Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:26

Гудбай, Ленин!


Менимча, Ўзбекистон демократия бўйича Литвадан анча олдинда.

Ҳайрон бўляпсизми?

Гапни кўпайтирмай, биргина мисол келтирақолай.

Ўтган ой литвалик Эдгарас исмли эркакни миршаблар қўлга олди.

Йигит бўлмиш қўли калтароқ, боз устига, рафиқаси ҳам оғироёқ экан.

Аммо қонун ўз номи билан қонун-да.

Айбланувчининг хотини юкли эканига қараб ўтирмайди.

Хулласи калом, Эдгараснинг иши маҳкамага оширилди.

Ҳализамон суд бўлиб қолса керак.

Литва матбуоти хабарига қараганда, айбланувчи 289 еврогача жарима тайинланиши мумкин.

Ҳа-я, унинг айби нима эканини айтиш ёддан чиқибди.

У жамоат жойда “шўро инқилоби отаси” Ленин сурати туширилган футболка кийиб юрган.

Гап шундаки, Литвада совет ва фашист рамзларини оммавий намойиш қилиш жиноят, деб малакаланади. Шундай қонун бор.

Гитлерчиларнинг свастикаси ёки шўроларнинг ўроқ-болғасини намойиш қилган кимса ҳам панжара ортидан юлдуз санайди.

Биз-чи?

Биз литваликлардек “тоқатсиз” эмасмиз.

Кенгбағирмиз.

Ленин бобо ва унинг набиралари бир замонлар хонумонимизни куйдиргани аллақачон эсимиздан чиққан.

Тошкент кўчаларида либосига шўро давлати рамзларини тушириб олган йигит-ялангни бот-бот кўрасиз.

Бирови машъум ўроқ-болға тасвири туширилган футболкада.

Бирови шапалоқдек қилиб “СССР” деб ёзилган майкада.

Бари бемалол кўча кезади.

“Ҳой, инсон, нега бу зормандани кўз-кўз қилиб юрибсан?” демайди биров.

Демократиями, демократия!

Ҳатто она сути оғзидан кетмаган боласи қўлига Георгий тасмаси боғлаган, “Cалом” десангиз, “Привет” деб жавоб берадиган қоракўзларимиз ҳақида-ку гап очмай қўяқолай...

Литва етти-саккиз йил муқаддам мустабид тузум рамзлари тарғибини ман этган.

Эҳтимол, бизга ҳам шундай қонун керакдир.

Эҳтимол, “Гуд бай, Ленин!” дейиш вақти келгандир.

Сиз нима дейсиз?

Озодлик муштарийи

XS
SM
MD
LG