Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:09

Блог: Фақат Ўзбекистонда ёки тараққиётнинг ўзбекона модели ҳақида


Рамазон байрами бу йил ҳам Ўзбекистонда бир кун кеч қутланди
Рамазон байрами бу йил ҳам Ўзбекистонда бир кун кеч қутланди

Ўзбекистонда беқиёс давлатчилик шаклланган.

Президент Каримов таъбирида айтганда: "Тараққиётнинг ўзбекона модели".

Бу моделнинг икки хусусияти бор.

Биринчиси, режа қандай тузилмасин, натижа доимо бир хил: БАЖАРИЛАДИ.

Ўзбекистон Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги матбуот хизмати ўтган йил охирида 987,500 иш ўринлари яратилиши ҳақидаги вазирлик режасини эълон қилди.

Вазирлик камида ўн йилдан буён йилига тахминан бир миллион иш ўрни яратиб келади.

Ўзбекистон Сенати эса уни дарҳол тасдиқлайди.

Сўнгги режага мувофиқ, иш ўринларининг салмоқли қисми қишлоқ жойларида яратилиши зарур эди.

Ҳали йил ўртасида турибди, аммо режанинг бажарилишига ҳеч ким шубҳа қилмайди.

Зеро, ярим таноб ери бўлган деҳқон, иккита қўйи ва битта эчкиси бўлган чўпон, бир туп анори, икки туп олмаси ва бир туп ўриги бўлган боғбон қилиб рўйхатга олинган.

Россияю Қозоғистонга кетганлар ҳисобмас, албатта.

Охирги ўн йил ичида Ўзбекистон аҳолисининг тахминан учдан бирига ана шундай янги иш ўринлари “яратилди.”

Тараққиёт моделининг иккинчи хусусияти, унинг ФАҚАТ ва ФАҚАТ Ўзбекистонга хослиги.

Фақат Ўзбекистонда ҳарбий хизматга бориш учун ва ундан қолиш учун пора беришади.

Фақат Ўзбекистонда четга чиқиш учун виза олиш керак.

Фақат Ўзбекистонда ўқитувчилар касбий байрамларини пахтазорда қутлашади.

Фақат ва фақат Ўзбекистонда "Дамас" ва "Матис"га атаб қўшиқ басталашган.

Фақат Ўзбекистонда телевидение яқин-яқингача "тамакининг зўрини ўзбекона дейдилар", дея сигарет рекламасини қиларди.

Фақат Ўзбекистонда янги қурилган стадион бузилиб, ўрнига янгироғи қурилади.

Фақат Ўзбекистонда рўзанинг қачон тугаши ой чиқишига қараб эмас, кимнингдир хоҳиш-иродасига кўра белгиланади.

Бу йил ҳам шундай бўлди.

Бутун мусулмон дунёси Ийд ал Фитрни жума куни қутлаган бўлса, Ўзбекистонда байрамни шанбага кўчиришди.

Ўзбекистон президентининг 14 июль куни ҳайит байрамини нишонлаш тўғрисидаги фармонида Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси тавсияси билан ҳайит куни 18 июль деб белгиланиши қайд этилганди.

Афтидан, диний идора янги ойнинг чиқишини тўрт кун олдин билган.

Фақат бу гал бир истисно билан.

Қўшни Туркманистонда ҳам фитр байрами ҳафта охирига тўғри келди.

Балки Ўзбекистоннинг ўзига хос ва мос йўлига ҳавас қилаётганлар пайдо бўлгандир.

Шояд, Ўзбекистон ва Туркманистонда ой бир кун кеч туққан бўлса...

XS
SM
MD
LG