Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:59

"Темир Феликс" эски КГБ қароргоҳига аста қайтмоқда


1991 йил 23 августида Феликс Дзержинский ҳайкали олиб ташланган эди.
1991 йил 23 августида Феликс Дзержинский ҳайкали олиб ташланган эди.

Ўтиб бораётган ҳафтада Москва шаҳар сайлов комиссияси Коммунистик партияга Феликс Дзержинский ҳайкалини Лубянская майдонига қайтариш масаласини референдумга қўйишга изн берди. Агар Москва шаҳар Думаси тасдиқласа, умумхалқ референдуми ўтказиш учун коммунистлар 28 кун ичида 146 минг имзо тўплаши керак бўлади.

Кўплар учун КГБ асосчиси Феликс Дзержинскийнинг улкан ҳайкали Совет давридаги қонли қатағонлар рамзи эди.

Москва марказидаги КГБ бош қароргоҳи ўнгида қад кўтарган ушбу ҳайкалнинг 1991 йил августида олиб ташланиши Совет режими таназзулининг рамзий инъикосига айланди.

Аммо Дзержинскийни оқлаш учун курашаётган коммунистлар учун большевик инқилобчиси ҳануз ҳурматли арбоблардан ҳисобланади.

Бу ҳафта улар Дзержинскийни Москва марказидаги эски жойига қайтариш бўйича ўз мақсадларига бир одим яқинлашдилар.

11 июнь куни Москва шаҳар Сайлов Комиссияси ҳайкални ўз жойига қайтариш масаласида референдум ўтказишга қарор қилди.

Аввалги комиссия бундай ён босишга бормаганди.

РИА Новости ахборот агентлигининг хабар беришича, мамлакат бўйлаб овоз беришни йўлга қўйиш масаласи энди Москва шаҳар Думаси якуний қарорига боғлиқ бўлади.

Қарор Дзержинскийни Совет Иттифоқи парчаланганидан буён илк бор Любянка майдонидаги ўз жойига бироз яқин олиб келади.

Аммо уни ортга қайтариш уринишлари илк бор кузатилаётгани йўқ.

Cовет КГБси асосчиси Феликс Дзержинский
Cовет КГБси асосчиси Феликс Дзержинский

Совет Иттифоқи парчаланганидан буён Коммунистик партия ва Москванинг собиқ ҳокими Юрий Лужков сингари коммунист бўлмаган қудратли сиёсатчилар ҳайкални ўз жойига қайта ўрнатиш талаби билан бир неча бор чиқишди.

Россияда Дзержинскийга муносабат қутблашган.

“Темир Феликс” номи билан машҳур Дзержинский большевикларнинг хуфия полицияси - ЧКга асос солганди.

ЧК 1917 йилдан кейин йиллаб давом этган “Қизил террор” номи билан машҳур қатағонлар кампаниясини амалга оширди.

ЧК номи кейинчалик Совет даврида НКВД ва КГБ, иттифоқ парчалангач, Россияда ФСБ деб ўзгартирилди.

ФСБ ҳалиям Лубянкадаги бош қароргоҳдан туриб фаолият юритади.

Аммо у ердаги Дзержинский ҳайкали жойида бугун қатағонга учраган миллионлаб инсонлар хотирасига Соловетский оролидаги лагердан келтирилган ёдгорлик тоши турибди.

​1958 йилда барпо этилган Дзержинский ҳайкали 1991 йил августида, амалга ошмаган давлат тўнтариши ортидан, намойишчилар тўдаси томонидан ағдариб ташланганди.

Ҳайкал Совет давридан қолган юзлаб ёдгорликлар қатори Москвадаги Музеон паркидан ўрин олган.

Аммо уни ўз ўрнига қайтариш ташаббусини кремлпараст телебошловчи Владимир Соловьёв сингари кўплаб арбоблар аллақачон дастаклашдан бош тортган.

“Мен вандализмга қаршиман, аммо Дзержинский ҳайкалини қайта тиклашни ҳам хато, деб ҳисоблайман. Бу амал ўта сиёсийлашган”, деб ёзади Владимир Соловьёв Twitter микроблогидаги ўз саҳифасида.

Владимир Соловьёв Дзержинский ҳайкалининг қайта ўрнатилишига қарши
Владимир Соловьёв Дзержинский ҳайкалининг қайта ўрнатилишига қарши

Шундай эса-да, сўровлар ҳайкални қайтаришни дастакловчилар борлигини кўрсатади. 2013 йил ноябрида сўровда иштирок этган россияликларнинг деярли ярми ҳайкални қайтариш тарафдори эканини билдирган. Бунга иловатан, коммунистлар ютуғи Совет даври бот-бот улуғланаётган ва диктатор Иосиф Сталин ҳукмронлик қилган энг қоронғу саҳифалар кўп ҳолларда хаспўшланаётган бир пайтда юз бермоқда.

2014 йил сентябрида президент Владимир Путин сараланган полиция бўлинмасини Совет пайтидаги каби “Дзержинский дивизияси” деб номлаш тўғрисидаги фармонга имзо чекди.

Бир муддат аввал коммунист фаоллар ФСБ қароргоҳи ташқарисига Дзержинскийнинг кичик ҳайкалини кўтариб чиқишганди.​

Том Балфорт қаламига мансуб ушбу мақола Озодлик ходимлари томонидан ўзбекчага ўгирилди.

XS
SM
MD
LG