Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:22

Жиззахда ғалла ўримининг илк куни буғдойзорга ўт кетди


Жиззах туманида "Қаҳрамон" қишлоқ фуқаролар йиғинидаги буғдойзорнинг 10 гектарга яқини бу йилги ҳосилга ўроқ солинган илк кун - 13 июнда ёниб кетди. Вилоят расмийлари ёнғин сабаби аниқланаётгани, ҳозир ҳокимият, ИИБ, ФВБ ва ЁХБ ходимлари ғалла ўримига чиқарилганини айтди. Фермерларга кўра, бу йил ҳосил чўғи жуда паст ва шу боис, ўрим устидан назорат янада кучайтирилган. Янги ҳосил олдидан 1 кило буғдой нархи 1500 сўмгача кўтарилди.

Жиззах вилоятининг Жиззах тумани ҳудудаги "Қаҳрамон" қишлоқ фуқаролар йиғинида ўримга тайёрлаб қўйилган буғдойзорга нега ўт кетгани сабаблари ҳозирча номаълум.

Вилоят Ёнғин хавфсизлиги бошқармасидан олинган маълумотга кўра, дастлабки суриштирув натижаси сешанба куни маълум бўлади. Бошқарманинг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатлашган ходимлари қанча майдондаги ғалла ёниб кетгани ҳақида маълумот бермади.

13 июнь куни эрталаб содир бўлган ёнғиндан, дея бир неча суратни Озодликка йўллаган манба 4 гектардан ошиқроқ, яна бир мустақил манба эса 10 гектарга яқин майдондаги ғаллага ўт кетганини айтмоқда.

"Бу дала Самарқанд-Жиззах-Тошкент" магистрал йўлига яқин жойлашгани учун ўша ердан ўтаётиб кўриб қолдим ва суратларни сизга жўнатдим. Ўримга тайёр ғалла ёниб ётган экан", деди манбалардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Озодлик манбаси ғаллазор эгаси бўлган фемер шу кунда Жиззах тумани ИИБга ҳисоб бераётганини айтди. Аммо, бу идорадан бу борада бирор маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Жиззах республиканинг ғаллага ихтисослашган вилоятларидан бири ва фермерлар бу йилги ҳосилнинг чўғи ўтган йилгидан анча пастлиги боис ўрим арафасида фермерлар устидан назорат кучайтирилганини айтмоқда.

"Баҳорда ғаллани совуқ урди. Суғориладиган майдонлардаги буғдой қайта ўзига келди. Лекин лалми ердаги буғдойлар аввалги кутилган ҳосилини йўқотган. Шунинг учун бу йил назорат кучайтирилган. Ҳокимият, прокуратура, ички ишлар - ҳаммаси ғалла ўрими бошланиши билан далага чиқарилди. Ўзи ўрим бошланганига 3 кун бўлади бугун", деди исмини сир сақлашни сўраган жиззахлик фермер.

Жиззах ЁХБ ва туман ҳокимлигидан ўрим устидан назоратни вилоятдаги ҳокимиятлар, Ички ишлар бошқармаси, Прокуратура, Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимларидан иборат махсус гуруҳлар назорат қилаётгани ҳақида маълумот олинди.

"Ҳозир махсус штаб тузилган, ходимларимиз ғаллага чиқарилган. Режа бажарилгунча даланинг бошида туришади", деди Жиззах туманидаги мутасадди идоралардан бирининг ўзини таништирмаган ходими Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Бу йил етилган янги ҳосил оз бўлишидан хавотир кучаётгани боис, вилоятдаги бозорларда буғдой нархи ошиб кетди. Шу кунда Жиззах туманида бир килограм буғдой 900-1000 сўмдан сотилмоқда.

"Бир ойча олдин ун, буғдой танқис бўлган пайтларда, буғдой нархи 1 минг 500 сўмга чиқиб кетди. Ҳозир буғдойга ўроқ солинганидан кейин 900 - 1000 сўмга тушиб қолди. Ўтган йили ҳам буғдой оз бўлган, лекин жуда қимматлаганда 900 сўмга чиққан, ҳосил пишгандан кейин 600 сўмга тушган эди", дейди жиззахлик фермерлардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Вилоятнинг аксар туманларидаги қишлоқ аҳли, асосан, маҳаллий буғдойни маҳаллалардаги хусусий тегирмонларда ун қилдириб истеъмол қилади:

- Буғдой ўрими пайтида ўртача 500 килодан - 1 тоннагача буғдойни қишга ғамлаймиз ва шу билан то қиш баҳор ичи тирикчилик қиламиз. Кейин буғдой пишиғига етиб оламиз. Баъзида қишлигимиз етмай қолса, ун сотиб оламиз. Бу йил, лекин, ўзимизнинг Жиззах ва Дўстликда чиқадиган унлар ҳам қимматлаб кетди, бир қопи 96 мингга чиқиб кетди. Ўтган йили буғдой кам бўлгани учун қишлик ҳам эрта тугаб қолди баъзиларда, - деди жиззахлик деҳқонлардан бири.

Жиззах вилоятида 106 минг гектардан ортиқ суғориладиган майдон, 70 минг гектарга яқин лалмикор майдонда ғалла етиштирилади.

2013 йилда вилоятда 313 минг тоннага яқин буғдой олинган. Аммо, 2014 йилда вилоятдаги лалмикор майдонларда ғалла яхши ҳосил бермади ва натижада, ўтган йили қиш ичи 400-500 сўмдан сотилган 1 килограм буғдой нархи баҳорга чиқиб 900 сўмга кўтарилди.

Бу йил эса апрель-май ойларида вилоятнинг Ғаллаорол ва Жиззах туманларида бир килограм буғдой 1 минг 600 сўмдан сотилгани ҳақида маълумотлар бор.

Айни ойларда вилоятдаги икки йирик ун заводи - "Дўстлик дон маҳсулотлари" акциядорлик жамияти ва "Жиззах дон маҳсулотлари" ҳудудий ишлаб чиқариш бирлашмасида чиқарилган 1-навли уннинг 50 килограмлик бир қопи нархи 96 минг сўмга чиқиб кетди. Республика бўйлаб аҳолига арзон нархида сотиладиган маҳаллий уннинг 50 килограмлик бир қопи учун белгиланган давлат нархи эса 52 минг 500 сўмдир.

15 июнь кунги хабарларга кўра, вилоятда чиқарилган ун сотувда ҳануз камёблигича қолмоқда. Вилоят мутасаддилари эса икки корхона маҳсулоти сотувда камайгани ва нархи қимматлагани сабабларини изоҳсиз қолдирмоқда.

XS
SM
MD
LG