Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:32

Тошкентдаги масжидларда ифтор ўтказиш тақиқлаб қўйилди


Пойтахтнинг йирик масжидларида рўзадорлар учун бир неча кундан бери уюштирилаётган оммавий ифторликлар 23 июндан бошлаб тақиқлаб қўйилди. Бир неча намозхондан келган бу хабарни масжидлар хизматчилари тасдиқлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансурнинг Озодликка айтишича, гап оммавий ифторликларни ўтказишни тақиқлаш тўғрисида эмас, балки масжидлар тозалигини таъминлаш зарурати устида бормоқда.

Озодлик радиоси Тошкентдаги "Минор", "Кўкча", "Имом Бухорий", "Камолон" каби йирик масжидларда бир неча юз кишилик ифторликлар ўтказилаётгани тўғрисида 23 июнь куни батафсил хабар қилган, хабарга ифторлик пайтида туширилган суратлар илова қилинган эди.

Бироқ бу хабарнинг эртасигаёқ намозхонлардан Тошкент масжидларида оммавий ифторлар тақиқлаб қўйилгани тўғрисида хабарлар кела бошлади.

Бу хабарлар ортидан куни юқорида тилга олинган масжидлардан бири - "Имом Бухорий" масжиди билан Озодлик мухбири 24 июнь куни боғланди.

Ўзини “масжид хизматчиси”, деб таништирган, лекин исмини айтишни истамаган киши мана бундай деди:

- Масжидда ифторлик ўтказиш узил-кесил йўқ қилинди. Энди ҳеч қайси масжидда, ҳеч қанақа ифторлик бўлмайди.

Масжид хизматчиси оммавий ифтор уюштиришни ким тақиқлагани билмайди. “Юқоридагилар тақиқладида, ишқилиб, туман ҳокимиятими, шаҳар ҳокимиятими, ўшалардан сўранг”, деди у.

Хизматчининг айтишича, таровеҳга тақиқ йўқ.

- Таровеҳ бўлаверади. Таровеҳга тўсиқ йўқ. Тўсиқ фақат ифторликка, деди масжид хизматчиси.

Тошкентлик намозхонлардан бири Озодликнинг илтимоси билан "Минор", "Кўкча" ва "Камолон" масжидларига борди ва бу масжидларда ҳам 23 июндан бошлаб оммавий ифторликлар тўхтатилганини аниқлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур Озодлик илтимоси билан вазиятни ўрганди.

Домланинг Идора масжидлар бўлими мудиридан олгани маълумотларга таяниб айтишича, “оммавий ифтор ўтказишни ҳеч ким тақиқлагани йўқ, балки масжидлар тозалигини таъминлаш мақсадида ифтор ўтказмаслик имом-хатибларга тавсия қилинган”.

Жаноб Мансур бундай деди:

Шайх А. Мансур: Масжидларда тозаликни сақлаш учун ифторлик ўтказмаслик тавсия қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:12 0:00
Бевосита линк

Рамазон ойининг дастлабки кунларида Тошкентнинг бир қатор йирик масжидларида уюштирилган оммавий ифторлар қатор мусумон давлатларида асрлар давомида Рамазон ойининг ҳар оқшомида ўтказиладиган, лекин Ўзбекистонда шу пайтгача мисли кўрилмаган тадбир эди.

Фарғонадаги масжидлардан бирининг мутаваллиси Озодликнинг “Сизларнинг масжидда оммавий ифтор ўтказиладими?” деган саволини дабдурустдан тушунишга ҳам қийналди. Бироқ тушунганидан сўнг, саволни жавобсиз қолдириб, телефонини ўчириб қўяқолди.

Оммавий ифтор уюштирилган масжидлар қавми ва пешволарининг Рамазоннинг дастлабки кунларида ўтказилган бу тадбирлардан қувончлари чексиз бўлгани Озодликнинг 23 июнь кунги суратли хабаридан сезилган эди.

Кечаги хабарда "Минор" масжиди имоми Раҳматуллоҳ қори Ҳабибуллоҳ ўғлининг qadriyat.uz сайти эълон қилган мана бу гапи ҳам келтирилган эди:

"Ушбу ифторликлар худди Ҳарами шарифдаги ифторликларни эслатиб юборди. Мусулмонларнинг мана шундай гўзал тадбирларига кўпчилик хавас қилмоқда... Ҳозирги қисқа кечаларда ифторликка хонадонларга бормасдан, шу ерда биргалашиб ифтор қилсак-да, кейин шошилмасдан масжидга келсак қандай яхши".

Худди шундай хитоблар янграган масжидларда 23 июндан бошлаб оммавий ифтор ўтказиш тўхтатилди.

XS
SM
MD
LG