Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 13:47

Қундузда ИДнинг Хуросон қаноти қўмондони ўлдирилди


Афғонистоннинг Тожикистон жануби билан чегарадош Қундуз вилоятида ўзини "Исломий давлат" гуруҳининг Хуросон қаноти раҳбари дея тақдим этган Ғулом Ҳазрат ва унинг ёрдамчилари ўлдирилган. "Исломий Давлат"га қўшилган "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" қўмондони Ғулом Ҳазрат ва унинг уч нафар ёрдамчисининг ўлдирилиши Афғонистон шимолида фаоллашган мазкур экстремист гуруҳига берилган йирик зарба сифатида кўрилмоқда.​

Афғонистон Миллий хавфсизлик бошқармаси расмийларига кўра, Ғулом Ҳазрат ва унинг шериклари 24 август куни Қундузнинг Чор Дара туманида афғон кучлари амалга оширган ҳаво зарбалари натижасида ҳалок бўлган.

Сўнгги ойларда Ғулом Ҳазрат Афғонистон шимолида ҳукумат хавфсизлик кучларига қарши курашаётган жангари гуруҳларга бошчилик қилаётганди.

Афғонистон шимолидаги вазиятнинг жиддий тус олаётгани қўшни мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонда ҳам хавотирларни уйғотган.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати мулозими Афғонистоннинг мамлакат сарҳадларига яқин минтақалари, жумладан Қундуз ва Тахор вилоятларида жангарилар тўпланаётгани билан боғлиқ вазият кузатилаётганини таъкидлаган эди.

- Ғулом Ҳазрат билан бирга унинг бир қанча ёрдамчиси ўлдирлгани ҳақида хабарларга эгамиз. Бу сўнгги ойларда Афғонистон шимолида фаоллашган ифротий гуруҳларига берилган улкан зарба бўлди, - дейди Озодлик радиосининг афғон ҳизмати таҳлилчиси Ҳабиб Қодир.

Афғонистоннинг Қундуз вилояти Тожикистоннинг Хатлон вилоятига чегарадош ва Ўзбекистоннинг Сурхандарё вилояти яқинида жойлашган.

Қундузда Толибон билан бир қаторда "Исломий Давлат"га байъат қилган "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" жангарилари ҳам сўнгги йилларда анча фаоллашди.

Кузатувчиларга кўра, Афғонистон шимолида ҳукумат кучларига қарши жанг олиб бораётган жангариларнинг аксари Марказий Осиё ва Кавказ минтақаларидандир.

Афғонистондаги "Ўзбекистон Исломий Ҳаракати" аввалороқ Сурия ва Ироқда йирик ҳудудларни ишғол қилган "Исломий Давлат" гуруҳи раҳбари Абу Бакр Бағдодийга байъат қилган эди.

XS
SM
MD
LG