Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:16

Блог: Мўхтарам Президентга Мўхташам Таклиф


Мўхтарам Президент! Дўогўй бир пуқаро сифатида “юрт ривожи учун ярарли бўлар” дея бир таклипни Сизга йўллашга қасдландим.

“Болғачини минг ургани — босқончини бир ургани” деганларидек, анчадан бери йиғилиб ётган праблемаларни битта уринишда ҳал қиворадиган йўл топгандайман шу тобда.

Мўхтарам Президент, чорак асрки халқ бошида ўтирган мўътабаримиз сипатида одамларимизнинг пикр-зикри куну тун нима билан бандлигини ҳаммадан яхши биласиз. Бу данғиллама тўй қилиш, данғиллама иморат солиш ва шунга ўхшашлар. Қавмдошларимнинг тўрт томонини қибла қиворган бу паолиятларни бирлаштирувчи сипат “данғиллама”лигини сиздай эсли одам дарров илғаганига шубҳам йўқ. Демакки, одамларимиз ўзини бахтли ҳис қилиши учун “боплап данғиллатиш”нинг ўзи кипоя экан.

Тўнғичим чорвани ўтлатишга опчиқиб кетганида оғилда ўтказганим экспиримент шуни кўрсатдики, данғиллашда ҳеч нимарса алумин тоғоранинг олдига тушолмас экан. Тажрибам натижасидан келип чиқип, эл саодати учун жонажон юртимизнинг тўрт бурчида алумин тоғора ва таёқ ишлаб чиқишга мўлжалланган зовут қуришни таклиф қиламан. Янги зовут очиш муаммо бўлса, ўзимизда бор зовутларни тоғорасозликка ихтисослаштириш мумкин. Масалан, чалажон бўб ётган Чкалип самалўт завути, Самарқанд, Хоразм, Андижондаги бозори касот бўп турган мошина зовутларини. Бу зовутларда ишлаб чиқилган милёнлаб алумин тоғора ва таёқ ойлигидан ушлаб қолиш шарти билан ҳар бир хонадонга тарқатилади. Бу “ихтиёрий-мажбурий” тадбирдан биров норози бўлади, деб ўйламайман, чунки бу борада ўзизда тажриба мўл.

Аслида бу алумин тоғора ўз турмушини қанчалик гўзаллаштирворишини билишса, одамлар ундан атказ қилиш у ёқда турсин, тилла баҳосига сотволган бўларди. Чунки бунақа тоғораси бор оила бир умр бели майишиб, уйгаю тўйга пул йиғиб ўтирмайди.

Мисол учун, никоҳ куни тўйхонада тўй эгалари алмашиб-алмашиб, карнайнинг ғат-ғатига ҳамоҳанг қилиб тоғорани данғиллатиб қўйишса, олам гулистон. Шу билан бу хонадон данғиллама тўй қилган бўлади. Қариндош-уруғ олдида ҳам юз ёруғ, қўни-қўшни олдида ҳам қад букик эмас.

Ёки бўлмаса, энди одамларимиз чиранип, 2-3 қаватли уй қуриши шарт эмас. Пахсадан бир қаватли “экалагически чистий” уй қурип, ҳовли тўйига келган биродарлари олдида тоғорасини данғиллатип қўйса кифоя – уй “данғиллама” бўп қоловради.

Бу усул шаҳарсозликда қанақа нап беришини айтсам, адо бўлмайди. Айтайлик, намунавий уйлар топширилаётганда тоғора данғиллатип турилса, пойтахтда байрамлар олдидан кўприклар ёки катта саройлар очилаётганда тоғора данғиллатип турилса, тасаввур қиляпсизми қанча милярд доллар тежашимиз мумкин?

Тежалган пулларга четдан тоғора хомашёси - алумин сотволишимиз мумкин. Бунинг устига, мактапда ўқувчилар учун баклашка, қоғоз, темир ва тезак солиғини бекор қилиб, алумин солиғини солиш мумкин. Шунча нарсани топган зумраша алумин тополмайдими?

Нафсиламрини айтганда, тоғора данғиллатиш билан жамиятимиздаги пачти ҳамма праблемани ҳал қивориш мумкин. Хатим яна чўзилмаслиги учун уларга қисқача тўхталаман:

а) Коллежлардаги кераксиз мутахассисликлар сонини шартта қисқартирип, ўрнига тешик тоғора созловчи чилангарлар тайёрлашга зўр бериш керак. Тоғоралар ҳар куни данғиллаб турганидан кейин улар тешилади, шундан кейин уларни ямайдиган ўрта маълумотли чилангарлар, олий маълумотли тоғорасоз муҳандисларга эҳтиёжимиз ортади;

б) чилангарлар етишип чиқиши билан 1000000 иш ўрни яратиш праблемасини камида ярми ҳал бўлади;

в) чет элда турволиб, юртимизни кўролмаётган мухолипатчилар ва бошқа қора кучлар, ичкарида турволиб, жамиятимизни нуратаётган правазашитникларни болалар меҳнатию инсон ҳуқуқлари топталаётганига ўхшаш айюҳаннослари эшитилмай қолади данғиллама тоғора сасидан;

г) алумин йиғишу чопиқ-ягана-теримдан бўшаган пайтда электри йўқ мактапга борган зумрашаларга дарс орасида танаффусни билдириш учун тоғора данғиллатиш;

д) азон овоз кучайтиргич билан айтилмаётганидан норози бўлган ақидапарастлар унини ўчириш учун тоғора данғиллатиш. Масалан, 4 ракаатли Бомдод намозида тоғора 4 марта, 10 ракаатли пешин намозида 10 марта данғиллатилади ва ҳ.

е) “Огоҳликка даъват” сингари шиорларга эҳтиёж қолмайди. Милёнлаб тоғора суткасига 24 соат данғиллап турганидан кейин огоҳ бўлмаган ким қоларди?

ж) “Тинчлик – энг буюк неъмат” сингари писандаларга ўрин қолмайди. Милёнлаб тоғора суткасига 24 соат данғиллап турганидан кейин тинчликни истамайдиган ким қолади?

з) Тоғора данғиллашидан безор бўлган бир гуруҳ боши бузуқ ақидапарастлар ҳаловат излаб Суриями, Ироқми ё Авғонга равона бўлиши мумкин. Шу йўсинда улардан қутулиб кетамиз. Ахир биз учун уларни четга кетгани муаммомас, қайтиб келиши муаммо-ку, тўғрими? Энди ўзингиз ўйланг, милёнлаб тоғора данғиллап турган жойга қайси ақидапараст қайтади? Ахир улар запт қимоқчи бўлган қулоқларнинг ҳаммасини данғиллаш банд қилиб бўлган бўлса...

Бу рўйхатни давом эттировурсам, алифбо ҳарфлари етмай қолади. Лекин гарантия бераманки, истаган муаммони кўрсатинг, уни бир данғиллатиш билан ҳал қивориш мумкинлигини исботламасам, Шаддод отимни Войдод қўйвораман.

Ҳамма праблемалар ҳал бўлгандан кейин, мўхтарам Президент, эски шиоримизни “Ўзбекистон - келажаги данғиллаган давлат”га ўзгартириб қўйиш мумкин.

“Бу гаплар менинг калламдан чиқди” десам, биров ишонмаслиги мумкин. Шунинг учун мамлакатимиздаги барча янгиликларни ягона кашшопи сипатида бунгаям ўзингиз муаллип бўп қўя қолинг. Агар бу экспиримент зўр натижа берип, одамларимиз янаям бахтиёр, ўлкамиз янаям фаровон бўп кетса, бирор камтарин унвон берворсангиз, йўқ демайман. Мисол учун, “Ўзбекистонни данғиллатган кашпиётчи” каби.

Умид ва эҳтиром билан,

Напақадаги ратсанализатор кашпиётчи Шаддодбек Ҳаддодов

XS
SM
MD
LG