Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:42

Қозоғистонда миллий валюта қадри кескин тушиб кетди


Олмаотадаги саррофлик дўконларидан бирининг электрон таблоси, 2015 йил 20 августи.
Олмаотадаги саррофлик дўконларидан бирининг электрон таблоси, 2015 йил 20 августи.

Расмий Остона янги пул-кредит сиёсатини амалга ошира бошлашини эълон қилиши билан Қозоғистонда миллий валюта – танганинг АҚШ долларига нисбатан курси пастга шўнғиди.

Қозоғистон эркин тебранувчи курсга ўтиши ҳақида мамлакат бош вазири Карим Масимов 20 август куни Остонада бўлиб ўтган ҳукумат селектор мажлисида эълон қилди.

- Қозоғистон Миллий банки ва ҳукумати 2015 йил 20 августидан инфляцияга қараб иш кўришга асосланган янги пул-кредит сиёсатини амалга ошира бошлаш, валюта коридорини бекор қилиш ва эркин тебранувчи курсга ўтиш ҳақида қарор қабул қилди. Пул алмаштириш курсининг ўзгариши сусайиш томонга ҳам кетиши мумкин, кучайиш томонга ҳам. Буни жаҳон иқтисодиётидаги ва ички валюта бозоридаги вазият белгилаб беради, - деди Карим Масимов.

Қозоғистон бош вазири Миллий банк танганинг бозор курси бичилишига аралашмаслиги, бироқ мамлакат молиявий тизими учун беқарорлик хавфи туғилгудек бўлса, “валюта интервенцияларини амалга ошириш орқали ички валюта бозорида иштирок этиш имкониятини ўзида сақлаб қолиши”ни билдирди.

Бу хабар ортидан Қозоғистон фонд биржаси эрталабки сессиясида 1 АҚШ доллари нархи 255,26 тенгега чиқиб кетди. Бу эса кечаги кўрсаткичдан 66,88 тенгега юқоридир. Маълумотларга кўра, биржанинг эрталабки сессияси шу нархда 115 миллион доллар сотилган.

Чоршанба куни Қозоғистондаги қатор тижорат банклари ва саррофлик пунктларида АҚШ доллари курси 189 тангадан 198 тангага чиқиб кетганди.

Кеча эрталаб Қозоғистон фонд биржасида 1 АҚШ долларининг ўртача курси 188,38 тенгега тенг бўлган бўлса, кечга бориб бу кўрсаткич 197,05 тенгени ташкил қилди.

Шу тариқа Қозоғистон миллий валютаси бир кунда тақрибан 30 фоизга “арзонлади”.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 15 июлида Қозоғистон Миллий банки доллар курси учун янги коридор (170 тангадан 198 тангагача) белгилаган.

2014 йил февралида Миллий банк АҚШ долларига нисбатан айирбошлаш курсини 150 танга миқдорида ушлаб туришдан бош тортган пайтида ҳам Қозоғистон пул бозорида саросима кайфияти кузатилганди. Ўшанда саррофлик дўконларида 1 АҚШ доллари 215 тангагача чиққан. Ўша пайтда Миллий банк валюта коридорини 182-188 танга қилиб белгилаганидан кейин саросима тинганди.

Бугун Қозоғистон Миллий банки томонидан эълон қилинган АҚШ доллари расмий курси 188,38 тангани ташкил қилади. Эрталаб тижорат банклари долларни 198 тангадан сотаётганди, бироқ тушга бориб доллар нархи 258 долларга чиқиб кетди.

Тажрибадан маълумки, Қозоғистон ва Россияда миллий валюта қадрининг тушиши Ўзбекистонга ҳам билвосита таъсир кўрсатади. Қозоғистонда ишлаётган меҳнат муҳожирларидан бири аввалроқ Озодлик билан суҳбатда танга курсининг АҚШ долларига нисбатан пасайиши Қозоғистондаги ўзбек муҳожирлар учун зарарли эканини, боиси бу муҳожирлар оиласига жўнатаётган пулнинг озайишига сабаб бўлишини айтганди.

XS
SM
MD
LG