Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:20

Озарбайжонда эр-хотин ҳуқуқ ҳимоячилари биргаликда 15 йилга қамалди


Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лайло Юнус/
Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лайло Юнус/

Бокуда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лайло Юнус 8 йилга, унинг турмуш ўртоғи Ориф Юнус эса, 7 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Давлат айбловчиси Лайло Юнусни иқтисодий жиноятлар, жумладан товламачиликда, солиқ тўлашдан бош тортганликда ҳамда ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланганликда айблаб, суддан уни 11 йилга, турмуш ўртоғи Ориф Юнусни товламачиликда айблаб 9 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Озодлик радиоси Озарбайжон хизматининг хабар қилишича, Ориф Юнус судга қарата «Жаллодларни кўнглига келган ишни қилаверишга чақираман”, хитоб қилди ва сўнг йиқилиб тушди.

Суднинг 27 июль куни бошланган биринчи мажлисидаёқ Ориф Юнуснинг аҳволи оғир эди, унга тиббий ёрдам кўрсатилган, жумладан инъекция қилинган эди.

Ўша мажлисга фақатгина ҳукуматни ёқлайдиган АПА хабар агентлиги ва virtualaz.org нашри журналистлари киритилган, бошқа журналистлар ҳамда хориж дипломатик ваколатхоналар вакиллари суд залидан чиқариб юборилганди.

59 ёшли Лейла Юнус ва унинг 60 ёшли турмуш ўртоғи Ориф Юнус Озарбайжон ҳукуматини танқид қилгани учун қамоққа ташланган фаоллар ва журналистлар орасидадир. Ҳуқуқ фаоллари президент Илҳом Алиевни ўзгача фикрловчилар овозини ўчиришга ҳаракат қилаётганликда айблаб келади.

Лейла Юнус Бокуда Тинчлик ва демократия институти ташкилоти асосчиси ва раҳбаридир. У ўз фаолияти учун халқаро мукофотларга сазовор бўлган. Юнус йиллардан бери арманистонлик ҳуқуқ фаоллари билан миллатлараро тотувлик масаласидаги лойиҳаларни амалга ошириб келган.

Ориф Юнус таниқли тарихчи бўлиб, Кавказ минтақасидаги можароларни тадқиқ қилиш билан шуғулланган. Унинг илмий изланишлари асосан Тоғли Қорабоғдаги можарони ўрганишга қаратилган.

XS
SM
MD
LG