Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:07

ДТМ: Тест синови натижалари 20 августда эълон қилинади


Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун топширилган тест синовлари натижалари кечикиши абитуриентлар орасида турли миш-мишларни тарқалишига сабаб бўлган.
Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун топширилган тест синовлари натижалари кечикиши абитуриентлар орасида турли миш-мишларни тарқалишига сабаб бўлган.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш имтиҳони натижалари 20 августда эълон қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат тест маркази масъуллари Озодликка маълум қилди. ДТМ расмийларига кўра, 1 август куни бўлиб ўтган тест синови натижалари бекор қилингани ва тест синовлари шу ой охирида қайта ўтказилиши ҳақида Интернетда тарқалган хабарлар бўхтондир.

Ўзбекистонда олий ўқув юртларига кириш учун топширилган тест синовлари натижалари ҳар йили август ойи ўрталарида эълон қилиниб келинган.

Бу йил ҳам абитуриентлар тест натижаларини 16 августда кутишаётган эди.

Лекин, тест натижаларидан дарак йўқ.

Тест жавобларининг нима сабабдан кечикаётганига ДТМ расмийлари изоҳ беришмади.

- 20 августда эълон қиламиз, - деди Давлат тест марказининг Озодлик боғланган расмийси.

Миш-мишларга ишонманг!

Бу йил олий ўқув юртларига кириш учун топширилган тест синовлари натижалари кечикиши абитуриентлар орасида турли миш-мишларни тарқалишига сабаб бўлди.

1 август куни бўлиб ўтган тест синови натижалари бекор қилингани ҳақида ёзилган эълон расми сўнгги бир кун ичида ижтимоий тармоқларда яшин тезлигида тарқалди.

ДТМ сайтидан олинган деб айтилаётган “скриншот”да 1 сентябрь куни қайта тест синовлари ўтказилиши айтилади. Имтиҳон натижаларининг бекор қилинишига “баъзи бир техник носозликлар” сабаб бўлгани келтирилган.

ДТМ расмийлари абитуриентларга бу каби бўхтон хабарларга ишонмасликни тавсия қилишмоқда.

- Бу қип-қизил ёлғон. Интернетдаги айрим ижодкорларнинг ёлғон хабарларига ишонмасдан, тест натижаларини кутишни тавсия қиламиз, - деди ДТМ расмийси.

ДТМ расмий сайти ишдан чиққан

Тест натижаларидан дарак чиқмагач сўнгги бир кун ичида ҳаддан зиёд одам Ўзбекистон Давлат тест маркази сайтига киришга уринган.

ДТМ расмиийларига кўра, 17 август куни ярим миллион одам марказ сайтига ёприлиши сабаб марказ сайти ишдан чиққан.

Душанба кунидан буён dtm.uz сайтига кириш имконсиз бўлиб қолмоқда.

-Жуда кўп одам сайтга киришга урингани оқибатида сайт ишламаяпти, - деди исми сир қолишини истаган ДТМ расмийси.

Аввалроқ, ДТМ расмийлари тест натижалари 16 август, якшанба куни чиқиши ҳақида маълумот берган эди.

Натижа чиқмагач ўзбек интернет фойдаланувчилари орасидаги таниқли блоггер Хушнуд Худойбердиев норасмий манбаларга таянган ҳолда натижаларнинг 18 августда чиқиш эҳтимоли юқори экани ҳақида ёзди.

Энди абитуриентлар 20 августни кутишларига тўғри келяпти.

Абитуриентлар ўз натижаларини СМС-хизмат орқали 5151 рақамига жавоб варақаси рақамини ёзиб, қанча балл тўпланганлиги хақидаги жавобни олишлари мумкин.

Бу йил 600 мингдан зиёд абитуриент 57 мингдан кўпроқ талабалик ўрни учун даъвогарлик қилмоқда.

XS
SM
MD
LG