Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:45

Ўзбекистонлик Руслан Чагаев навбатдаги рақибини илк раунддаёқ нокаутга учратди


Руслан Чагаев матбуот анжуманида
Руслан Чагаев матбуот анжуманида

Ўта оғир вазнли боксчилар орасида WBA таснифи бўйича жаҳон чемпиони Руслан Чагаев германиялик Франческо Пьянеттани илк раунднинг ўзидаёқ нокаутга учратиб чемпионлик камарини ўзида сақлаб қолди.

11 июль куни Германиянинг Магдебург шаҳрида бўлиб ўтган жангда ўзбекистонлик Руслан Чагаев рақиби устидан ғалаба қилиш учун бор-йўғи 2 минут 58 секунд сарфлади холос.

Чагаев Пьянеттани биринчи раунднинг илк дақиқасида икки марта чап қўлда берган зарбаси билан ерга қулатди.

Аммо асли италиялик герман боксчиси ўзини дарров ўнглаб олгандек кўринди ва рефери Жан-Луис Легланд саккизгача санагунга қадар оёққа туришга муваффақ бўлди.

Чагаев босимини давом эттириб, биринчи раунднинг сўнгги сонияларида рақиби бошига яна икки марта чап қўли билан зарба берди ва ерга қулатди.

Пьянетта ўзини ўнглай олмаслигини сезган рефери жангни тўхтатишга мажбур бўлди.

"Жуда хафаман. Эътиборсизлик қилдим. ... Чагаевни табриклайман," деди Пьянета жангдан кейин.

30 ёшли Франческо Пьянетта WBA рейтингидаги ўта оғир вазндаги спортчилар орасида 12-ўринда туради.

У карьераси давомида Чагаевга билан рингга тушгунга қадар фақат бир марта - 2013 йилнинг майида украиналик Владимир Кличкога мағлуб бўлган эди.

Руслан Чагаев Пьянеттани мағлуб этган иккинчи боксчига айланди.

Шундай қилиб, 36 ёшли боксчида ғалабалар сони 34тага етди.

Руслан Чагаев рақибларининг 21тасини нокаутга учратган ва бир жангни дуранг билан тугатган.

У икки марта мағлубиятга учраган: 2009 йилда уркаиналик Владимир Кличкодан техник нокаутга учраган бўлса, 2011 йилда россиялик Александр Поветкинга очколар бўйича мағлуб бўлганди.

Андижон бокс мактаби тарбияланувчиси Руслан Чагаев WBA чемпионлик камарини ўтган йили Грозний шаҳрида киритган эди.

Чагаев тўрт ойдан кейин чемпионлик камарини Фрес Окуендога қарши ҳимоя қилиши шарт.

Агар Окуендони мағлуб этса, ундан кейин Лукас Браунга қарши рингга чиқиши керак бўлади.

Бокс шарҳловчиларига кўра, маҳорати бўйича Пьянетта даражасидаги Окуендони Чагаев қийинчиликсиз енгиши мумкин, аммо Браунга қарши жанг осон бўлмайди.

XS
SM
MD
LG