Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:57

Қирғиз имомлари Интернетдан фойдаланиш бўйича сабоқ олмоқда


Қирғизистондаги “Иймон” диний маданиятни ривожлантириш жамғармаси дин хизматчиларига Интернет технологияларидан фойдаланишни ўргата бошлади. Жамғарма масъулларига кўра, Қирғизистондаги дин хизматчилари учун бундай малака Интернет орқали террорчилик ва экстремизм руҳидаги ташвиқотлар кенг тарқалаётгани бир пайтда ўта муҳимдир.

Қирғизистоннинг Иссиқота тумани Сарижўн қишлоқ масжиди имоми Қубат Мусуров авваллари ижтимоий тармоқларга қизиқмаган. Гоҳ-гоҳида телевизор кўришини ҳисобга олмаса, у дунё ва Қирғизистонда бўлаётган воқеалар тўғрисида асосан яқинлари ва таниш-билишлари билан бўлган суҳбатлар орқали хабардор бўлиб борган. Мусуров ижтимоий тармоқлар билан яқинроқ танишгач, доим ёнида олиб юрадиган қўл телефони нақадар фойдали матоҳ эканини тушуниб етган.

- Бу жуда зарур нарса экан. Менинг телевизор кўргани ҳам вақтим йўқ. Ҳозир телефон орқали ҳам кўп маълумотларни олиш мумкин экан. Facebook, WhatsАpp орқали бир-биримиз билан яқин алоқада бўлишимиз мумкин экан. Биз бундан кейин ўзимиз билан ўзимиз бўлмай, халқ билан алоқада бўлиб, мамлакатимиздаги янгиликларни ҳам билиб турамиз. Аввал кўп нарсаларга эътибор бермабмиз, - дейди Қубат Мусуров.

Имомларга Интернет технологиялари бўйича дарс бераётган Назарбек Нишановга кўра, кўп имомлар ёшига тўғри келмаслигини рўкач қилиб, ижтимоий тармоқлардан фойдаланмайди. Шу сабабли семинарларда янги технологиялар, одам, шу жумладан, дин хизматчиси неча ёшда бўлмасин, барча учун баробар зарур экани уқтирилмоқда.

Нишанов фикрича, имомлар Интернетни яхши билмагани туфайли террорчилик ва экстремизм билан курашда айрим сайтларнинг салбий таъсирини жамоатчиликка етказа олмаяпти.

- Биз қайси сайтларга кириш мумкинлигини тушунтираяпмиз. Имомларнинг ўзлари янги материаллар яратишини кутаяпмиз. Масалан, Фейсбукда нотўғри шарҳлар берилаётган бўлса, имомлар ўз билими билан ўртоқлашиб, фикр қолдирсин, деб ўргатаяпмиз, - дейди Назарбек Нишанов.

Мутахассисларга кўра, Қирғизистон интернет фазосида ўнлаб экстремистик сайтларга дуч келиш мумкин. Уларда жиҳодга даъват, ҳукуматга бўйсунмаслик, халифалик қуришга чақириқ ҳамда портловчи моддалар ясашга оид материаллар ўз аксини топган. Шу билан бирга, сўнгги пайтларда вебсайтлардан ташқари ижтимоий тармоқларда ҳам радикалларнинг фуқароларга тузоқ қўйиш ҳолатлар кўпайгани айтилмоқда.

Қирғизистондаги “Иймон” диний маданиятни ривожлантириш жамғармаси раисиНуржигит Қадирбековга кўра, имомлар дин борасида ягона позицияда бўлмаса, аҳвол ўта мураккаблашиб кетиши мумкин.

Жамғарма ташаббуси билан бу каби семинарлар илк бор Чуй вилоятидаги имомлар учун ўтказилди. Қадирбековнинг айтишича, ҳозирда Қирғизистондаги барча диндорларни ўқитиб, уларга замонавий технологияларни ўргатиш режаланмоқда.

​- Имомларнинг билим-малакаларини ошириш экстремизмга қарши курашнинг энг яхши усули экан. Жаҳон бўйлаб куч қўлланишдан ҳам фойда бўлмаётганини кўриб турибмиз. Мафкурага мафкура билан жавоб қайтариш керак. Шунинг учун имомларнинг малакасини ошириш жуда муҳим. Фақат диний эмас, дунёвий фанларни ўқитишга ўтаётганимизга ҳам шу сабаб бўлаяпти, - дейди Нуржигит Қадирбеков.

Маълумотларга кўра, Қирғизистонда 2500 имом фаолият кўрсатади. Қадирбековга кўра, икки ҳафталик ўқув машғулотлари бутун мамлакат бўйлаб ўтказилиб, уларда дин хизматчиларига замонавий технологиялардан фойдаланишдан ташқари, нутқ маданияти, вақтдан тўғри фойдаланиш, фавқулодда ҳолатларда ўзини тутиш бўйича дарслар ўтилади.

Шу каби семинар 17 августдан бошлаб Ўш вилоятидаги имомлар учун ҳам ўтказилиши режаланган.

XS
SM
MD
LG