиёрат одоблари, қолаверса ахлоқ меъёрлари бор-ку. Ўша хонимчанинг динини-ку қўятуринг, лоақал фаросатиям йўқмикан? - деб изоҳ қолдирди.

Ўзбекистондаги энг йирик бўлган “Минор” масжиди ўтган йилнинг 1 октябрь куни очилган.

Айрим норасмий манбалар¸ “Минор” масжиди қурилишини асли наманганлик миллиардер¸ Россиянинг энг бой одами бўлиб қолаëтган Алишер Усмонов молиялаганини айтмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси мулозимлари эса "Минор" масжидининг давлат маблағи эвазига қурилганини айтиб келишади.

XS
SM
MD
LG