Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:28

Эрон ядровий дастури бўҳронида Парчин иншооти нима учун муҳим?


Эрон ядровий синовларини амалга оширгани айтиладиган ҳудуд яқинида автомобиллар ва контейнер шаклидаги жисмлар юргани тасвирланган, сунъий йўлдош ёрдамида олинган фотосуратлар пайдо бўлиши ортидан Парчин ҳарбий иншооти Эрон ядровий дастури бўҳронида яна диққат марказига тушди.

Тижорат ширкатига тегишли сунъий йўлдош олган суратлар 7 июнь куни АҚШда жойлашган илмий марказ томонидан оммага эълон қилинди. Марказга кўра, эълон қилинган суратлар Эрон йил охирида халқаро ядровий мутахассислар ташрифи олдидан ядровий синовлар ўтказилган ерларни тозалашга уринаётганидан дарак бериши мумкин.

Теҳрон ҳудуддаги автомобиллар шунчаки йўл қурилиши ишлари билан машғул бўлганини билдирди. Аммо, бу изоҳнинг туғилган хавотирларга барҳам бериши эҳтимолдан холи. 2011 йилда БМТнинг Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) ўн йил аввал Эрон Теҳрон яқинидаги ҳарбий иншоотда тажриба ўтказганини билдирган эди.

Агентлик Эрон 2000 йилда Парчин яқинида ядровий реакциялар моделлари ишлаб чиқишда қўлланиладиган 70 килограмгача вазндаги ўта портловчи моддалар детонациясига бардош берувчи контейнер қурган, деб ишонади.

Назоратчилар мазкур иншоотни текширишга ошиқишига қарамасдан, Теҳрон уларга рухсат бермади. Эрон Парчин иншоотида фақатгина оддий қуроллар текширилишини ҳамда Парчин ҳарбий иншоот бўлгани учун миллий хавфсизлик нуқтаи назаридан у ерга биров киритилмаслигини билдирди.

Теҳроннинг қайта-қайта рад жавобини бериши ХАЭАнинг Эрон бир нимани яшираётгани ҳақидаги шубҳаларини оширди. 2012 йилда сунъий йўлдош ёрдамида олинган суратлар бу шубҳаларни янада кучайтирди.

Агентлик суратлар Парчин яқинида “кенг қамровли ишлар” олиб борилганини кўрсатишини билдирди. Хусусан, агентлик суратларда икки иморатнинг яксон қилингани ҳамда катта миқдордаги тупроқнинг олиб кетилгани ва алмаштирилгани тасвирланганига урғу берди.

ХАЭАнинг генерал директори Юкия Амано ўша пайтда Эроннинг ҳаракатлари “самарали назорат қилишимизни анча қийинлаштириши мумкин. Шундай бўлса-да, агентлик назоратчилари иншоотга кириш ҳуқуқига эга бўлишлари ўта муҳимдир”, деган эди.

Ўтган ҳафтада юзага чиққан суратлар Эрон Парчинда ядровий тажрибалар изини бутунлай йўқ қила олиш-олмаслиги ҳақидаги тортишувларни оловлатиши аниқ. Аммо аксар мутахассисларнинг айтишича, иншоотни бу даражада тозалашнинг иложи йўқ, сабаби бойитилган ураннинг барча изларини йўқ қилиш осон эмас.

Парчинда ўн йил аввал нималар бўлганини аниқлаш ядровий бўҳронни тугатиш учун ўта муҳим аҳамият касб этади, чунки ўтган ойда Венада эришилган келишувда санкциялар бекор қилиниши учун Эрон ўз ядровий дастурининг ҳам ўтмишдаги, ҳам ҳозирги ҳарбий жиҳатлари ҳақидаги барча ХАЭА хавотирларига барҳам бериши кераклиги белгиланган.

XS
SM
MD
LG