Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:00

Туркияда парламент сайлови ўтмоқда


Туркия бош вазири Аҳмет Довутўғлу Конядаги сайлов участкасида овоз бермоқда, 2015 йил 7 июни.
Туркия бош вазири Аҳмет Довутўғлу Конядаги сайлов участкасида овоз бермоқда, 2015 йил 7 июни.

Иқтидордаги турк расмийлари томонидан “тақдирни ҳал қилувчи сайлов” ўлароқ таърифланган бугунги парламент сайлови Туркиянинг президент бошқарувидаги мамлакатга айланиш-айланмаслигида ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Туркияда бугун овоз бериш ҳуқуқига эга фуқаролар ўзлари Буюк Миллат мажлисида кўришни истаган партиялар учун эрта тонгдан овоз бера бошлаганлар. Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 17.00 да ёпилиши кутилмоқда. Сайлов рўйхатларига тақрибан 54 миллион сайловчи киритилган.

Сайлов арафасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, Туркияда амалдаги президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигидаги “Адолат ва тараққиёт партияси”ни қўллайдиган сайловчилар ҳали ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Якшанба кунги сайловда мазкур партия энг кўп овоз олишига кўпчилик шубҳа қилаётгани йўқ. Бироқ Эрдўғон партияси парламентда 60 фоиздан ортиқроқ ўринни қўлга киритиши ва ўз олдига қўйган мақсадларни тўсиқсиз амалга ошира олиши ҳозирча савол остида турибди.

Агар “Адолат ва тараққиёт партияси” буни уддалай олса, тез орада мамлакатда конституциявий ислоҳотлар ўтказилиши ва Туркия президент бошқарувидаги мамлакатга айланиши мумкин бўлади. Бунга эса Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ваколатлари кенгайишини истамайдиган мухолифатчилар йўл қўймасликка ҳаракат қилади.

“Адолат ва тараққиёт партияси”нинг азалий рақиблари бўлмиш Жумҳурият халқ партияси ва Миллиятчи ҳаракат партиясининг парламентга ўтишига аксарият шубҳа қилмаяпти. Лекин бу галги сайловда таҳлилчилар нигоҳи кўпроқ курдларнинг мухолифатдаги Халқлар демократик партиясига қадалган. Агар бу партия 10 фоизлик сайлов тўсиғидан ўтиб, парламентдан ўрин олса, Эрдўғон партияси ўз олдига қўйган мақсадларига эришиши мушкулроқ бўлиб қолади. У ҳолда “Адолат ва тараққиёт партияси” вакиллари парламентдаги ўзлари истаган 330 ўринга эга бўлолмай қолади. Конституциявий ислоҳотларни тўсиқсиз амалга ошириш учун айнан шунча мандат лозим.

Аввалроқ “Адолат ва тараққиёт партияси” ҳозирги лидери, Туркия бош вазири Аҳмет Довутўғлу 7 июндаги сайловларни “мамлакат тақдирини ҳал қиладиган сайловлар” эканига урғу берганди.

- Бу Туркия тақдирини ҳал қилувчи сайловдир. Ўша тақдирга ҳар бирингиз ўз муҳрингизни босишингиз керак. Турк давлати, турк ҳукумати сайловгача ҳам, сайлов пайтида ҳам, сайловдан кейин ҳам хавфсизликни таъминлашда, ҳар қандай босимга бардош беришда давом этаверади, - деганди Аҳмет Довутўғлу.

5 июнь куни Халқлар демократик партияси Диёрбакирда митинг ўтказаётган пайтда портлаш содир бўлди. Портлаш оқибатида 2 киши ҳаётдан кўз юмди, 200 чоғли одам тан жароҳати олди. Шундан сўнг бир неча минг одам портлаш содир бўлган жойда намойиш ўтказиб, ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт партияси”нинг жавобгарликка тортилишини талаб қилди.

Туркия президенти Эрдўғон бу бомба ҳужумларини “фитна” деб атаб, уларни сайловга соя солиш учун уюштирилганини таъкидлади.

2014 йил августида Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат тарихида биринчи марта ўтказилган бевосита сайловларда президентликка сайланганди. Туркияда мамлакат президенти унча катта ваколатларга эга эмас. Турк мухолифати Эрдўғонни конституцияни ўзгартириб, кўпроқ ваколатга эга бўлишга, ҳокимият тизгинини тамоман қўлга олишга уринаётганини иддао қилиб келмоқда.

Бу галги парламент сайловида Туркия Буюк Миллат мажлисидаги 550 ўрин учун жами 20 та сиёсий партия кураш олиб бораяпти. Сайловнинг дастлабки натижалари якшанба оқшомидаёқ маълум бўлиши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG