Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:54

Туркия: Сайловда ютқазган АТП коалиция тузиш йўлларини изламоқда


Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон парламент сайловлари пайтида
Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон парламент сайловлари пайтида

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон турк сиёсатчиларини “ўз ҳаракатларига маъсулиятли бўлиш” ва “барқарорлик ҳамда ишонч муҳитини сақлаб қолиш”га чақирди. Эрдўғон бу ҳақда ўз партияси кўзлаган маррага етолмаган якшанба кунги парламент сайловларидан сўнгги чиқишида гапирди. Ҳозирда коалиция тузиш имконлари изланмоқда.

Туркияда якшанба куни ўтказилган парламент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, Эрдўғон бошчилигидаги “Адолат ва тараққиёт партияси” парламентда мутлақ кўпчилик ўринларни қўлга киритиш имкониятини бой берган.

Берилган овозлар санаб бўлинганидан кейин Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигидаги партия сайловчиларнинг 40,8 фоиз овозини олгани маълум бўлган.

Бу ҳукмрон партияга 550 ўринли парламентдаги 258 ўринни эгаллаш имконини беради. Буюк Миллат мажлисида мутлақ кўпчилик овозга эга бўлиш учун эса камида 274 ўринни қозониш лозим эди.

Ҳукмрон партия кейинги пайтларда Эрдўғоннинг президентлик ваколатларини кенгайтиришга ва парламент орқали конституциявий қўшимчалар киритишга ҳаракат қилаётган эди.

Якшанба кунги сайловлар натижалари Эрдўғон тарафдорларининг бир партияли ҳукумат тузиш ва конституцияга тўсиқсиз ўзгартиш киритиш имкониятидан мосуво қилади.

Якшанба кунги сайловлар 2002 йилдан буён Туркияда ҳокимият тизгинини қўлда тутиб келган партиянинг мағлубияти ўлароқ баҳоланмоқда.

Эрдўғон партияси 7 июнь кунги сайловда тўла ғалаба қозонган тақдирда мамлакат конституциясига президент ваколатларини кенгайтирадиган ўзгартишлар киритишни режалаётганди.

Курдларнинг Халқлар демократик партияси кечаги сайловларда 10 фоизли сайлов тўсиғидан ўтиб, сайловчиларнинг 13,1 фоиз овозини жамғаришга муваффақ бўлди. Бу натижа мазкур партиянинг парламентда 80 та ўринга эга бўлишини таъминлайди.

Курдлар лидери Салоҳиддин Демиртош Эрдўғон партияси билан мутлақо коалиция тузилмаслигини таъкидлади.

Бугун “Адолат ва тараққиёт партияси” йиғилиш ўтказиб, парламентнинг бошқа партиялари билан коалиция тузиш масаласини муҳокама қилади.

Агар сайловдан кейинги 45 кун ичида бошқа партиялар билан коалиция тузишга эришилмаса, Туркияда парламент сайловлари янгидан ўтказилади.

XS
SM
MD
LG