Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:50

OzodMaktub: Ҳамма ўз билганича яшасин


Бизга советлар мустақиллик тақдим этганига ҳам мана чорак аср бўляпти. Лекин совет даврига хос фикрлаш бизни ҳали бери тарк этгиси йўқ. Гап Ленинни улуғлаш ёки Коммунизм қуриш ҳақида эмас.

Маълумки, Иттифоқ даврида давлат томонидан жорий этилган битта мафкура бўлган. Сиз ё шу йўлдан юрасиз ёки сиз халқ душманисиз. Орзуингизга Ленин кўрсатган йўлдан бошқаси элтиши ҳақида ўйлашингиз ҳам мумкин эмас.

Мустақил бўлдик. Демократик жамият қурамиз, дедик. Фикрлар хилма-хиллиги, сўз ва виждон эркинлиги каби янги бир нарсаларни кафолатлайдиган конституциялар қабул қилдик. Хуллас, идеалда ҳамма билган намозини ўқиб яшаш ҳуқуқига эга бўлдик. Бошқаларга халал бермасак ва қонунни бузмасак, бас. Амалда-чи?

Тўғри, давлат энди бирор мафкурани тиқиштирмай қўйди. Лекин одамларни ҳалиям ўзидан бошқача фикрлайдиган, бошқа нарсаларга ишонадиган ва ҳаттоки, бошқача кийинадиганларга нисбатан тоқатсизлик ҳисси тарк этмагандек. Диндор динсизга, динсиз эса диндорга тоқат қилолмайди. Консерватор либералга, либерал эса консерваторга…

Қизиғи, тоқатсиз жамият тоқатсизликдан жабр кўрганларни ҳам ўз домига тортган. Гомофобиядан жабр кўрганнинг ўзи ҳам гомофоб, миллатчиликдан жабрланган эса ўзи ҳам миллатчи бўлиб қолган. Худди вампир тишлаб олган одам ҳам вампирга айлангандек…

Келинглар, тинчгина, бир-биримизга халал бермай, ҳамма ўз билганича яшасин. Иштонсизлар ҳаммани иштонсиз, намозхонлар ҳаммани намозхон, ароқхўрлар ҳаммани ароқхўр қилишга уринмасин. Ҳар ҳолда, қонун биздан ана шундай яшашимизни тақозо этади.

Қонун бузганлар суд олдида, гуноҳ қилганлар Худо олдида жавобини бераверсин!

Омон бўлинг,

Тараққий Парвар

XS
SM
MD
LG